Терговчилар мени ҳам шубҳалантирди – Тошхўжаев 12 яшар бола қурбон бўлган ЙТҲ бўйича брифинг ўтказди

Таҳлил 7892

Жорий йилнинг 4 июнь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани 11-мавзесида аёл ҳайдовчи ва 3 нафар бола иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси жамоатчилик эътиборини тортди. ЙТҲ натижасида 12 ёшли бола ҳалок бўлган эди. 

Ушбу ҳолат бўйича Юнусобод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилди.

Орадан тўрт ой вақт ўтди. Бу орада ижтимоий тармоқларда терговга нисбатан ишончсизлик акс этган турли маълумотлар тарқалди. “Аёл қамоққа олинмади, тергов бошқа йўналишда кетмоқда, оқибатда бола ўзини ўзи автомобиль тагига отган бўлиб чиқади”, дейилади изоҳлардан бирида. 

Бу каби изоҳлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга қадар етиб борди. Вазир ўринбосари Дониёр Тошхўжаевга ушбу жиноят иши билан алоҳида шуғулланиш ва адолат қарор топишини шахсан назорат қилишни топширди. 

Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ЙТҲ бўйича ўтказилган тергов натижалари ва воқеага алоқадор бошқа тафсилотларни очиқлади. ОАВ ходимлари, воқеага гувоҳлик қилганлар, марҳумнинг оила ваъзолари ва яқинлари, шифокорлар иштирокида ўтган брифингда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Дониёр Тошхўжаев иштирок этиб, терговга оид маълумотларни очиқлади. Брифинг марҳум хотираси учун бир дақиқалик сукут билан бошланди. 

Тошхўжаев мазкур жиноий иш бўйича терговни шахсан олиб бормагани, ишни билвосита назорат қилиб турганини айтиб ўтди. Шунингдек, вазир ўринбосари терговчилар бирор иш доирасида суриштирув ўтказаётганда 90 фоиз ҳолатда вазиятни тўғри малакалаганига ишониб, баъзи “нюанс”ларни четда қолдиришини таъкидлади.

“Жорий йилнинг 4 июнь куни соат 18:26 ларда юз берган йўл-транспорт ҳодисаси жиноят. У катта “резонанс”га сабаб бўлди. Жабрланган учун ёпиқ бўлган тергов жараёни нохолис кетаётгани, амалга оширилган ҳаракатни оғирлаштирувчи қандайдир гувоҳлар, кўрсатмалар, ашёвий далиллар борлиги ҳақида тасаввур уйғонишига сабаб бўлди. Бу вазиятда жабрланувчи томонда ҳақиқатни юзага чиқариш учун у ёки бу далил, ҳолат ва шубҳаларни қайта текшришни сўраб расмий мурожаат қилишга барча асослар бор эди. Афсуски, Юнусобод тумани Ички ишлар бўлимининг Тергов бўлими бундай қилмади ҳамда жабрланувчиларни эътиборсиз қолдириб, тергов органига нисбатан шубҳани ортишига сабаб яратди”, дейди Дониёр Тошхўжаев.

Вазир ўринбосари сўзида давом этиб, Михаил Олегович (жабрланувчилардан бири) Facebook`даги саҳифаси орқали Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мурожаат йўллаганини қайд этди: 

“Ўша куни кечаси Пўлат Раззоқович менга қўнғироқ қилди ва зудлик билан вазиятга ойдинлик киритишимни ҳамда Михаил Олеговичга алоқага чиқиб, имкон даражасида ўзим у билан учрашиб, ҳолатни тушунтиришимни айтди. Ўша вақтда суриштирувни тингладим. Бунгача вазиятдан мутлақо бехабар эдим деёлмайман. Вазиятнинг шу даражага келишида менинг ҳам хатоим бор”, деб таъкидлади Тошхўжаев.

У бундан аввал Юнусобод туман ИИБда шу масала юзасидан бирифинг ўтказилганини, унда тергов гуруҳи раҳбари шаффоф суриштирув ўтказишга, суриштирув якунлангач, вазият бўйича батафсил маълумот бериш учун яна шундай брифинг ўтказилишига ваъда берганини хотирлатди.

“Аммо бу амалга ошмади. Суриштирув тезкорлик билан якунланиб, иш прокуратурага юборилди. Тан оламан, терговчиларнинг бу ҳаракати менда ҳам бироз шубҳа туғдирди. Айтиш олиш оғир, аммо қандайдир нотўғри процессуал чоралар ва ишни нотўғри малакалаш ҳолати бор эди. ИИВ Тергов департаменти ишни ўзига олиб, 28 ёки 29 август куни суриштирув бошлади”, дейди Дониёр Тошхўжаев.

Вазир ўринбосари бирифингда қатнашаётган жабрланувчи оиласининг розилиги билан дастлабки терговдан кейин кўндаланг туриб қолган саволлар ҳақида маълумот берди.

“Михаил Олегович билан учрашганимда, у мендан “терговчи ўз изоҳида айбланувчи йўлнинг ҳаракат қисмидан кетаётганини ёзган, бу қанчалик тўғри? Ахир, бу йўлка-ку (тротуар)”, деб сўради. Бу ҳам терговчининг хатоси. У “йўқ, бу йўлнинг ҳаракат қисми, мен юристман, 15-20 йиллик тажрибам бор”, деб эътирозни қўпол тарзда эътиборсиз қолдирди. Қулоқ солсангчи, эй одам, агар йўл тротуарми-йўқми, у ерда автомобиль ҳаракатланса бўладими, билолмаяпсанми? Мутахассисга мурожаат қил. Тергов департаменти мутахассисдан сўради. У ЙТҲ юз берган йўл массив йўллар орасидаги ички йўллар туркумига киришини айтди. Жавоб Михаил Олегович учун чидаса бўладиган эди. Терговчи эса унинг на расмий, на оғзаки мурожаатига жавоб берган”, деди вазир ўринбосари.

Дониёр Тошхўжаев фикрини давом эттириб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган яна бир масалага тўхталиб ўтди. Бу ҳам бўлса, видеорегистратордан олинган видеонинг оригиналлиги бўйича жабрланувчи томоннинг шубҳалари ва терговчининг бунга одатдагидек совуққон муносабатда бўлиб, эътиборсиз қолдириши.

“Терговчи видеоёзувни кўрсатяпти. Жабрланувчи томони ва уларда видео бўйича шубҳа пайдо бўляпти. Экспертиза ўтказ, вассалом. Йўқ, у аҳмоқлардек, шунчаки эътибор қаратмаяпти. Ҳеч бўлмаганда Жиноят-процессуал кодекси бўйича асосли рад жавоби ҳам бермаган. Терговчи буни инобатга олмаган жабрланувчи томон қандай ўйлаши керак?! Ҳар қандай нормал одамда шубҳа туғилади. Иш бўйича 3 нафар гувоҳ ҳам бор. Улар 3 марта босиб кетиш ҳолати бўлганини тасдиқлаган. Автомобиль дастлаб бориб урилган, кейин ортга силкиниб яна олдинга ҳаракатланган ва бу ҳолат яна такрорланган”, дейди Тошхўжаев.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳолни юристик жиҳатдан баҳоласа, “жиноят эҳтиётсизлик оқибатида юз берган” деб малакаланмайди, аксинча, қасддан деб ҳисобланади. Бундай вазиятда эса тергов жааёнида шаффофликка эътибор қаратиш керак бўлади.

“Биз шундай қилдик. Фонографик экспертиза тайинладик. Натижада видеорегистратордан олинган тасвирлар монтаж қилинмагани ойдинлашди. Аммо бизда 2-3 марта босилганини кўрган гувоҳларимиз бор эди. Биз Михаил Олеговични таклиф қилдик ва ҳар бир детални қайта-қайтй кўриб чиқдик. Менда ҳам баъзи шубҳалар бор эди. Мен сизларнинг гувоҳлигингизда Михаил Олеговичнинг ўзидан бўлган воқеани яна бир бор эшитишни хоҳлардим. Чунки, экспертизадан кейин биз кўришмадик, балки унинг фикри ўзгаргандир”, деди Тошхўжаев жабрланувчи томонга ишора қилиб.

У сўзида давом этиб, мазкур ЙТҲ бўйича жамоатчилик орасида “резонанс” юзага келгани ва ички ишлар органи ҳамда ходимлари шаънига нисбатан жуда кескин ва оғир гаплар айтилганини билдириб, буларга барҳам бериш учун алоҳида бир брифингга эҳтиёж бўлганини таъкидлаб ўтди.

“Бу ерга ҳақиқатни юзага чиқариш учун қўлимиздан келган барча ишни қилганимизни кўрсатиш ва вазиятга ойдинлик киритиш учун тўпландик. Биз терговчи орган сифатида жабрланувчи томонда ҳам, айбланувчи томонда ҳам бўлмаймиз. Биз Жиноят-процессуал кодекси бўйича қилишимиз керак бўлган ишларни бажарувчи бетараф масофадамиз. Афсуски, жабрланувчи томонни шубҳага солувчи жуда қўпол хатоларга йўл қўйилди. Улар барчасини биринчи инстанцияда қонунан ҳал қилиш мумкин бўлган бир вақтда вазирга мурожаат қилишга мажбур бўлди”, деб қайд этди Тошхўжаев.

Вазир ўринбосари ЙТҲ юз берган вақтда автомобиль ичида ҳайдовчи аёлнинг икки нафар вояга етмаган қизи бўлганини қўшимча қилди. Бундан ташқари, гувоҳ Сергей исмли фуқаро видеони кўрмасдан аввал машина жабрланувчиларни икки марта босгани ҳақида кўрсатма берганини айтиб ўтди.

“Гувоҳларнинг айтишича, у (Сергей) иккинчи зарбадан кейин машина олдига келиб, унинг олд ойнасига ура бошлаган ва ҳайдовчи автомобилни ортга олиши учун бақирган. Сергейнинг ўзи эса машина олд ойнасига эмас, капотига урганини айтди. Бироқ видеорегистратор тасвирини кўргач, Сергей “машинани ол”, деб сўраш ва иккинчи марта тепкини босиш ҳолати бўлмаганига ишонч хосил қилди”, деди Дониёр Тошхўжаев. Вазир ўринбосари гувоҳ ўзи карахт ҳолатда бўлгани ва нималар қилганини эслай олмасдан, атрофдагилар унга нима деган бўлса, шу бўйича кўрсатма берганини қўшимча қилди.

Жабрланувчи томон вакили Михаил Олегович суд-тиббий экспертизаси хулосаси юзасидан ўз эътирозини билдирди. Хулосага кўра, Олеговичнинг жияни қовурғасидан жароҳат олган, бошқа жабрланувчилар эса оёқ синиши жароҳатини олган. Экспертиза вакили бу иддаога қуйидагича жавоб қайтарди:

“Ҳақиқатда бундай вазиятни текшириш жуда қийин. Ўша бола (ЙТҲ қурбони бўлган бола) кўкрак қафаси ва оёқларида аралаш турдаги жароҳат олганди. Қовурғаларидаги синиш ва ўпкага зарар етиши оқибатида ички қон кетиши юзага келганди. Аммо мазкур экспертиза хулоласи Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган барча нормаларга жавоб беради. Мазкур экспертиза босқичида жасад суратга олинади. Бизнинг экспертлар ҳам тўлалигича белгиланган тартибда ишлади, деёлмайман. Чунки бизда кадрлар етишмовчилиги мавжуд. Ҳозирги кадрлар орасида ёш, тажрибасизлар ҳам бор. Бироқ экспертиза хулоласи белгиланган тартиблар ва нормалар доирасида берилди. Унинг баъзи камчиликлари бўлиши мумкин ва лекин бу суд қарорига таъсир қилмайди”, деди экспертиза вакили.

Марҳумнинг оёғида синиш жароҳати бор-йўқлигини билишнинг ҳозирги ҳолатдаги ягона йўли эксгумация бўлиб, марҳумнинг яқинлари бунга рози бўлмаган. Негаки унда экспертизада мутахассислар жасадни суратга олиши кераклиги кўрсатилган бўлиб, улар бу ишни қилмаган. Агар улар ўз вазифасини бажарганда, эксгумацияга ҳожат бўлмасди. Шу тарафлама жабрланувчи томони экспертиза вакиллари атайин суратга олмагандир деган фикрни ҳам қўшиб ўтди.

Ички ишлар вазирлиги Профилактика инспекторлари фаолиятини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Қосимжон Султонов уй қамоғида сақланаётган ЙТҲ сабабчиси Лариса Толмачёвага қўйилган чекловлар ва уларнинг назорати ҳақида маълумот берди:

“Участка нозирлари ҳар уч кунда уни уйда эканини текшириб борди. Суд томонидан баъзи чекловлар ўрнатилган. Булар: телефон орқали мулоқот, соат 8:00 дан 18:00 гача ишда, 19:00 дан 7:00 гача уйда бўлиш. Учинчи чеклов бу ёзишмалар қилишга алоқадор бўлди. Биз 6 июндан 7 сентябргача бўлган қўнғироқлар ҳақида маълумот олдик. Шу даврда 146 та чиқиш қўнғироғини амалга оширган”, деди Қосимжон Султонов.

Жабрланувчи томон абйланувчининг онаси, участка нозири, терговчи ва адвокатдан ташқари одамлар билан ҳам суҳбатлашгани ҳақида исбот келтирди.

“У сиз айтган одамлардан ташқари Ярославнинг онаси Лена билан ҳам суҳбатлашган. Қайди бор, демак  сизларда ўша маълумотлар йўқ. У Албинага, унинг онасига, Исломнинг ўзига ҳам қўнғироқ қилган. Бунга унинг рухсати борми?”, деди Михаил Олегович.

Вазир ўринбосари Тошхўжаев айбланувчининг бошқа бир телефон рақами борлиги сабабли уни ҳам текшириш кераклигини таъкидлади.

“Толмачёванинг иккинчи телефон рақами бўйича ҳам суриштирув ўтказасиз, унгача дастлабки терговни якунламайсиз. Мен сиздан ўшанда интернет, телефон ва бошқалар чеклансин, деб сўрагандим. Сиз қизи, бувисининг телефони бор дегандингиз. Ҳозир эса Толмачёванинг ўзида бошқа рақам борлиги маълум бўлди. Исломни ҳам қайтадан сўроқ қилинг”, деди Дониёр Тошхўжаев.

Жабрланувчи томон айбланувчи аёл суд қарорига зид равишда уй қамоғи тартибини бузиб, тақиқланган жойларга ҳам бораётганини таъкидлади. Бунга Дониёр Тошхўжаев шундай жавоб қайтарди:

“Олдимизда икки нафар вояга етмаган ва бир нафар вояга етган бола тақдири ҳамда оила боқувчиси бўлган аёлнинг жиноятга қўл ургани масаласи турибди. Изоҳларга эътибор қаратмоқчиман. Унда суд қарори бўлмаслиги, биз аёлни “суттан чиққан қошиқ” қилиб кўрсатишимизни, бунинг учун қандайдир “мукофот” олганимизни ёзишяпти. Ҳозир бу энг муҳими эмас. Айни дамда Михаил Олегович ва унинг оиласи, шунингдек, мени айбланувчининг қонунга зид ҳаракат қилаётгани ташвишлантиради”, деди Тошхўжаев.

Шу ўринда процессуалист вазиятга ҳуқуқий баҳо бериб, жабрланувчи томонга баъзи ҳолатларни тушунтирди.

“Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида терговчи эҳтиёт чоралари қўллаши учун мажбурий талаб йўқ. Терговчи эҳтиёт чораси кўрмаслик ваколатига эга. Баъзи ҳолатлар борки, улар эҳтиёт чораси танлашда инобатга олиниши керак”, дейди мутахассис.

Тадбир якунида, процессуалист вазиятга янада яхши баҳо бериш учун жасадни эксгумация қилиш кералигини таъкидлади. 

Бироқ марҳумнинг яқинлари бунга қаршилик билдирди ва экспертизадан сўнг, боланинг ўпкасида касаллиги бўлган, деб хулоса чиқарилиши ноҳақлик эканини маълум қилди.

Жамоатчилик эътиборига тушган мазкур иш бўйича тергов тўлалигича шаффоф ўтиши, шундан сўнг адолатли суд қарори чиқарилишини кутамиз.                  

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 104
Рейтинг: 4.0
Будьте в курсе событий!
×
×