Туркия теракт учун қасос олмоқчи. Иш ортида АҚШ бор…ми?
Олам
−
14 Ноябрь 2022
1413013 ноябрь. Соат 16:13. Истанбул. Шаҳарнинг сайёҳлар кечаю кундуз гавжум Тақсим майдонининг Истиқлол кўчаси. Портлаган бомба товуши бундан бир неча чақирим узоқдаги кўчаларга ҳам эшитилди.
Портлаш оқибатида 81 киши жароҳатланди, 6 киши вафот этди. Жароҳатланганларнинг 50 нафарига шифокорлар шу куннинг ўзида жавоб берган. 31 киши шифохонада қолмоқда. Жонлантириш бўлимидаги 5 кишидан 2 нафарининг аҳволи оғир.
Портлаш содир бўлганидан сўнг, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари Истиқлол кўчасига олиб борувчи йўлларни ўраб олди, У ерда жойлашган барча муассаса ва бинолар ёпилди. Кейинроқ бошқа туманларга ўтувчи кўчалар фақат пиёдалар учун очилди.
Истанбул прокуратураси қўзғатган жиноий ишда ҳолат теракт сифатида баҳоланди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўзида бўлган дастлабки маълумотларга кўра, портлашда террор аломатлари борлигини айтди.
Айни дамда барча видеокамералардан олинган ёзувлар таҳлил қилиниб, бомба жойлаштирилган сумка айнан қаерда қолдирилганлиги аниқлаш устида иш олиб борилмоқда.
Эрдўған Истанбулдаги портлаш учун айбдорлар “қилган ишига яраша” жазо олишига ваъда берди.
Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу ўз нутқида, терговда террор ҳужуми изларида Сурияга олиб борадиган далиллар борлигига эътибор қаратди ва Анқара томонидан террорчи деб тан олинган гуруҳлар бунга алоқадорлигини айтди.
“Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, ҳужумни амалга ошириш буйруғи Кобанидан, ҳужумчи эса Африндан келган”, дейди вазир.
Туркия расмий идораларининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича портлашда қурбон бўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ.
Истанбул ҳокими Али Ерлиқоя ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали қурбон бўлганларнинг шахсини очиқлади. Портлашда Арзу Ўзсой ва унинг қизи Яғмур Учар, Юсуф Майдон ва қизи Эcрин Майдон, Адем Тўпқора ва унинг рафиқаси Муқаддас Элиф Тўпқора исмли фуқаролар қурбон бўлган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг Туркиядаги элчихонаси, жумладан Истанбулдаги консуллик портлашда қурбон бўлган ва жароҳатланган ўзбекистонликлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот бермади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 14 ноябрь куни Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга таъзия билдирди. Ўзбекистон раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига таскин-тасалли ва бардамлик, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Италия, Озарбайжон, Исроил давлат раҳбарлари, шунингдек, Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳамдардлик билдирди.
Қозоғистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги республика фуқароларидан имкон қадар эҳтиёт бўлишни сўради. Британия Ташқи ишлар вазирлиги инглизларни Туркияга ташриф буюрганда ҳушёрликни оширишга чақирди.
Оқ уй Истанбулдаги портлашни қоралади, қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
“Америка Қўшма Штатлари бугун Истанбулда содир бўлган зўравонлик ҳаракатини кескин қоралайди. Ақлимиз жабрланганлар биландир, шунингдек, яқинларини йўқотганларга чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, деб ёзди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер ўз ёзма баёнотида.
Шунингдек, ҳужжатда, АҚШ терроризмга қарши курашда НАТОдаги иттифоқдоши Туркия билан елкама-елка туриши айтилган.
Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу эса Истанбулда юз берган терактда АҚШни айблаб, ушбу давлатдан ва унинг Туркиядаги элчихонасидан таъзия кутмаслиги, аксинча, ҳар қандай ҳамдардликни рад этишини маълум қилди.
“Биз Америка элчихонасининг ҳамдардлигини қабул қилмаймиз, рад этамиз. Албатта, Кобани (Сурия) ва террор ҳудудларини озиқлантирадиган бу тушунчага ўз Сенатларидан пул жўнатиб, Туркия тинчлигини у ердан бузишга уринаётган бир давлат билан иттифоқчилигимиз, албатта, муҳокама қилиниши керак.
Биз ҳеч кимга душман эмасмиз, бировнинг ерида кўзимиз йўқ, ҳеч кимга хиёнат қилмаймиз, лекин шуни айтмоқчиманки, бу хиёнатларга чидашга сабримиз тугади.
Албатта, муваффақиятли операция билан террорчилар қўлга олинди. Агар биз уларни тутмаганимизда, бугун Грецияга яширинча олиб ўтишарди”, дейди вазир Сойлу.
Шунингдек, вазир ушбу хиёнат ортидан Туркия ҳам оғир қасос олишини очиқ айтди.
Бугун, 14 ноябрь куни Истанбул полицияси терактнинг ижрочиси – араб миллатига мансуб аёл Аҳлам Албаширни қўлга олди.
Кўчага бомбани жойлаштириб, ўзи ғойиб бўлган аёл Сурия фуқароси экани маълум бўлган. Суриянинг Африн вилояти орқали Туркияга кирган террорист қўлга олингач, Хавфсизлик Бош бошқармасидан баёнот берилди.
Бомба жойлаган воқеа жойига олиб келувчи йўлларни кузатган 1200 та хавфсизлик камераси текширилган. Аёл воқеа жойидан таксига ўтириб, Эсенлер туманига кетгани аниқланди. У билан алоқада бўлган 21 та манзилда операция ўтказилган.
Операция чоғида 46 киши қўлга олинган ва уларнинг ҳаммаси тергов-суриштирув ишларида бомбани жойлаган шахснинг Кичикчекмача туманидаги манзилга равона бўлганини маълум қилган.
Белгиланган манзилда олиб борилган операцияда қўпорувчилик ҳаракати содир этган Сурия фуқароси Аҳлам Албашир тириклайин қўлга олинган.
У кўрсатмаларида Курдистон Ишчи партияси, Халқ ўзини-ўзи мудофаа кучлари ва Демократик иттифоқ террор ташкилотлари томонидан махсус разведка ходими сифатида таълим олгани ва Африн орқали ноқонуний йўллар билан Туркияга кирганини тан олган.
У Суриянинг Кобани шаҳридаги юқорида номлари келтирилган террорчилик ташкилотилари қароргоҳидан 13 ноябрь куни портлашни амалга ошириш ҳақида буйруқ олгач, уни содир этиб, қочганини баён қилган.
Айни вақтда ушбу ҳолат бўйича тергов давом этмоқда.
LiveБарчаси