Тошкентда хавфли вирус тарқаляптими? (видео)
Саломатлик
−
16:12
5704Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида хавфли вирус тарқалаётгани, баъзида касаллик пневмония билан мураккаблашаётгани ва вирус кўпинча болаларга таъсир қилиб, уларда пневмонияга олиб келаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилфуза Расулова муносабат билдирди.
“Бу хабарлар асоссиз, чунки кунлик ва ҳафталик респиратор вирусли инфекциялар, грипп А касаллигини кундалик таҳлиллари олиб борилади. Шу билан бирга, беморлардан вирусологик таҳлиллар учун лаборатория синовларини ўтказамиз. Охирги олинаётган лаборатория таҳлиллари натижасида гриппнинг А тури, яъни ўша мавсумий гриппнинг А турини аниқламоқдамиз. Шу билан бирга, ўткир респиратор вирусли инфекциялар турига кирувчи респиратор сенсициал вируслар ҳамда риновируслар ҳам ушбу беморларимизда аниқланмоқда. Демак, ҳозирги кундаги беморларнинг шикоятларида мушак оғриғи, тана ҳароратининг юқори даражада кўтарилиши, баъзи ҳолатларда йўтал ва кўздаги оғриқ, бурун оқиши, тумов белгилари айнан гриппнинг А турини клиник белгиларига тўғри келади. Биздаги ҳозирги ҳолат мана шу гриппнинг А тури билан боғлиқ бўлаётган вазият ҳақиқатда Тошкент шаҳар аҳолиси орасида сўнгги ҳафталарда бирмунча юқори кўрсаткичлар билан рўйхатга олинмоқда”, дейди Расулова.
Унинг айтишича, Тошкент шаҳрида жойлашган барча даволаш-профилактика муассасаларида қўшимча бемор ўринлари ташкил этилган. Кузатилаётган беморлар билан эпидемиологик анализ йиғилганда барча беморларда ушбу касаллик ўзининг кескин бошланиши, тана ҳароратининг юқори даражада кўтарилиши билан боғлиқ бўлмоқда. Бугунги кунда даволаш-профилактика муассасаларида ўткир респиратор вирусли инфекциялар ва грипп касаллигини даволаш учун вирусга қарши дорилар ҳамда симптоматик даволаш учун дорилар захираси яратилган ва даволаш ишлари олиб борилмоқда.
“Фурсатдан фойдаланиб, грипп А касаллигининг аҳоли ўртасида кенг тарқалишини инобатга олган ҳолда, биз фуқароларимиздан ушбу касалликни олдини олиш чора-тадбирларини амалга оширишингизни сўраб қоламиз. Биринчи профилактик тадбирлардан бири бу бемор инсон рўйхатга олинганда, яъни касалликнинг клиник белгилари кузатилганда, ишга, ўқишга, боғчага бормасдан, уйингизда қолишингиздир. Ҳудудий оилавий шифокорингизга уйга чақирув қилишингизни сўраб қоламиз. Албатта, шифокор тавсиялари асосида ётоқ режимига риоя қилган ҳолда даволаш чора-тадбирларини амалга ошириш керак бўлади”, дейди Дилфуза Расулова.
LiveБарчаси
16:25