Бу сўз эркинлигига босим ўтказишнинг гибрид шакли – Блогерлар Алламжоновга эътироз билан чиқди
Жамият
−
14 Август 2019
6995Хабарингиз бор, бугун, 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов баёнот билан чиқиб, ОАВ блогерларни огоҳлантирган эди.
Алламжонов ўз баёнотида бундан буён ҳар бир ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотларда, балки улар остидаги фуқаролар, фейк аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар учун ҳам қонунда белгиланган тартиб асосида жавобгар бўлишларини эслатиб ўтди. ОАВ ва блогерлардан қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда бундай маълумотларни ўтказмаслик ёки саҳифа остида ёзилган изоҳ бўлса, уни зудлик билан ўчириб ташлаш амалиётини йўлга қўйишни сўраган.
Алламжоновнинг ушбу баёноти ижтимоий тармоқларда, блогерлар орасида ва ОАВда кўплаб баҳс-мунозараларни келтириб чиқармоқда. Бунга зудлик билан блогерлар акс садо берди. Хусусан, блогер Муҳрим ўзининг Telegram’даги каналида шундай ёзади:
“Дейлик, давлат органида ишловчи виждонсиз бир ходим мени ёмон кўради ва мени қаматмоқчи. Фейк аккаунт очади-да, блогимдаги постлар остида давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар ёзиб кетади. Ярим тунда. Ярим тунда эса мен ухлаб ётганим учун бу комментларни кўрмай қоламан, кўрмаганимдан сўнг ўчиришга ҳам улгурмайман. Ўша виждонсиз ходим скриншотлар олиб, бемалол менга қарши иш оча олади. Ўша қонунда белгиланган тартиб асосида.
Шундай экан, бировни емаган сомсаси учун ҳақ тўлашга мажбур қиладиган қонун – бўлмағур қонун. Бирор тайинли халқаро ташкилотга экспертизага берилса, ўша қонунни ҳам “ОАВ тўғрисида”ги қонунимиз каби бир тийинга қиммат деб баҳолаб беради. Ҳар бурчакдан “сўз эркинлиги, сўз эркинлиги!” деб жар соляпмизу, лекин “комментаторнинг ёзгани учун сайт эгаси, блогер, админ жавоб беради!” деган мана бунақа сигналлар – жуда нохуш ва ёқимсиз. Истак бўлса, ҳар қандай аноним ва фейкнинг ортидаги одамни топса бўлади”.
Telegram ва Facebook`да таниқли блогер Умид Гафуров эса шундай ёзади:
“Ўзинга ёқмаган блогер борми? Фейк аккаунт очасан (ахир сен бунинг устасисан), ёмон изоҳ қолдирасан, скреен қилиб, блогерни қаматасан.
Тошкентда баъзи жойларда туман”.
Гафуров Алламжоновнинг айтганларини яна бир бор муҳокамага қўйди. Унинг иккинчи пости биринчисидан ўтиб тушди. Энди у барча амалдорларга юзланди.
“Менга шу қизиқ, агар мен долларнинг ақлбовар қилмас курси, паст ойлик маошлар, қиммат коммунал тўловлар, Венесуэладаги инфляция ва БААдаги бензин нархи ҳақида ёзсам...
Юқоридагилар бундай постларга фавқулодда адекват изоҳлар қолдиради деб, ўйлайдими? Амалдорлар булғайди, халқнинг ғазабига эса биз жавоб берамизми?”, деб ёзади блогер.
Блогер Ферузхон эса Алламжоновнинг видеомурожаатига видеожавоб йўллади. У шундай дейди:
“Хайрли тонг. Эрта тонгдан барча журналист ва блогерларнинг “отаси”, ҳимоячиси, ҳурматли Комил Алламжоновдан қойилмақом янгилик бўлди. У Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги йиғилишда яна бир бор ахборотнинг ишончлилиги, ёлғон хабарлар, шахсларнинг ҳақорат қилиниши учун жавобгарлик борлигини эслатиб қўйибди. Ҳаммаси тўғри. Лекин 3 дақиқа 50 сонияли видеони кўрсангиз, унда биз ва ОАВ хабарлардаги изоҳлар учун ҳам жавобгарлигимиз айтилган.
Шу муносабат билан “Ҳаммаси ажойиб бўлди Комил Исмоилович. Либерализм, демократия ва сўз эркинлигининг икки ойлик ғалабаси қойилмақом эди ва бошқалар. Бироқ, ўйлашимча, назоратни кучайтириб, бирор масала юзасидан ёзаётганда, одамларда аҳмоқона фикрлар туғилмаслиги тўғрисида банд қўшиш керак. Агарда шундай бўлса, тегишли идораларга хабар бериб, унга қонун доирасида чора кўрилишини йўлга қўйиш керак. Фақатгина нега бошқалар сўз эркинлигидан фойдалангани учун янгиликни ёзган одам жавоб бериши кераклигини тушунмаяпман. Бу менимча, сўз эркинлигига босим ўтказишнинг гибрид шакли. Яъни, биз ҳеч кимни жим қилмаймиз. Майли хоҳлаганини айтсин, лекин жавоб берсин. Кимни қўлга туширолмасак. Улар учун сиз жавоб берасиз. Бу даражадаги сўз эркинлиги учун раҳмат.
Яхшиси мен шарқ тарихи, французларнинг қандай яшаши, она Ватанимнинг табиати ҳақида гапираман. Бу тўғри ва хавфсиз бўлади. Ҳаммаси жойида бўлади ва асосийси эркин бир одамнинг ўз фикрларини тегишли бўлмаган шаклда баён қилгани учун қонунга кўра жавоб беришим керак бўлмайди. Мени бошқа бировнинг фикри учун жавобгарликка тортадиган қонун нега керак? Майли, булар муҳим эмас. Раҳмат, бу ажойиб эди. Сўз эркинлигидан мантиқлиликка эришиш учун курашга киришамиз. У ерда ғалаба қилдик, бу ерда ҳам ғолиб бўламиз”.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Эрманов охирги ҳафтада ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган амалдорлар бўлган эди. ОАК директорининг эрталабки баёноти яқин 10 кунликнинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуси бўлса ажабмас. Кузатишда давом этамиз!
LiveБарчаси