18 майдан автомобиль бошқаришга ўрнатилган чекловлар бирин-кетин бекор қилинади
Жамият
−
15 Май 2020
23731Жорий йилнинг 18 майидан бошлаб Ўзбекистонда карантин даврида шахсий автомобиллардан фойдаланишга нисбатан ўрнатилган чекловлар босқичма-босқич бекор қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 14 майдаги қарорида айтилган.
Шахсий автомобилларнинг ҳаракати бўйича чекловларни босқичма-босқич БЕКОР ҚИЛИШ юзасидан қуйидаги тартиб жорий этилмоқда:
“яшил” тоифадаги ҳудудларда — Республика махсус комиссияси йиғилишининг 2020 йил 6 майдаги 21-сон баёни билан автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат берилган;
“сариқ” тоифадаги ҳудудларда — соат 06:00дан – 22:00 га қадар бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига рухсат берилади. Бунда автотранспорт воситаларининг салонида 4 кишидан ортиқ одам бўлмаслиги лозим;
“қизил” тоифадаги ҳудудларда– автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишига фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.
Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг 28 мартдаги қарори билан 30 мартдан 20 апрелгача Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида ДХА томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)сиз автомобиль бошқаришга нисбатан чекловлар ўрнатилди. Кейинроқ, бу чекловлар велосипед ва скутерларга ҳам жорий қилинди.
LiveБарчаси