Юнусободда 12 яшар бола ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ бўйича айбланувчига суд ҳукми ўқилди

Жамият

image
Терговчилар мени ҳам шубҳалантирди – Тошхўжаев 12 яшар бола қурбон бўлган ЙТҲ бўйича брифинг ўтказди north_east

Терговчилар мени ҳам шубҳалантирди – Тошхўжаев 12 яшар бола қурбон бўлган ЙТҲ бўйича брифинг ўтказди

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида айбланувчи Л. Толмачёвага (1977 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати – русь, маълумоти – олий, уч фарзанди бор, аввал судланмаган) нисбатан очилган жиноий ишни кўриб чиқиш якунланди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.

Суд мажлиси судья Э.Шамсутдинов раислигида бўлиб ўтди.

Дастлабки тергов органи томонидан Л.Толмачёва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган (йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт воситасидан фойдаланиш қоидасини бузиш) жиноятни амалга оширишда айбланган.

Жиноий иш материалига кўра Л. Толмачёва 2019 йил 4 июнь соат 18:26 да Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 11-мавзесидаги 5, 6, 7-сонли кўп қаватли уйлар олдидаги йўлда ўзига тегишли Nexia-3 русумли автомобилда ҳаракатланиб кетаётганда яқин атрофдаги уйларда яшовчи 2007 йилда туғилган Г.А., И.С., Я.С. ва 2006 йилда туғилган Ф.Р. йўл четида турганини кўрса ҳам, ҳаракатни давом эттириб, йўл ҳаракати қоидасини жиддий тарзда бузган ва вояга етмаган Г.А., И.С., Я.С.ни автомобилида босиб кетган.

Ҳодиса натижасида олган тан жароҳатлари сабабли Г.А. вафот этган. Я. С. енгил тан жароҳати олган. И.С. эса ўрта даражадаги оғир жароҳат олган.

Суд жараёнида айбланувчи, гувоҳлар, жабрланувчи ва унинг қонуний вакиллари эшитилган, далиллар ва ҳимоланувчи томоннинг исботлари кўриб чиқилган.

Суд тергов материалларини синчковлик билан ўрганиб чиқиб, Л. Толмачёвани Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган деб топди.

Суднинг 18 майдаги қарори билан Л. Толмачёва 4 йил муддатга озодликдан ва 3 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Суд жазони манзил-колонияда ўташ ва жазо муддати 2019 йил 6 июндан ҳисобланишини белгилади.

Томонлар жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди қарори устидан 10 кун муддатда шикоят қилишлари мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

суд ЙТҲ

Баҳолаганлар

342

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг