2019 йил биринчи ярмида ЯИМ ўсиш суръати маълум бўлди
Жамият
−
20 Июль 2019
6293Жорий йилнинг I ярим йиллигида истеъмол нархлари ошиши 5,6 фоизни ташкил этиб, 2018 йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 0,6 фоиз бандга паст бўлди. Марказий банк тақдим этган маълумотлар шуни кўрсатмоқда.
Инфляция асосан озиқ-овқат товарлари ва хизматларнинг бозор нархлари ошиши таъсирида шаклланган бўлса, маъмурий тартибга солинадиган хизматлар тарифлари ва ноозиқ-овқат товарлари нархларининг юқори даражада ошмаганлиги инфляциянинг кескин ўсишининг олдини олди. Шу билан бирга, энергия ресурслари тарифлари оширилишининг олдин эълон қилинган муддатга нисбатан кейинга қолдирилиши ҳам мазкур даврда инфляция даражасининг кутилгандан паст даражада шаклланишига хизмат қилди.
Йиллик ҳисобда инфляция даражаси 13,6 фоизни ташкил этиб, базавий прогноз коридорининг қуйи чегарасига яқин даражада сақланиб қолди. Бунда, йиллик инфляция даражаси охирги 5 ой давомида 13,5-13,7 фоиз оралиғида сақланиб қолди.
Иқтисодиётда ишлаб чиқариш ҳажмларига нисбатан кредитлар ажратиш ва давлат харажатларининг юқорироқ суръатларда ўсиши ҳисобига ички нархларга ялпи талаб томонидан босимнинг ортиши, аҳоли даромадлари кўпайиши ҳамда ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши маълум даражада инфляция даражасини пасайтириш вазифасини қийинлаштирмоқда.
Озиқ-овқат инфляцияси мева ва сабзавот маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳисобга олмаганда апрель ойида ўзининг энг юқори даражасига етди. Бунга нархларнинг солиқ тизимидаги ўзгаришлар ҳамда ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига мослашиши сабаб бўлди. Ушбу омиллар таъсирининг секин-аста камайиши жорий йилнинг май-июнь ойларида мазкур маҳсулотлар нархлари динамикасининг пасайишида ўз аксини топди.
Айрим турдаги мева ва сабзавотлар нархларининг ўтган даврда паст бўлганлиги ҳисобига 2019 йилнинг II чорагида улар нархларининг ўсиш суръати тезлашиб, йиллик инфляцияга оширувчи таъсир кўрсатди. Таққослаш учун, 2018 йил II чорагида мева ва сабзавот маҳсулотлари нархлари 18,7 фоизга пасайган бўлса, жорий йилнинг II чорагида 8,1 фоизга камайди.
Мазкур даврда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари, умуман олганда, пасаювчи динамикани намойиш этди. Юридик шахсларнинг инфляцион кутилмаларида барқарор пасайиш тренди кузатилган бўлса, айни вақтда, жисмоний шахслар кутилмаларида 2019 йил январь-апрель ойларидаги пасайишдан сўнг, охирги икки ойда ўсиш кузатилди.
Марказий банк пул-кредит сиёсатини юритишда, инфляция даражасини 2021 йилда бир хонали рақамгача пасайтириш вазифасидан келиб чиқади. Бунда, базавий сценарий бўйича 2020 йил учун инфляция прогнозини 10-12 фоиз даражасида сақлаб қолди.
Келажакда инфляция даражасини пасайтириш вазифаси давлат харажатлари ва кредитлаш ҳажмлари ўсиш суръатларини мақбуллаштиришни талаб этади. Инфляция даражасини пасайтиришда яна бир муҳим омил бўлиб, таркибий ислоҳотлар, хусусан соғлом рақобат шароитларини яратиш, инвестицион муҳитни яхшилаш йўлидаги фундаментал тўсиқларни олиб ташлаш бўйича таъсирчан чораларнинг кўрилиши, инфратузилмани ривожлантириш, давлат корхоналарини ислоҳ қилишни ўз вақтида амалга ошириш, олиб борилаётган солиқ ислоҳотлари самарадорлигини ошириш кабилар ҳисобланади.
2019 йил I ярим йиллигида макроиқтисодий шароитлар асосан, айрим хом-ашё товарлари экспорти учун қулай бозор конъюнктураси ҳамда ялпи талабнинг юқори ўсиш суръатлари таъсирида шаклланди.
Мазкур даврда ЯИМ ўсиш суръати 5,8 фоизни ташкил этди. Бунда, юқори иқтисодий фаоллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш (6,9 фоиз), қурилиш ишлари (20 фоиз) ва хизматлар соҳасида (12,7 фоиз) кузатилди. Шунингдек, асосий капиталга инвестициялар 58,9 фоизга ўсди.
Ўзбекистон иқтисодиётининг жорий ҳолати ўзига хос ҳисобланиб, йиллар давомида йиғилиб келган инвестицион “чанқоқлик”, ижтимоий-иқтисодий харажатларнинг кечиктирилганлиги ва иқтисодиётни эркинлаштириш билан биргаликда бугунги кунда молиявий ва инвестициявий ресурсларга қўшимча талабни яратмоқда. Бунда, иқтисодиётни кредитлаш ҳажмининг кенгайиши ҳамда бюджет харажатларининг дастлабки кўзда тутилган ҳажмларга нисбатан юқорироқ суръатларда ўсиши 2019 йилнинг I ярим йиллигида талабни оширувчи асосий омиллар бўлди.
Ушбу даврда ташқи савдо балансининг салбий сальдоси 2,8 млрд долларни ташкил этди ва йил охиригача ошиши кутилмоқда. Ташқи савдо баланси тақчиллиги жорий операциялар балансининг бирламчи ва иккиламчи ҳисоблари соф даромадлари ҳамда молиявий ҳисоблар эвазига қопланиши кутилмоқда. Бу миллий валютанинг алмашув курсига сезиларли босим яратмайди.
2019 йил дастлабки ярим йиллигида миллий валюта алмашув курси экспорт тушумлар ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳисобига ички валюта бозорига хорижий валютанинг мўътадил таклифи натижасида нисбатан барқарор бўлди. Йил бошидан сўм алмашув курси 2,7 фоизга қадрсизланди.
Иқтисодиётда ялпи талабнинг сезиларли даражада ошиши 2019 йил якунига кўра реал ЯИМ ўсиш суръатининг дастлабки прогнозларга нисбатан бироз тезлашишига хизмат қилиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь