2023 йилда ОТМ ўқитувчиларининг маоши ошади. Лекин 1000 доллар эмас
Жамият
−
11 Февраль 2023
325152023 йил 1 апрелдан бошлаб Республика бўйича жами 27 минг нафар профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларининг ойлик маошлари 20 фоизга оширилиб, ўртача 3 млн сўмга тенг бўлади. Ушбу мақсадларга жорий йилда 139 млрд сўм йўналтирилади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида назарда тутилган.
Қайд этилишича, профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари эндиликда мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.
Шунингдек, профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.
Маълумот ўрнида, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтган эди. Унда вазир Шерзод Шерматов сўзга чиқиб, ўқитувчиларнинг ойлиги 1000 доллар бўлишини айтган эди.
2023 йилга мўлжалланган давлат дастурида қолаверса, нодавлат таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, соҳада лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида 2023 йил 1 августга қадар:
- нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил қилишда уларнинг электрон кутубхонаси, ахборот-ресурс марказлари, ўқитувчиларнинг тоифалари, бир синфда таълим олувчиларнинг максимал сонига қўйилган талабларни енгиллаштирилиши;
- нодавлат таълим ташкилотларига спорт зали ва талабалар дам олиш жойларини уларга ижара ва бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган биноларда ҳам ташкил этишга рухсат этилиши белгиланган.
“Натижада, ортиқча ва асоссиз чекловларнинг бекор қилинишига эришилади ва хусусий мактаблар сони ҳозирги 334 тадан (умумий улушнинг 3 фоизидан) сезиларли оширилади. Масалан, лицензия талабларига мувофиқ хусусий мактабларни ташкил қилиш учун:
- битта синфдаги таълим олувчиларнинг максимал сони 1–4-синфларда – 20 нафардан, 5–9-синфларда – 24 нафардан, 10–11-синфларда – 20 нафардан ошмаслиги лозим. Давлат мактаблари учун бу талаб 30 нафарни ташкил қилади;
- камида 30 та компьютер техникаси билан жиҳозланган электрон кутубхонаси, камида 5 та компьютер техникаси, сканер ва нусха кўчириш аппарати билан жиҳозланган ахборот-ресурс маркази, ўз стадиони (ўйин майдони) ва дам олиш жойлари бўлиши керак”, дейилган дастурда.
Бундан ташқари, таълим муассасаларида ўқитувчиларнинг 30 фоизи – мутахассислар, 30 фоизи – иккинчи,30 фоизи – биринчи ва 20 фоизи – олий малака тоифали бўлиши лозимлиги ҳам белгилаб берилган.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги президент Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Жамоатчилик муҳокамаси 17 февралгача давом этиб, бунда ҳар бир фуқаро иштирок этиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилга мўлжалланган давлат дастурига биноан ҳар бир вилоятда биттадан Европа андозасидаги коллеж ва техникумлар очилиши ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси