Сами Юсуфнинг концертида илк бор ўзбек хонандаси куйлади (видео)
Интервью
−
11 Март
26470Дунёга машҳур Исломий нашидалар ижрочиси, бастакор, чолғучи, британиялик хонанда Сами Юсуф Франциянинг энг нуфузли залларидан бири – Париж филармониясида концерт берди.
Катта оркестр таркибида Франция, Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Африка мамлакатлари ва озарбайжонлик мусиқачилар ҳам бор эди. Икки кун давом этган ушбу тадбирда тарихда илк бор ўзбек хонандаси ўзбек тилида қўшиқ куйлади. QALAMPIR.UZ ушбу санъаткор Илёс Арабов билан суҳбатлашди.
Қўшиқчи ўзининг Сами Юсуф билан илк учрашуви ва саҳнада бирга чиқиш қилгани ҳақида тўлқинланиб гапирди:
“Биз Сами Юсуф билан Самарқандда бўлиб ўтган “Боқий шаҳар” мажмуасининг очилиш маросимида бирга қатнашганмиз. Битта саҳнада чиқиш қилганмиз. Лекин ўша вақтда бир-биримизни яқиндан танимас эдик. Шунга қарамай бироз суҳбатлашиб, суратга тушган эдик. Сами Юсуф ўша ерда мен айтган қўшиққа ва жанрга қизиқиш билдиргандек бўлган эди. Шундан сўнг биз деярли кўришмадик. Орадан вақт ўтиб, 2023 йилда адашмасам, апрель ёки май ойларида мен ижтимоий тармоқ орқали Сами Юсуфнинг декабрь ойида Францияда бўлиб ўтадиган концертига таклиф этилдим. Аввал қўшиқчининг маъмури, кейин эса Сами Юсуфнинг ўзи мен билан боғланди”, дейди Арабов.
Шу ўринда Илёс Арабов концерт билан боғлиқ баъзи гап-сўзларга ҳам изоҳ берди.
“Кўпчилик менга Сами Юсуф билан қандай боғландингиз, деган саволни беряпти. Баъзилар ўйлагани каби бу ташаббус мендан чиқмаган. Менимча, у ҳамманинг ҳам таклифини қабул қилавермаса керак. Чунки бу жуда катта жамоа. Сами Юсуфнинг диди ҳам жуда ўткир. У мусиқани жуда яхши ҳис қилади, шеъриятни тушунади, бундан ташқари, тасаввуфдан ҳам хабардор. Шунингдек, бир нечта созларда куй ижро эта олади, мусиқа йўналишларини ҳам мукаммал даражада билади (у Лондондаги Қироллик мусиқа академиясини тамомлаган). Буларнинг барчаси мени қойил қолдирди. Унинг ижод намуналари бутун дунёга машҳур бўлишининг ҳам сири шунда, деб ўйлайман. Ўзи эса шунча мухлислари бўлишига қарамай, жуда ҳам камтар инсон”, дейди Илёс Арабов.
Сами Юсуфнинг концертида махсус ёзилган янги асарлар премьера қилинди. Арабов эса Париж саҳнасида нафақат машҳур қўшиқчининг концертида ўзбек тилида чиқиш қилган биринчи хонанда бўлгани, балки Навоий ва Румий ғазалларини жаҳон саҳнасида куйлагани билан ҳам жуда аҳамиятлидир.
“Хонанданинг маъмури менга бутун дунёдан созанда, хонандалар жалб қилинаётгани, ноодатий концерт ташкил қилиш ғояси борлигини айтишди. Кейин мен ундан қайси қўшиқни ижро этишимни сўрадим. Ўзбек тилида Навоийдан ва форс тилида Румийдан ижро этадиган бўлдим. Мен эса буни бажонидил қабул қилдим. Кейин бориб-келишимиз ва тайёргарлик жараёнлари келишилди. Концертдан бир ой аввал онлайн, бир ҳафта аввал эса бориб, биргаликда тайёрландик. Бу жараёнларда биз бошқа солистлар билан ким қайси вақтда, қандай ижро этиши ҳақида гаплашдик. Шундан сўнг, 9-10 декабрь кунлари Франциянинг Париж шаҳрида концерт бўлиб ўтди”, дейди хонанда.
Қўшиқчининг сўзларига кўра, бу концертда айнан Навоийнинг ғазали билан чиқиш қилиши у учун ҳам жуда катта воқеа бўлди.
"2020 йилда Алишер Навоийнинг қабрини зиёрат қилиш насиб қилганди. Ушбу воқеа ҳам Навоий ғазалларига қизиқишим ва унинг ижодига бўлган муҳаббатимнинг ортишига сабаб бўлган бўлса керак”, дейди Арабов.
Шунингдек, концерт дастурида бошқа маданиятларга мансуб, бошқа мамлакатлардан келган хонандалар қатнашган. Ушбу чиқишларнинг асосий мақсади ҳам турли тарихга, турли жанрга эга бўлган бутун дунё санъатини бир нуқтада, бир саҳнада жамлаш эди. Сами Юсуфнинг ўзи ушбу концертнинг у учун аҳамиятини шундай тасвирлаган:
“Ҳеч нима мени ”Йўллар кесишганда” концерт дастурини Парижда тақдим этганимдан кўра бахтлироқ қилолмасди. Париждаги концертларимиз Шарқ ва Ғарбнинг муқаддас ва тасаввуфий бадиий анъаналарини яқинроқ қилиш, бирлаштириш мақсадида яратилган барча янги мусиқаларни ўз ичига олади”, деган қўшиқчи.
Париж филармониясида ўзбек ва форс тилларида чиқиш қилган Арабов эса концерт номининг танланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно борлигини алоҳида урғулади.
“Концертнинг номи ҳам катта эътибор билан танланган. “When paths meet”, яъни “Йўллар кесишганда”. Чунки концертда турли мамлакатлардан, турли маданиятлардан келган қўшиқчилар ўз чиқишлари билан қатнашди. Бу жуда ҳам катта лойиҳа бўлди. Ҳали бутун дунёда бундай проект кузатилмаганди. Концертдаги асарларнинг ҳаммаси жуда ҳам фалсафий эди. Сами Юсуф томонидан басталанган асарлар ҳар томонлама қойил қолса арзийдиган ижод намунаси эди. Мен концертдан катта тажрибага эга бўлиб қайтдим. Бу мен учун жуда катта мотивация ва маҳорат мактаби бўлди, деб айта оламан", дейди у.
Хонанда бу даражага эришгунга қадар босиб ўтган йўли, уни қўллаб- қувватлаган одамлар, шунингдек, бошидан кечирган қийинчиликларини эслади. Арабовнинг билдирилишича, унинг энг қийин даврларидан бири қўшиқчи сифатида эндигина санъат оламига кириб келган пайти бўлган.
“Инсон ҳаётидаги ҳар бир воқеа катта таъсирга эга. Мен учун қийинроқ бўлган давр, деб санъатга хонанда сифатида кириб келган вақтимни айта оламан. Чунки мен қўшиқчиликка эмас, созандаликка ўқиганман. Аввало, созанда бўлиб устоз санъаткорларининг орасида танилганман. Кейин эса хонандалик фаолиятимни бошлаганман. Мақсадим фақат танилиш эмасди. Ушбу соҳада ўз ўрнимни эгаллашни истагандим. Ўша вақтда жуда кўп қийинчиликлар бўлди. Хонанда сифатида фаолиятимни бошлаганимда баъзилар буни яхши қабул қилмаган. Бунинг сабабини ҳали ҳам тушунмайман. Ҳаммага ҳам бирдек ёқавермайсиз. Лекин халқ янги қўшиқчи чиқибди, деб фаолиятимни яхши қабул қилган. Бундан ташқари, 2011 йилда “Шарқ тароналари”да қатнашганман. Бу ҳам жуда қийин бўлган. Ўшанда бизга Гран-при берилиши керак эди, аммо махсус соврин беришган. Айни пайтда ушбу совринни олиш ҳам катта ютуқ эди”, дейди Илёс Арабов.
Бир инсоннинг катта натижага эришишида, албатта, унга елкадош бўлган ва қўллаб-қувватлаган инсонлар бўлади. Илёс Арабов эса ушбу узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтишида, эришган ютуқларида онаси, устозлари ва дўстларининг катта ҳиссаси бор, деб ҳисоблайди.
Суҳбат сўнггида хонанда ўзбек қўшиқлари Сами Юсуфнинг кейинги лойиҳаларидан ҳам жой олиши мумкинлиги ва ўзининг келгусидаги режалари ҳақида гапирди.
“Сами Юсуф, албатта, жуда катта лойиҳаларни ўйлаб қўйган. Уларнинг барчаси эълон қилинмаган бўлса-да, қўшиқчининг ўзбек хонандаларига ва ўзбек санъатига катта қизиқиши бор. Мен эса, аслида мақом йўналишида ижод қиламан. Шу сабабли кўпроқ Навоий, Бобур, Ҳофиз, Жомийдан ғазаллар ижро этаман. Бундан кейин ҳам шу йўналишда давом этмоқчиман”, дейди суҳбатдошимиз ўз сўзини якунлар экан.
Маълумот учун, Илёс Арабов Бухоро вилоятида туғилган. Мактаб давриданоқ шаҳардаги 5-сон болалар мусиқа мактабида дутор чалишни ўрганган. 1998 йилда Бухоро давлат санъат билим юртига “Анъанавий ижрочилик” бўлими дутор синфига ўқишга қабул қилинган. 2002 йилда Ўзбекистон давлат консерваторияси “Анъанавий ижрочилик” кафедрасига, 2008 йил шу таълим масканининг аспирантурасига қабул қилинган.
2003 йилда Юнус Ражабий номидаги VI республика мақом ижрочилари кўрик танловида ғолиб ўлган. 2008 йил “Ниҳол” давлат мукофотига, 2011 йил Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган VIII халқаро “Шарқ тароналари” фестивалида UNESCO'нинг махсус совринига, 2014 йил “Йилнинг энг яхши анъанавий қўшиқлар ижрочиси” йўналиши бўйича “Эътироф-2014" мукофотига сазовор бўлган.
Хонанда 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланган.
Арабов ҳозирда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти “Мақом чолғу ижрочилиги” кафедрасида кафедра мудири, доцент лавозимида ишлаб келмоқда.
LiveБарчаси