1-2 кун ўтириб чиқса, камерани ҳидини билса, жиноят қилмайди – Ортиқова

Жамият

Ўзбекистонда мансабдорларнинг ноқонуний пулларни легаллаштириши анчайин жиддий муаммо. Бунинг сабаби мансабдорлар ўз шахсий бойлигини ўйлаб, эртага “қора курси”га ўтириши мумкинлигини унутишмоқда. Бу фикрлар бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова томонидан Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш бўйича идоралараро комиссия йиғилишида ягради. 

“Минг афсус, мансабга ўтирганлар, шахсий бойлигимни орттиришим керак, деб адашганидан уларнинг ҳукмидан, қанча жазо олганидан хабаримиз бор. Ҳар бир мансабдор халқ учун хизмат қилишим керак деб ўйлаганда, “қора курси”да ўтирмаган бўлар эди.

Бундай ҳолатлар прокуратура, солиқ, божхона ёки бошқа тизимда бўладими, давлатимизга обрў келтиргани йўқ. Мана шу мансабдорлар жиноятга қўл урганда, Ватанни, халқни, давлатни озгина бўлса ҳам ўйлаганда, шундай қилмаган бўларди.

Мен шу тизимда 40 йилдан ортиқ ишлаганман. Судья, прокурорлар ҳам шу аҳволга тушишимни билганимда, бу ишга қўл урмасдим деб йиғлаганларини кўрганман”, дейди Бош прокурор ўринбосари Ортиқова ўз шахсий фикрини билдириб.

У сўзида давом этиб, қуйида келтирилган гапларини оммага эълон қилиш ёки қилмасликни ОАВ ходимларининг виждонига ҳавола қилди. Биз ОАВ сифатида Ортиқова хонимнинг гаплари барча жабҳадаги мансабдорларга яна бир огоҳлантириш бўлиши учун уни эълон қилишга қарор қилдик.

“Бирор одам мансабга ўтиришдан олдин колонияда 1-2 кун ўтириб, турмага кириб чиқса, камерани ҳидини билса, ҳеч қачон жиноятга қўл урмайди. Одамлар буни билмайди”, дейди Светлана Ортиқова.


Мақола муаллифи

Теглар

жиноят Светлана Ортиқова

Баҳолаганлар

303

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг