Польшада мутант полиомиелит вируси аниқланди
Олам
−
19 Ноябрь
2637Польша пойтахти Варшава оқова сувларида мутацияга учраган полиомиелит вируси аниқланди. Бу ҳақда мамлакат Бош санитария шифокори Павел Гжесёвский маълум қилди.
Қайд этилишича, сўнгги 22 йил давомида Европа ёввойи полиовирус келтириб чиқарадиган инфекциялардан холи бўлган. Польшада ушбу касалликнинг сўнгги ҳолати 1984 йилда қайд этилган. Бироқ янги ҳолатлар Осиё ва Африкада ҳали ҳам кузатилмоқда, шунинг учун полиомиелит унутилмаган. Шаҳар оқова сувлари мунтазам равишда полиовирус бор-йўқлиги текширилади. Сўнгги текширувлар эса мамлакат учун ташвишли натижаларни кўрсатган.
“2024 йилнинг ноябрь ойида Варшавада тўпланган оқова сув намуналарида 2-тур полиовирус аниқланган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига мувофиқ профилактика чораларини қўллаш заруратини билдиради. Шунга ўхшаш ҳолатлар сўнгги пайтларда Испания ва Буюк Британияда ҳам кузатилган”, дейилади Бош санитария назорати хабарида.
Гжесёвский вазият ташвишли эканини тан олган, аммо ҳозиргача бирорта ҳолат тасдиқланмаганини қайд этган.
“Энг муҳим хабар шуки, агар сиз эмланмаган бўлсангиз, Польшада 40 йил давомида ёввойи полиомиелит кузатилмаган бўлса-да, вазият ўзгариб бормоқда”, деди у матбуот анжуманида.
Мутацияга учраган вирус шакллари эмланганлар учун хавф туғдирмайди, бироқ эмланмаган ва вакцина орқали иммунитетга эга бўлмаган одамларга хавфли бўлиши мумкин.
Маълумот учун, полиомиелит (ёки қисқача полио) – бу полиовирус келтириб чиқарадиган ўта юқумли вирусли касаллик. У асосан 5 ёшгача бўлган болаларда учрайди, аммо ҳар қандай ёшдаги одамларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Касаллик марказий асаб тизимини зарарлаши оқибатида фалаж (тўсатдан ҳаракат қила олмаслик), мушакларнинг кучсизланиши ёки ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларни полиомиелитга қарши эмлаш бўйича уч кунлик кампания доирасида масжидлардан фойдаланишга қарор қилган эди.