Арипов, Абдуҳакимов, Умурзоқов қаердасиз? Юнусободликлар сизни қидиряпти
Таҳлил
−
16 Октябрь 2023
15976Бундан роппа-роса 2 ой аввал, 7 июнь куни QALAMPIR.UZ’да “Тошкентда 100 йиллик вируслар қўзғалиши мумкин” номли журналистик суриштирув эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, “Шайх Шиблий” маҳалласи фуқаролари таҳририятга мурожаат қилиб, юқумли касалликлар учун махсус дорилар, вакциналар ишлаб чиқарган Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ўрнида “BIOFARM PLUS” МЧЖ томонидан кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилиши бошлангани, фуқаролар институт ҳудудида ҳайвонлар қабристони ва махсус “беккери” ўралари борлиги учун қурилишдан хавотирда экани айтилган эди.
Шу билан суриштирув тугагани йўқ. Балки таҳририятга тақдим этилган ҳужжатлар асосида “Тошкентда ўлим хавфи бор. “СЭС” тошкентликлар қотилига айланмоқчими?” номли иккинчи суриштирув ҳам эълон қилинди. Унда МЧЖ вакиллари тақдим этган ва бир неча йил аввал институт ҳудудида “беккери” ўраси борлиги айтилган ҳужжатлар асос қилиб келтирилган.
QALAMPIR.UZ бу мавзуга яна қайтди. Тушунганингиздек, бу ҳолатга жиддий қараган мансабдорлар, мардлар топилмади. Аввалги суриштирув сўнгида Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудидан 30 май куни олинган намуна жавоблари эълон қилингач, бу мавзуга қайтишимиз айтилган эди. Даставвал, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси расмийлари 30 кунда текширув натижалари эълон қилинишини айтишди. Бу жараён 30 кундан 50 кунга чўзилди қўмита текширув жавобларини 21 июль куни эълон қилди.
Аҳоли эътирозига сабаб бўлган мазкур масала бир нечта ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганилганини айтиб гапни бошлаган қўмита, жорий йилнинг 30 май куни “беккери” ўраси деб тахмин қилинган 6 та нуқтадан 15 та намуналар олинганини маълум қилган.
“Олинган намуналар Санэпидқўмитанинг ўта хавфли юқумли касалликлар лабораторияси ва унинг Тошкент шаҳар бошқармаси лабораторияларида ҳамда бир вақтнинг ўзида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси лабораторияларида таҳлил қилинди.
Узоқ муддатли ўтказилган микроскопик, бактериологик ва биологик усулида текширувларда ўта хавфли юқумли касалликлар қўзғатувчилари аниқланмади”, дейилган қўмитанинг расмий баёнотида.
Қўмита “текширувларда ўта хавфли юқумли касалликлар қўзғатувчилари аниқланмади”, деб қутилган. Аммо касаллик қўзғатувчи аниқланмагани у ерларни қазиш, уй қуриш, одамлар яшаши мумкин”, деганими йўқми аниқлик киритмаган.
Энди QALAMPIR.UZ ихтиёридаги айрим ҳужжатларга эътибор қаратсак. 2018 йил декабрь ойида ветеринария қўмитаси директорининг ўринбосари Шуҳрат Жабборов Тошкент шаҳар ҳокимлигига хат йўллаган. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24 ноябрдаги топшириғига мувофиқ Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтида текширув ўтказгани ҳақида сўз боради.
“Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириғи билан, собиқ Тошкент давлат вакцина ва зардоб илмий-тадқиқот институтига қарашли бинолар ва бошқа иншоотларнинг ветеринария-санитария ҳолати, шунингдек, ҳудудда умумий овқатланиш ишлаб чиқариш объектлари ва таълим муассасаларини жойлаштириш имкониятлари комиссия иштирокида, тупроқ намуналар олган ҳолда ўрганилди.
Шунингдек, Тошкент давлат илмий-тадқиқот институти раҳбариятининг сўзларидан вакциналар ва зардоблар, институт ҳудудида куйдиргига қарши вакциналар ишлаб чиқарилгани, экспериментал ҳайвонларнинг клиникагача синовлари, шунингдек, тажриба йўли билан касалланган ҳайвонларнинг қолдиқларини куйдириш ва кўмиш жойлари мавжудлиги аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ветеринария фаровонлигини таъминлаш мақсадида ушбу жойда ҳар қандай қурилиш ишларини олиб бориш тақиқланади”, дейилади ҳужжатда.
Бу хатни Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборов имзолаган.
Эътиборингизга 2018 йилдаги яна бир хатни тақдим этамиз ва ундан кейин нима учун ўша вақтда пойтахт ҳокимлигига хат йўллангани ҳақида маълумот берамиз.
Тошкент шаҳар Давлат санитария эпидемиология назорати маркази Бош врач ўринбосари Алимжонов томонидан берилган хатда, СанПиН талабларига мувофиқ қурилиш ишларини амалга оширилиши лозимлиги эслатилган ҳолда шундай дейилади:
“Юзага келадиган эпидемиологик вазиятнинг олдини олиш мақсадида, ҳудудда мактабгача, мактаб ва тиббиёт муассасалари, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш объектлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва ҳар қандай қурилиш ишларини олиб бориш мутлақо мумкин эмас”, дейилади хатда.
Энди ҳозирги эмас 2018 йилдаги можарога қайтсак. QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, 2018 йилда Институт ҳудудида мактаб қуриш режа қилинган. Ўша вақтда ҳам фуқаролар норозилиги ва бошқа бир нечта сабаблар билан мактаб қурилиши тўхтатилган. Юқоридаги хатлардан келиб чиқадиган бўлсак, хат айнан ўша вақтда Тошкент шаҳар ҳокимлигига юборилгани эҳтимоли юқори.
Айни шу мавзуда тайёрлаган аввалги видео таҳлилни томоша қилган бўлсангиз, унда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат шифокори муовини Баҳром Ибрагимович Алматовнинг 2018 йил апрель ойидаги хулосалари тақим этилган эди.
Унда ҳудудда ўлган ҳайвонлар кўмилган 3 та “қабристон” мавжудлиги ва “Беккери ўраси” ва “муфель” печи борлиги ҳам қўшимча қилинган.
Тарихга назар солиб, расмий идораларнинг расмий вакилларининг имзоларига ишонадиган бўлсак, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ўрнида ҳеч қандай қурилиш қилиш мумкин эмас.
2018 йилдан буён бор йўғи 5 йил вақт ўтди. Бу орада ҳудудга боғлиқ ҳеч нарса ўзгармади. Расмийлар фикридан бошқа. Юқорида айтилганидек, ҳудуддан намуналар 30 май куни олинган ва натижалари тоза чиқани айтилганди.
Хўш, шунда 2018 йилдаги ҳужжатлар қалбакими ёки ҳозиргилар?
“Олинган намуна натижаларнинг жавоблари ижобий. Таҳлил натижаларида ўта хавфли юқумли касалликлар, аниқ қилиб айтганда, куйдирги касаллиги қўзғатувчиси аниқланмади. Бу ҳақда ОАВ орқали маълум ҳам қилдик. Ҳудудда қурилиш қилиш масаласида бир эмас, бир нечта ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Албатта, бу масаланинг аниқ натижасини ҳам Шайх Шиблий маҳалласи фуқароларига маълум қиламиз. Қолаверса, ҳудудда ҳақиқатан ҳам “беккери” ўраси, “муфель” печи бор ёки йўқлиги архив ҳужжатларидан ўрганилмоқда”, дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошлиғининг ўринбосари Ботир Қурбонов.
Тупроқ тоза чиққан, қурилиш масаласида аниқ жавоб айтилади дейилганига ҳам деярли 3 ой бўлди. Ҳозиргача кимдир ғиқ этканича йўқ. Лекин маҳалла аҳли жим ўтирмаяпти. Уларнинг айтишича, қурувчи компания аллақачон керакли ишларни бошлаб юборган.
Қурилиш компанияси юристи тақдим этган ва таҳририятга етиб келган маълумотларга кўра, институт ер майдони ҳамда бино-иншоот Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан “BIOFARM PLUS” МЧЖга мулк ҳуқуқи асосида 2022 йилнинг 20 декабрида ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси Архитектура шаҳарсозлик кенгашининг 205-сонли баёнига асосан, Юнусобод тумани Қурилиш бўлими томонидан мавжуд бинони ҳуқуқий ҳужжатга эга бўлган қисмини “Пастки қаватларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти бўлган кўп қаватли турар-жой мажмуаси”га қайта ихтисослаштириб, реконструкция қилиш учун 2022 йил 26 декабрда рухсатнома берилган.
Рухсатноманинг "Юнусобод тумани Қурилиш бўлими томонидан мавжуд бинони ҳуқуқий ҳужжатга эга бўлган қисмини “Пастки қаватларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти бўлган кўп қаватли турар-жой мажмуаси”га қайта ихтисослаштириб реконструкция қилиш учун рухсатномаси берилган”, деган қисмига эътибор қаратсак.
Тушунганингиздек, ҳудудда кўп қаватли бино қуриш эмас, балки борини реконструкция қилиш ҳақида гап кетяпти. Маҳалла фаоллари эса ҳудудда аллақачон кўп қаватли бино қуриш учун ерларни қазиш ишлари бошланганини айтишмоқда.
Энди савол! Хўш, бу рухсатнома бор биноларни бузиш ва “котлован” қазиш ҳуқуқини берадими?
Бу саволга Уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси инспектори Эгамназар Жўраев жавоб беради.
“Кўп қаватли турар жой мажмуасини қуришга юқоридаги рухсатнома асос бўла олмайди. Бу ҳужжат асосида архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилиши керак. Ундан кейин, лойиҳа олди ва лойиҳа ҳужжатлар ишлаб чиқилиши, экспертиза хулосалари олиниши, лойиҳа шаҳарсозлик кенгашида тасдиқланиши лозим. Коммунал соҳа ташкилотлари, ёнғин хавфсизлиги, СЭС, экология ҳокимлик қошидаги комиссия аъзолари бу ҳужжатларни кўздан кечиради. Буларнинг барчаси тасдиқдан ўтганидан кейин, лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади ва тегишли ташкилотларнинг ижобий хулосаси олинганидан кейин экспертиза хулосалари олиниши лозим. Ана ундан кейин Қурилиш, геоинформатика ва шаҳарсозлик кадастри давлат лойиҳа-қидирув илмий-тадқиқот институти (ЎзГАШКЛИТИ) томонидан лойиҳани ҳудудга тадбиқ этиш ва қозиқ қоқиш амалга оширилади. Шу қозиқ қоқилганидан кейингина, котлован қазиш мумкин бўлади”, дейди инспектор Эгамназар Жўраев.
Унинг қўшимча қилишича “BIOFARM PLUS” МЧЖ Уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмагани ва хабарсиз қурилиш ишларини бошлагани учун қурилиш ишларини тўхтатиш тўғрисида бир неча маротаба огоҳлантирилган.
Қўлимиздаги яна бир ҳужжатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Бош прокурор ўринбосари Баҳриддин Валиев шу йилнинг 14 август куни Бош вазир Абдулла Ариповга хат йўллаган. Бу хатда собиқ Тошкент вакцина ва зардоблар илмий тадқиқот институти 1918 йилдан фаолият юритиб, институт олимлари томонидан 150 га яқин бактериологик препаратлар ишлаб чиқарилгани ва ҳозирги вақтда ҳудуд кимга тегишлилиги ҳақида сўз борган. Шунингдек ,”зам прокурор” Бош вазирга бир нечта таклиф ҳам берган.
“Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги агентлиги Ўта хавфли юқумли касалликлар лабораториясининг ушбу ҳудуддан олинган тупроқ намуналари бўйича маълум қилинган 2020 йил 7 декабрдаги хулосасига кўра, тупроқ юза қисми ва 50 ва 75 см чуқурликларда B.Pseudoantracis қўзғалувчиси аниқланган.
Маълумот учун, “BIOFARM PLUS” МЧЖ томонидан ушбу ҳудудда аҳоли учун кўп қаватли бино-иншоотлар қуриш билан боғлиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Ҳозирда, “Belpharm” хорижий корхонасига ажратилган ер майдони қайтариб олинганлиги, инвестиция лойиҳаси ишга тушмасдан, корхона раҳбарларининг турли идораларга мурожаат қилишига олиб келмоқда.
Юқоридагиларга кўра, хорижий корхонанинг инвестиция лойиҳасини тўлиқ қувватда ишга тушириш ҳамда аҳолининг санитария осойишталигини таъминлаш мақсадида:
- Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Кичик халқа йўли ва Бодомзор йўли кўчаси 37-уй манзилида жойлашган “BIOFARM PLUS” МЧЖ фойдаланишидаги ер майдонини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олган ҳолда Тошкент вакцина ва зардоблар илмий тадқиқот институти ихтиёрига ўтказиш;
- Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ихтиёридаги ер майдонидан “Belpharm” хорижий корхонасига 1,18 гектар ер ажратиш масаласини кўриб чиқиш;
- “BIOFARM PLUS” МЧЖга компенсация тариқасида бошқа ҳудуддан ер майдони ажратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилади”, дейилган Бош прокурор ўринбосари Валиевнинг Абдулла Ариповга йўллаган хатида.
Демак, бу ҳудудда қурилиш қилиш мумкин эмаслиги, 2020 йилда олинган намуна жавоблари қониқарсиз чиққани ҳақида Бош прокурор ўринбосари ҳам билади. Билмаса, ишонч билан кимсан Бош вазирга таклиф хати йўлламайди-ку. Видео аввалида айтганимиздек, мутасаддилардан бу мавзуга эътибор қаратишларини сўраймиз. Улардан кўп нарса талаб қилинмайди. Шунчаки, ёзилган қонун-қоидалар ишлаши учун туртки бўлишлари ва одамлар саломатли учун жон куйдиришлари сўралади, холос. Ахир, Янги Ўзбекистоннинг “катталари” Инсон қадри учун ишлашяпти-ку, тўғрими?
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь