Талабалар бугундан ётоқхонага ариза қолдириши мумкин
Жамият
−
01 август 1134 2 дақиқа
Бугун, 1 августдан бошлаб олий таълим муассасалари талабаларининг ётоқхонага жойлашиш учун аризалари қабули бошланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 376-сонли қарори билан тасдиқланган регламентга мувофиқ талабалар аризаларни my.gov.uz портали орқали юборишлари мумкин.
Бунга кўра, аввало имтиёз ва устуворликка эга талабгорлар талабалар турар жойларига жойлаштирилади.
Шундан сўнг қолган ўринлар умумий рўйхат асосида қуйидаги тартибда тақсимланади:
- 1-босқич талабалари учун – 55–65 фоиз;
- 2-босқич талабалари учун – 15–20 фоиз;
- 3-босқич ва ундан юқори курс талабалари учун – 20–25 фоизгача.
Маълум қилинишича, аризалар қабули 1 августдан ўқув йили якунига қадар давом этади.
Шунингдек, 2026/2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг 1-босқичига тавсия этилган абитуриентлар якуний натижалар эълон қилингач, талабалар турар жойи учун ариза юборишлари мумкин бўлади.
Аввалроқ, Ягона интерактив давлат хизматлари портали талабаларнинг ётоқхонага жойлашиш ва вақтинча рўйхатдан ўтиш жараёнларини ягона хизматга бирлаштирилганини маълум қилган эди. Унга кўра, талабалар my.gov.uz орқали ариза юбориб, ариза тасдиқлангач электрон шартнома ва йўлланма олади. Тўлов амалга оширилганидан сўнг эса, вақтинча рўйхатдан ўтиш автоматик тарзда расмийлаштирилади. Бу тартиб бугун, 1 августдан кучга кирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олий таълимда якуний имтиҳонлар видеокузатув остида ўтказилиши ва уларни талабага дарс бермаган профессор-ўқитувчилар баҳолаши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси