1 млрд сўмлик крипто-активларни айлантирган мисрлик талаба ушланди
3-саҳифа
−
07 июл 1579 1 дақиқа
Жиззах вилоятида ноқонуний крипто-актив айирбошлаш билан шуғулланиб келган хорижлик талаба қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Жиззах вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши кураш бошқармаси томонидан 2002 йилда Миср Араб Республикасида туғилган ҳамда Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олаётган шахс қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда крипто-активлар айирбошлаш фаолияти билан шуғулланиб келгани аниқланган.
Билдирилишича, тезкор тадбир давомида унинг мобиль телефони кўздан кечирилганда криптовалютани сақлаш, қабул қилиш ва юбориш учун мўлжалланган махсус дастур ҳамда электрон криптоҳамён мавжудлиги аниқланган.
Қайд этилишича, мазкур электрон криптоҳамён орқали жами 1 миллиард 250 миллион 319 минг 973 сўмлик крипто-активлар айирбошланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи 1995 йилда туғилган шахс ноқонуний крипто фаолият билан шуғуллангани фош этилганди.
Live
Барчаси