2033 йилгача Россиядан Қозоғистон орқали нефть транзити 100 миллион тоннадан ошади
Олам
−
08 Ноябрь 2023
3385Қозоғистон 2033 йилгача 100 миллион тоннадан ортиқ Россия нефтини ўз ҳудуди орқали Хитойга транзит қилиш ниятида. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Известия” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Қозоғистон ва Россия нефть соҳасида узоқ вақтдан бери муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мамлакатимизда Россиянинг “Лукойл”, “Татнефт” каби концернлари муваффақиятли фаолият юритмоқда”, дейди у.
Тўқаевнинг таъкидлашича, нефтнинг икки мамлакат ҳудуди орқали ташиш Қозоғистон ва Россия Федерацияси ёқилғи-энергетика комплексларида катта улушни эгаллайди.
“Қозоғистон нефтининг қарийб 80 фоизи Россия ҳудуди (Каспий қувурлари консорсиуми) орқали ташқи бозорга экспорт қилинади. Худди шундай Россия нефти Хитойга Қозоғистон ҳудуди орқали етказиб берилади. 2033 йилгача бўлган даврда 100 миллион тоннадан ортиқ Россия нефтини транзит қилиш режалаштирилган”, дейди Тўқаев.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин 9 ноябрга режалаштирилган Қозоғистонга ташрифи олдидан “Казахстанская правда” газетасига берган интервьюсида Россия Қозоғистонга мамлакатнинг шимолий ва шарқий ҳудудларини газлаштиришда ёрдам беришга тайёрлигини айтган эди.
Путин, шунингдек, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги нефть соҳасида конструктив ҳамкорликни қайд этган. Россия раҳбари Каспий қувурлари консорсиумининг логистика имкониятларидан фойдаланган ҳолда мамлакатлар нефтни жаҳон бозорларига энг ишончли ва тежамкор усулда ташишни таъминлаб, ОПЕК+ ҳамкорлари билан биргаликда жаҳон нефть бозори барқарорлиги ва прогнозлилигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 1 ноябрида Санкт-Петербург халқаро газ форуми доирасида “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ва Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр геологик қидирув, қазиб олиш, қайта ишлаш, газ етказиб бериш ва ташишни назарда тутувчи стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган.
LiveБарчаси