“Қўли калталатилган” ҳокимлар, Алламжоновнинг баёноти, ошаётган нархлар ва бошқа хабарлар

Жамият

Якунига етаётган 14 август кунининг энг муҳим воқеалари билан танишинг.

Президент мулкчиликка оид муҳим ҳужжатни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармонда  қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилиши белгиланди.

Хусусан, ҳокимларга ер-мулка оид қатор тақиқловлар қўйилди ва ваколатлари бекор қилинди.

Президент маъмурияти вакили: “Биз Шимолий Кореядан бир неча қадам олдиндамиз”

“Жанубий Корея қуролли кучлари КХДР синовидан ўтган қисқа масофали ракеталарга бардош беради. “Патриот” тизимлари ёрдамида бизнинг қуролли кучларимиз Шимолий Кореянинг қисқа масофага учадиган ракеталарига тўлиқ қаршилик кўрсатиши мумкин", дейди Жанубий Корея Президенти маъмурияти вакили.

Фельдшер ва ҳайдовчи эркакни калтаклади (видео)

Ижтимоий тармоқларда йўл четида тез тиббий ёрдам машинаси шифокорлари билан содир бўлган муштлашув акс этган видеоёзув тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишларини олиб бориб, маълумот берди.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари Ҳарбий прокуратурага топширилди

Шу йилнинг 7-8 август кунлари Қирғизистонда содир бўлган  воқеалардан бир кун олдин Қирғизистон ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимидан озод қилинган Курсан Aсанов ўз қўл остидагиларни хавф остида ва буйруқсиз қолдириб, далилларни яширган.

52 ўзбекистонликнинг “қотили”га ҳукм ўқилди

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ичида Ўзбекистонинг 52 фуқароси ёниб кетган автобус эгаси Ордухан Мехтиевга суд ҳукми ўқилди. Мехтиев уч йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Президентнинг қизи 614 миллионлик бизнес эгасилиги маълум бўлди

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг тўнғич қизи Мария Воронцова ОАВ 614 миллион АҚШ долларлик инвестицион лойиҳага эга бадавлат хоним сифатида кўрилмоқда. 

BBC`нинг ёзишича, Президентнинг қизи мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасида йирик хусусий инвестиция лойиҳасини амалга оширувчи компания эгаларидан бири бўлиб чиққан. Лойиҳанинг баҳоси 40 миллиард рубль ($614 миллион)га баҳоланмоқда.

Қашқадарёлик “уддабурон”лар қўлга тушди

“Ўзэнергоинспекция”нинг Қашқадарё ҳудудий бўлими ва Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар мобайнида Қарши туманидаги истеъмолчи “Ислом Мухтор Ҳамкор” МЧЖ томонидан электр энергиясидан фойдаланишда “ииновацион” ўғирлик устида қўлга тушди. 

Жиззахдаги ЙТҲда икки киши қурбон бўлди

Кеча, 13 август куни Жиззах вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши ҳалок бўлди. ЙТҲ соат тахминан соат 4:00 да Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги “Хонимқўрғон” ҚФЙ ҳудудидан ўтувчи “Тошкент-Термиз” йўлида юз берган. Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Янгиариқ” МФЙда яшаган 28 ёшли А.А. ўзининг Lacetti русумли автомобилида шу йўналишда, ўзидан олдинда ҳаракатланиб бораётган 53 ёшли И.А. бошқарувидаги КамАЗ-5410 русумли юк автомашинанинг орқа қисмига урилган.

Ваҳший қотиллик! Эр рафиқасига 30 марта пичоқ урди

Пойтахт Тошкент шаҳрида мудҳиш жиноят содир этилди. Эр турмуш ўртоғини ваҳшийларча ўлдирди, қайнонасини оғир яралади. Воқеа кеча, 13 август куни Тошкент шаҳри Миробод туманидаги “Рисовий” бозори атрофидаги маҳаллада юз берган. Эр 24 ёшли рафиқасига 30 марта пичоқ урган. Уларни ажратишга ҳаракат қилган қайнонасига ҳам 7 марта пичоқ билан зарба берган.

Бу сўз эркинлигига босим ўтказишнинг гибрид шакли – Блогерлар Алламжоновга эътироз билан чиқди

Хабарингиз бор, бугун, 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов баёнот билан чиқиб, ОАВ блогерларни огоҳлантирган эди.

Алламжонов ўз баёнотида бундан буён ҳар бир ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотларда, балки улар остидаги фуқаролар, фейк аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар учун ҳам қонунда белгиланган тартиб асосида жавобгар бўлишларини эслатиб ўтди. ОАВ ва блогерлардан қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда бундай маълумотларни ўтказмаслик ёки саҳифа остида ёзилган изоҳ бўлса, уни зудлик билан ўчириб ташлаш амалиётини йўлга қўйишни сўраган. 

Эртадан йўлкира қанчага ошиши маълум бўлди

Эртага, 15 августдан бошлаб Тошкентда автобус ва метрода йўлкира нархи 1400 сўм этиб белгиланади. Фоиз ҳисобида йўлкира ҳақи 16,7 фоизга ошади. Ойлик йўлкира карточкаларининг нархи ўзгармайди.

Атамбоев ҳибсхонада қандай шароитда сақланаётгани айтилди

Қийноқларнинг олдини олиш бўйича марказ раҳбари Нурдин Сулаймонов Қирғизистон Республикасининг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевни вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги шароитлар билан танишди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг