...қарши куч ишлатишга буйруқ бермадим – Жээнбеков яна халққа мурожаат билан чиқди

Олам 14338
image

Бугун, 7 октябрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков яна мамлакатдаги мавжуд вазият муносабати билан қирғиз халқига мурожаат қилди. У сўзи аввалида кучишлатар тизимлар халққа қарши қурол ўқталмагани ва бу тўлалигича Президентнинг хоҳиш-иродаси бўлганини урғулади. 

“Қирғизистон энг қийин даврни бошдан кечирмоқда. Ҳеч қандай куч ёки лавозим инсон ҳаётидан юқори бўлиши мумкин эмас. Маълумки, мен инсон ҳаётига хавф солмадим ва Оқ уй биносига бостириб кирганларга қарши куч ишлатиш буйруғини бермадим. 

Ўша кунларда намойишчиларни зўравонлик билан бостириш бўйича шошилинч таклифлар ҳам бўлган. Мен буни қатъиян рад этдим. Бу тўқнашувларга олиб келарди. 

Шунинг учун мен фавқулодда ҳолатни жорий этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекмадим”, дейди Жээнбеков. 

Намойишларга мамлакатдаги сайловда иштирок этган 16 пратиянинг бор-йўғи тўрттаси парламентдан ўрин олиш имконини берувчи 7 фоизлик барьердан ўта олгани бўлган. Намойишчиларга кўра, муваффақият қозонган партиялар Жээнбековга яқин ва унинг сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Жээнбеков ўз мурожаатида аслида унинг тарафдорлари ҳам қарши митинг уюштириш таклифи билан чиққанини айтади.  

“Ҳудудларда ҳам мени қўллаб-қувватлаган митингларда чиқиш қилмоқчи бўлган кўплаб ватандошлар бор эди, мен улардан бундай қилмасликни илтимос қилдим. Чунки шу кунларда биз одамларни иккига ажратиш нақадар хавфли эканлигини ўз кўзимиз билан кўрдик. 

Мансабга эга бўлишни истаганлар ўз мақсадларига эришди. 

Энди кўчаларда ҳаракатларни давом эттираётган тарафдорларимизни тўхтатишимиз керак. Мен уларнинг ташкилотчилари ва сиёсий раҳбарларини яна бир бор ҳуқуқий майдонга чақираман!”, дейди Президент. 

Шунингдек, давлат раҳбари ушбу оғир вазиятда кўмак берган ёшлар гуруҳларига миннатдорлик билдирди. 

“Шу кунларда, чуқур миннатдорчилик билан ушбу қийин пайтда ўзларининг юқори фуқаролик позицияларини намойиш этган ёшларимизнинг хизматларини қайд этаман. 

Сиз туни билан мижжа қоқмасдан, тинчлик, фуқаролар ва давлат мулкини сақлаш учун ишладингиз, бунинг учун сизлардан миннатдорман. 

Ушбу сўнгги кунлар кимнинг қандай қадриятларга эга эканлигини кўрсатди. Шу кунларда сиз, ёш қирғизистонликлар ҳокимият учун курашган кекса фуқаролар учун муносиб ўрнак кўрсатдингиз.  Сиз сўз билан эмас, амалда ҳокимият позицияси эмас, балки Қирғизистон қадрли эканини яна бир бор намоён этдингиз. Сиз ҳақиқатан ҳам мамлакат манфаатлари энг қадрли эканлигини исботладингиз”, дейди Қирғизистон раҳбари. 

Жээнбеков яна бир бор барча томонларни сабр-тоқатли бўлишга чақириб, давлат манфаатлари шахсий амбициялардан юқори эканлигини яна бир бор эслатиб ўтади.  

Унинг қайд этишича, бугунги кунда энг долзарб вазифа Қирғизистонда тинчлик ва жамоат тартибини таъминлашдир. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 287
Рейтинг: 2.9
t
×