1 миллионга яқин жарима бекор қилинади
Олам
−
02 июл 20985 3 дақиқа
Қозоғистонда янги Конституция қабул қилингани муносабати билан эълон қилинган амнистия доирасида 1 миллионга яқин маъмурий жарима бекор қилинади, 16,5 мингдан ортиқ фуқаро эса жиноий жавобгарлик ва жазодан озод этилади ёки уларга нисбатан жазо енгиллаштирилади. Бу ҳақда “Zakon.kz” хабар берди.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, жиноий жавобгарлик ва жазодан, асосан, жиноий қилмишлар, унча оғир бўлмаган жиноятлар, шунингдек, етказилган зарарни тўлиқ қоплаган ёки умуман зарар етказмаган ҳолда ўртача оғирликдаги айрим жиноятларни содир этган шахслар озод этилади. Айрим маҳкумларнинг эса содир этган жиноятининг оғирлиги, етказилган зарарни қоплагани ва жазони ўташ давридаги хулқ-атвори инобатга олиниб, жазонинг ўталмаган қисми қисқартирилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, амнистия 16,5 мингдан ортиқ кишига татбиқ этилади. Уларнинг қарийб 2,9 минг нафари аёллар бўлиб, улар орасида ҳомиладорлар ҳамда вояга етмаган фарзандларини тарбиялаётган оналар ҳам бор.
Шунингдек, Қозоғистон тарихида илк бор маъмурий амнистия ҳам жорий этилмоқда. У Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 260 дан ортиқ моддаси бўйича тайинланган жарималарни қамраб олади. Фақат ички ишлар органлари кўриб чиқадиган ҳуқуқбузарликларнинг ўзидаёқ умумий қиймати 17 миллиард тенгеден ортиқ бўлган 1 миллионга яқин жарима бекор қилинади.
“Шу тариқа, амнистия фуқароларнинг молиявий юкини камайтиришга хизмат қилади”, дейилади Ички ишлар вазирлиги баёнотида.
Амнистия барча маҳкумларга татбиқ этилмайди. Коррупция, терроризм, экстремизм, жинсий дахлсизликка қарши жиноятлар, жумладан, вояга етмаганларга нисбатан содир этилган жиноятлар, қийноқлар, уюшган жиноий гуруҳ таркибида содир этилган жиноятлар, такрорий ва хавфли рецидив ҳолатлар, шунингдек, умрбод озодликдан маҳрум этилган ва сиртдан ҳукм қилинган шахслар амнистиядан фойдалана олмайди.
Маъмурий амнистия ҳам ноқонуний қурол ва гиёҳванд моддалар муомаласи, маст ҳолда транспорт бошқариш, қарама-қарши йўналишга чиқиш ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этишга сабаб бўладиган бошқа қўпол йўл ҳаракати қоидабузарликларига нисбатан қўлланилмайди.
“Маъмурий амнистия давлат ахборот тизимлари орқали автоматик тарзда амалга оширилади ва фуқаролардан давлат органларига мурожаат қилиш талаб этилмайди”, дея маълум қилган вазирлик.
Шунингдек, ИИВ амнистия бир марталик хусусиятга эга эканини қайд этган.
“Қайта ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, амнистиядан фойдаланган шахслар умумий тартибда жавобгарликка тортилади”, дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июнь куни Қозоғистоннинг саккизинчи чақириқ депутатларидан иборат икки палатали парламенти расман ўз фаолиятини якунлаган эди. Қозоғистоннинг янги бир палатали парламенти – Қурултойга сайловлар жорий йилнинг 23 август кунига белгиланди.
Live
Барчаси