52 ўзбекистонликнинг “қотили”га ҳукм ўқилди
Олам
−
14 Август 2019
7416Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ичида Ўзбекистонинг 52 фуқароси ёниб кетган автобус эгаси Ордухан Мехтиевга суд ҳукми ўқилди. Мехтиев уч йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда “informburo.kz” хабар берди.
У носоз автобусдан қонунга зид равишда фойдаланишда айбланганди.
“Туркистон вилояти Сариоғоч туман суди Мехтиевни 3 йил озодликдан маҳрум қилиб, жазони хавфсизлик чоралар минимал даражада бўлган жазони қамоқхонада ўташини белгилади”, дейилади хабарда.
Ўзбекистонликларнинг ўлимига олиб келган ўша мудҳиш воқеа 2018 йил 18 январда Ақтўбе вилоятида юз берганди. Воқеа оқибатида 52 ўзбекистонлик ҳалок бўлган, 5 эркак, жумладан ҳайдовчилар тирик қолган. Автобус эгаси – қозоғистонлик Ордухон Мехтиев воқеадан кейин қочиб кетган ва халқаро қидирувга берилган. У 2018 йил 1 декабрда Тошкентда ушланиб, Чимкентга экстрадиция қилинган.
Айбланувчи транспорт воситасининг ёниши ва 52 кишининг ўлимига олиб келган техник носозликка эга автобусдан қонунга хилоф равишда фойдаланишда айбланган.
Ушбу иш бўйича 5 киши, жумладан уч ҳайдовчи – Барат Танатов, Нуржан Кирғизбаев, Максат Пернебеков ва автобусларнинг рейс олди кўригига жавоб берувчи “Азия транзит сервис” МЧЖ таъсисчиси Нурлибек Телепбаев ва механиги Баҳодир Пердебаев айбланувчилар деб топилган. 2018 йил ноябрда ҳайдовчилар 5 йиллик, таъсисчи ва механик 3,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
LiveБарчаси