31 ҳоким мактаб “ремонт”идан пулни қизғангани аниқланди

Жамият

image

Ўзбекистонда 31 та туман ва шаҳар ҳокими жорий йилда мактаб “ремонт”и учун пул ажратмаган. Республикаси миқёсида мактаб таъмири учун ажратилган маҳаллий бюджет маблағлари эса 135 миллиардни ташкил этмоқда. Бу ҳақда мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 август куни мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз очди.

Президентнинг қайд этишича, ўтган олти ярим йилда 320 минг хонадонли янги уй-жой барпо этилгани билан уларга мос қувватдаги мактаблар қурилмаган. Янги қурилган массив ва маҳаллаларда ҳозирнинг ўзида 350 минг янги ўқувчи ўринларига талаб бор.

Шунингдек, сўнгги йилларда 70 минг ўринли 350 та хусусий мактаб ташкил этилди (2018 йилгача жами 30 та бўлган).

“Тошкент шаҳри ва Фарғонада хусусий мактаблар салмоғи қолган ҳудудлардан анча юқори. Лекин Навоийда атиги 3 та, Сурхондарёда 4 та, Сирдарёда 7 та хусусий мактаб бор. Ёки, қўшимча 150 минг ўқув ўрнига эҳтиёжи бўлган Самарқандда бор-йўғи 6 минг 300 ўринли 35 та хусусий мактаб ишлаяпти”, дейди Президент.

Йиғилишда Президент Мирзиёев ҳокимларга мактаб инфратузилмасини яхшилаш тўғрисида бош қотиришлари кераклигини уқтирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 август куни пойтахт Тошкентдаги 60-умумтаълим мактабида ўтказилган бошланғич синфлар учун тайёрланган замонавий дарсликлар кўргазмасида Президентнинг ёрдамчиси – тўнғич қизи Саида Мирзиёева иштирок этиб, мактаблар қурилиши янги туғилаётган болаларга етиб улгурмаётгани, ҳозирда 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрнига эҳтиёж борлигини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ўқитувчи мактаб таъмири

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг