Сайлов ўтиб, партия раҳбарлари “ура-ура”ни бошлаб юборди

Таҳлил 11083
image

22 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари аъзолари сайловидан мамлакатдаги сиёсий партиялар бир овоздан рози. Гарчи улар тўплаган овозлар орасида ер билан осмонча фарқ бўлса ҳам умимий фикр – соғлом рақобат муҳити яратилди ва ўзини кўрсатишга бирдек имкон берилди. 

Бугун, 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси натижаларни эълон қилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Қонунчилик палатасида ўринлар қуйидагича тақсимланган:
•    Либерал-демократик партиясига 43 ўрин;
•    “Миллий тикланиш” демократик партиясига 35 ўрин;
•    “Адолат” социал-демократик партияси 21 ўрин;
•    Халқ демократик партияси 18 ўрин;
•    Экологик партия 11 ўринни эгаллади.
Шундан сўнг сиёсий партиялар раислари сўз олиб, оғзидан бол томиб, ўтган сайлов жараёнларини мақтай кетди. 

Улуғбек Иноятов, Халқ демократик партияси раиси: 
— Номзодлар ўртасида рақобат муҳити бўлди. Халқимиз ўзининг ҳақиқий вакилини сайлаган кун деб қарашимиз керак. Бу жараёнларни ташкил этишда Сайлов кодексининг начоғлик олдинги қонунларимиздан такомиллаштирилганини алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Шу билан биргаликда, молиялаштириш масаласида партияларга тенг имконият берилгани бугун ўзининг натижасини берди. 

Актам Хаитов, ЎзЛиДеП раиси: 
— Бу йилги сайловлар ҳақиқатан ҳам янги Сайлов кодекси асосида жуда катта рақобат муҳити остида ўтди. 
Биринчидан, бу йилги сайловда медиа соҳасида жуда катта имконият яратиб берилди. 
Иккинчидан, молиялаштириш тизими бўйича катта эътибор қаратилди. 
Учинчидан, бу йил биринчи марта электрон воситалар ёрдамида сайловни кузатиш имконияти бўлди. 
 
Борий Алихонов, Экологик партия раиси: 
— Мен сизларни Ўзбекистонимизда демократик ўзгаришларнинг мисли кўринмаган демократик ўзгаришларнинг яққол намоёндаси бўлган сайловлар бўлиб ўтгани билан табрикламоқчиман. Биз илк бор ёш партия сифатида биринчи марта мана шундай сайловларга қатнашдик ва баралла айтишимиз мумкин, ҳаёт синовидан ўтдик. 

Наримон Умаров, “Адолат” СДП раиси: 
— Албатта, жуда катта жараён якунланди. Бу мамлакатимиздаги катта ўзгаришларнинг бир босқичи яхши якунлангани билан, аҳолимиз сайловларга бефарқ бўлмасдан, ҳаммалари фаол қатнашгани билан ҳаммамиз табриклаймиз. Энг асосийси, сиёсийси сиёсий партияларга бир хил шароит яратилди. Эфирда дейсизми, оммавий ахборот  воситаларидами... 

Алишер Қодиров, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси: 
Бу сайлов Ўзбекистонда сиёсий муҳит том маънода ўзгаргани сифатида баҳоланиши керак. Очиқ галашдик. Сиёсий партиялар ўртасида ўзаро рақобат очиқ ва шаффоф бўлди. “Миллий тикланиш” партияси жамиятимизга ўз таклифларини берди ва ҳозирги натижалар шуни кўрсатяптики, халқ парламентдан яққол бир кучнинг ажралиб чиқишини эмас, биргаликда ишлашни талаб қилмоқда.

Юқоридагиларни ўқиб қандай хулоса чиқаришни билмайсан киши. Бугун сайловолди жараёнларда қовун туширгану туширмаган партиялар раҳбарлари ўзининг “оташ”ли сўзлари, “ура, ура, ура” лари билан қовун туширишмаяптими? Қандай қилиб ҳамма партиянинг кўнгли бирдек тўлиши, ҳаммаси бирдек рози бўлиши мумкин? Агар улар бир овоздан розиликни ифода этаётган бўлса, бугунгача ўртада кечган рақобат ва курашнинг боиси не? 11 та ўрин олган ҳам, 43 та ўрин олган ҳам қарсакни бирдек чалаётгани кишини “ажабо” дейишга ундамайдими? 

Партия лидерлари сайловларни очиқ ва ошкора, шаффоф ўтганини бир овоздан такрор ва такрор таъкидламоқда. Алқаб, ташаккурлар айтмоқда. Хўш, нега? Аслида ҳам очиқ ва шаффоф бўлиши керак эмасмиди? Бу сайловнинг олтин қоидаси-ку. Бунинг нимасини алқаш, нимасига ташаккур айтиш керак? 

Партия раҳбарларини эшита туриб яна бир савол туғилади кишида: мазмун қолиб шаклга эътибор бериш қачон тугайди? Агар сайловнинг қандай ўтгани, ОАВда ёритилишини таърифлаш партия раҳбарларига қолган бўлса, халқаро кузатувчилар нима қиляпти. Сўз берилди, минбарга чиқдинг, гапни натижадан гапирмайсанми? Энди нима бўлишини айтмайсанми, дегинг келади. Эсиз..
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 237
Рейтинг: 3
Теглар
t
×