Олий суд одил судми? Сўз янги раисга
Интервью
−
15 Декабрь 2022
11581Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов лавозимидан озод этилиб унинг ўрнини Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов эгаллаганига 4 ойдан ошди.
Ўтган ойлар мобайнида суд тизимига бўлган қарашлар ўзгарганича йўқ. Тан олиш керак, бугун одамлар суддан норози. Судда югур-югурнинг кўплиги, суд мажлисларининг ўз вақтида бошланмаслиги, суд қарори, ҳукмлари адолатли чиқарилмаслиги, энг ёмони суд қарорининг ижроси бажарилмаслиги кўп танқид қилинади. Қолаверса, давлат раҳбари ҳам тизим ҳақида ижобий фикрда, деб айтолмаймиз.
Роппа-роса бир ой олдин, 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан Президент Шавкат Мирзиёев йиғилиш ўтказгани ёдингизда бўлса керак.
Судлар фаолияти, аввало, инсон тақдирига, дахлдор масала экани ҳақида алоҳида гапирган давлат раҳбари мамлакатда судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, ишларни кўришда холислик, адолат ва қонунийликни таъминлаш чоралари кўрилаётгани ҳақида айтган эди. Шавкат Мирзиёев вилоят судлари одил қарор чиқариш бўйича етарлича масъулият олмаётгани сабабли оворагарчиликлар кўплигини ҳам танқид қилганди.
Олий суд раиси бўлиш осон эмас, яхшими ёмонми тош келиб шу одамнинг бошига тегади. Одамлар судялардан эмас, уларнинг раҳбарларидан норози бўлишади. Айниқса, адолат кутаётган ва адолатсизлик қурбони бўлганлар судда адолат йўқлиги, бу тизим ўзгармаётгани, одамлар тақдири кимнидир қўлида ўйинчоқ бўлаётганидан нолишади.
Олий суд раиси бўлганига 4 ой бўлган Бахтиёр Исломов шу вақтгача ОАВга интервью берганини кўрмадик. Одатда раҳбарлар доим ҳам тутқич бермайди. Улар Матбуот анжумани (агар келишса), ёки ҳисобот йиғилишларидаги чиқишлари билан чекланади. Тан олиш керак, ҳозиргача интервью беришдан бош тортаётганлар йўқ эмас. Бахтиёр Исломовни катта конференцияда учратиб қолганимиздан фойдаланиб, икки оғиз интервью олдик. Олий суд раиси бугун суднинг фаолиятидан розими? Айнан шу савол билан унга юзландик.
“Ҳақиқатан ҳам иш бошлаганимга уч ойдан ошди. Камчилигимиз жуда кўп. Одил судловни таъминлаш борасида, олдимизга қўйилган вазифаларни тўлақонли бажаряпмиз деб айтолмайман. Ишлашимиз керак. Судяларни ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш масалалари бор. Суд қарорларининг устида ишлашимиз керак. Шунингдек, суд қарорларининг сифати масаласи, ишларни қонунда белгиланмаган вақтда кўриш масаласи бор. Ҳозирги кунда камчиликларни кўриб таҳлил қиляпмиз, Президент олдимизга қўйган мақсадларни бажариш, халқни рози қилиш, одил судловни таъминлаш қонун устуворлигини таъминлаш борасида суд ўз ўрнини кўрсатади деб ўйлайман”, дейди Бахтиёр Исломов.
Олий суд раисининг тизим ва унинг камчиликлари ҳақидаги фикрлари билан танишдингиз, сизчи, бугунгача судларга ишингиз тушганми? Сиз судлар фаолиятини қандай баҳолайсиз?
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15