11 ойда “тез ёрдам” неча марта алдангани маълум бўлди

Жамият

image

Жорий йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам хизматига 6 мингдан ортиқ ёлғон чақириб келиб тушган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 январидан 1 декабрига қадар “Тез ёрдам” хизматига мамлакати бўйича жами 6301 та ёлғон чақириқ келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда қарийб 1800 та кам.

Таҳлиллар натижасига кўра, энг кўп ёлғон чақириқлар келиб тушган ҳудудлар рўйхати бошида 1317 та кўрсаткич билан Тошкент вилояти турибди. Кейинги ўринни Фарғона вилояти эгаллаган – 942 та ёлғон чақириқ. 

Шунингдек, “Тез ёрдам”га пойтахтдан 894 та, Қашқадарёдан 874 та ҳамда  Навоий вилоятидан 842 та ёлғон чақириқ келиб тушган.

"Бир оғриқли масала: орамизда “иситмам кўтарилмадимикан?”, “қон босимимни ўлчатай-чи”, “уколимни қилдириб олсаммикан?” деган важлар билан ҳам “Тез ёрдам”га мурожаат қилувчилар кўп.

Ваҳоланки, тез тиббий ёрдам ходимлари беморни даволамайди, балки юзага келган ҳолат бўйича шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатади, яъни фақат симптоматик даво чораларини кўради. 

Қолаверса, ёлғон чақириқлар тез тиббий ёрдам ходимларига икки баробар кўп ташвиш келтиради. Яъни  қилинган мурожаатнинг ҳақиқатан ҳам ёлғон эканлигини исботлаш зарур. Бунинг учун чақириқда кўрсатилган манзилни аниқлаш, куннинг қайси вақти бўлишидан қатъи назар суриштирув ўтказиш ва шундан сўнг уни ҳужжатлаштириш керак", дейилади вазирлик хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

тез ёрдам

Баҳолаганлар

223

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг