Мирзиёевнинг ШҲТ ва ОҲИЧК саммитларидаги иштироки бўйича расмий маълумот берилди
Жамият
−
11 Июнь 2019
4748Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Қирғизистон ва Тожикистонга ташриф буюриши ҳақида хабар берган эдик. Президентнинг икки давлатга сафари юзасидан расмий маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил 13-14 июнь кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда 15 июнь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг навбатдаги саммитларида иштирок этади.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисининг кун тартибидан устувор йўналишларда, жумладан, сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиш кўзда тутилган.
Саммит якунида Бишкек декларацияси қабул қилиниши, шунингдек, ташкилот доирасидаги кўп қиррали шерикликни, жумладан, ҳудудлараро алоқаларни, рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари, экология, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммити "Хавфсиз ва янада равнақ топган минтақа сари ягона назар билан" мавзуси остида ўтади. Унинг ишида кенгашга аъзо ва кузатувчи мамлакатлардан, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлардан 30 дан зиёд делегация иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Бишкек ва Душанбе шаҳарларида бўлиб ўтадиган саммитлардаги иштироки доирасида хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь