Мактаблар қурилиши янги туғилаётган болаларга етиб улгурмаяпти – Саида Мирзиёева
Жамият
−
22 Август 2023
9247Ўзбекистонда мактаблар қурилиши янги туғилаётган болаларга етиб улгурмаяпти. Ҳозирда 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрнига эҳтиёж бор. Бу ҳақда Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева кеча, 21 август куни пойтахтдаги 60-умумтаълим мактабида ўтказилган бошланғич синфлар учун тайёрланган замонавий дарсликлар кўргазмасида сўз очди.
“Ҳаммамизга маълумки, таълим соҳасида қиладиган ишлар ҳам, йиллар давомида ечимини кутиб чарчаган муаммолар ҳам, оддий ичимлик сувидан тортиб, иситиш мосламалари-ю, санитар шароитлари йўқ мактаблар қанча. Афсуски, мактаблар қурилиши янги туғилаётган болаларга етиб улгурмаяпти. Ҳозирда 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрнига эҳтиёж бор”, дейди Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи.
Унинг қайд этишича, ўтган 7 йилда 5 140 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари кўтарилган.
“Миллат пахта қуллигидан озод этилди. Ўқитувчиларни мактабга қайтариш Президентимизнинг армони ва орзуси эди. Бугун ўқитувчи дарсда”, дея алоҳида урғулаган Саида Мирзиёева.
Унга кўра, энди ўқитувчиларга тажриба, билим ва ўқитиш учун дастурлар, методика ва дарсликлар керак.
Билдирилишича, бу йил бошланғич синф ўқувчиларининг дарсликлари тубдан янгиланяпти. Ҳозирда 5–11 синфлар учун дарсликлар яратиш ишлари бошланган. Шу билан бирга янги методика асосида Тошкентда 300 нафар илғор педагог ўз малакасини оширган.
“Умид қиламанки, устозларимиз замонавий билим ва қўникмаларни қунт билан ўзлаштириб, қолган ҳамкасбларига ҳам уларни етказишади”, деган Мирзиёева.
LiveБарчаси