“Оёғим қалтирар эди”. Фуқаролар устозларини қандай эслашади?
Таҳлил
−
21:17 277 3 дақиқа
1 октябрь қайси соҳа вакилларига бағишланган кун эканини кўпчилик яхши билади. Бугун биз ҳар йили такрорланадиган “устозларни қадрлаш, эъзозлаш” ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Ҳар ҳолда ўқитувчи ва мураббийлар фақат бир кунгина ҳурматда бўлмаслиги кераклигини кўпчилик тушунган. Тўғри, мактабларда ҳамон жанжаллар, ҳурматсизлик ҳолатлари ҳам кузатилиб турибди. Аммо ҳозир улар ҳақида эмас, ўзбекистонликларнинг устозлар билан боғлиқ хотираларини эсга олмоқчимиз. Qalampir.uz жамоаси фуқаролар ўртасида сўровнома ўтказди.
“Энг қаттиққўл ўқитувчингиз ким бўлган?” деган саволга жавоб ҳаммада турлича. Бироқ ўхшашликлар ҳам йўқ эмас. Биз микрофон тутган йўловчиларнинг айримлари кўпроқ аниқ фанлардан дарс берган устозларини эслади.
“Математика ўқитувчиси бўлган. Исмини айта олмайман, чунки ҳозир ҳам қўрқаман (кулади). Очиғи, ёшликда камдан-кам дарс қилардик. Ўша пайтда роса урардилар. Шунинг учун қочиб, уларнинг дарсларига кирмасдик”, дейди суҳбатдошлардан бири.
Яна бир йўловчи эса “Шоҳимқулов Комил устоз энг қаттиққўл бўлганлар, кимё фанидан дарс берарди. Жуда қўрқардик. Ҳатто синф раҳбаримиз ҳам зир қалтираб турардилар”, дея мактаб пайтини эслади.
Мактабни битирганига уч йил бўлган қиз эса, қаттиққўлликлар баъзида ўзига хос жазо билан тугаганини айтди.
“Қаттиққўл устозларимиз кўп бўлган. Она тили устозимиз роса кўп уришарди. Дарсда жим ўтирмаганимизда, айтганларини қилмаганимизда мел отган пайтлари ҳам бўлган (кулади)”, дейди у.
Кейинги саволимиз эса “Ўқитувчиларингизнинг қайси танбеҳи ёки гаплари ёдингизда қолган?” бўлди. Жавоблар қаторида эса кўпчилик “менга ҳам шундай дейишган” деб ўйлаши мумкин бўлган машҳур гаплар ҳам бор.
“Менга энг кўп “сен одам бўлмайсан” дейишган, лекин Худога шукур, мана, ишлаб юрибмиз, ҳаммаси жойида. Устозларга раҳматларим бор. Институтга кирдик шу ўқитувчиларимиз орқасидан”, дейди сўровнома иштирокчиларидан бири.
Яна бир фуқаро эса, устозларининг ўгитлари бугун ҳаётида содир бўлаётганини тушунганини айтди.
“Бошида қандай бошласанг, охирида ҳам шундай тугатасан деган гапи бор эди, биринчи синф муаллимимизнинг. Ҳозир ҳам шуни кузатиб юрибман, ҳаёт шундай кетяпти. Қандай бошласак, охиригача шундай кетади. “Вақт тез ўтиб кетади, билмай қоласизлар” дердилар. Ростдан ҳам вақт тез ўтиб кетар экан. Катта бўлиб, тушуниб етяпмиз секин-секин”, дейди у.
Микрофон кўтариб, Тошкент кўчалари бўйлаб юрарканмиз, биз дуч келган фуқароларга “Агар имкон бўлганида қайси устозингизнинг дарсига кирган бўлар эдингиз?” деган навбатдаги саволни бердик.
“Биринчи бўлиб математика, алгебра фанига кирган бўлардим”, дейди бу саволга биринчи бўлиб жавоб берган йўловчи.
“Чунки, ўзим аниқ фанларни яхши кўраман. Ўзимизнинг синф раҳбаримиз, она тили ва адабиёт ўқитувчимизнинг дарсларига ҳам албатта кирган бўлардим. Жуда яхши эдилар, қаттиққўл эмасдилар. Баъзи жойда қаттиққўл ҳам бўлганлар, лекин барибир муомалалари бошқача эди. Бизга берган тарбиялари зўр бўлган, яхши ўқитувчи”, дея фикрини тугатди у.
Навбатдаги суҳбатдошимиз она тили устозини ҳаммадан устун кўришини билдирди.
“Она тили ўқитувчимнинг дарсига кирар эдим фақат. Сабаби, менга тилимни, ўз она тилимни улар ўргатган. Барча фанлар, масалан, тарих бўладими, математика бўладими, кимё бўладими уларни ўрганиш учун ёзиш ва ўқишни билиш керак. Ўша ёзишни, ўқишни ўргатганлиги учун она тили устозимга ҳурматим бошқача”, дейди у.
Батафсил YouTube саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
Мухлиса Орипова
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь