1-босқич талабалари учун ётоқхонага ариза топшириш бошланди

Жамият

image

2026/2027 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг 1-босқичига ўқишга тавсия этилган абитуриентлар талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза топширишлари мумкин. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 18 августдан бошлаб 1-босқичга тавсия этилган абитуриентлар ётоқхонага жойлашиш учун ариза бериши мумкин. Бунинг учун Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш ёки my.gov.uz портали орқали электрон ариза топшириш талаб этилади.

Талабалар турар жойларига жойлаштириш белгиланган тартиб ҳамда мавжуд бўш ўринлардан келиб чиқиб амалга оширилади.

Амалдаги низомга кўра, дастлаб имтиёз ва устуворликка эга бўлган талабгорлар ётоқхоналарга жойлаштирилади. Жумладан, “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганлар, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари, шунингдек, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турадиган талабалар, халқаро ва республика фан олимпиадалари, “Йил талабаси”, “Талабалар театр студиялари” ҳамда “Заковат” танловларининг республика босқичи ғолиблари ётоқхонага устуворлик асосида қабул қилинади. Шундан сўнг қолган ўринлар умумий рўйхатдаги талабалар ўртасида навбат асосида тақсимланади.

Шунингдек, 1-курс талабалари учун ТТЖларидаги мавжуд ўринларнинг 55–65 фоизигача ажратилиши белгиланган.

Аризаларни Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали топшириш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-августидан бошлаб олий таълим муассасаларининг юқори босқич талабалари учун талабалар турар жойига жойлашиш бўйича аризалар қабули бошланган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг