Ичкаридаги ишлар ёҳуд Оятулло Махсумов ростдан ўз жонига қасд қилганми?
Таҳлил
−
29 Октябрь 2022
17265Жорий йилнинг 9 октябрь куни Навоий шаҳар бешинчи минтақавий ҳудуд 4-сон жазони ижро этиш колониясида маҳкум ваҳшийларча ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарлар кенг жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлгач, Навоий вилоят прокуратураси тезкорлик билан ҳолатга муносабат билдириб, маҳкум ўлдирилмагани, аксинча, ўз жонига қасд қилганини айтиб чиқди.
ИИВ, Навоий вилоят прокуратураси, шунингдек, Бош прокуратуранинг маълум қилишича, маҳкум Оятулло Раҳматулло ўғли Махсумов жорий йилнинг 7 октябрь куни соат тахминан 01:35 ларда колония интизомий бўлинмасининг 2-ҳужрасида ўзининг кийимидан арқон ясаб, ётиш учун мўлжалланган ўрин жойидаги кроват темирига ўзини осиб, ўз жонига қасд қилган.
QALAMPIR.UZ мазкур масала юзасидан суриштирув ўтказди. Хўш, Оятулло Махсумов ўз жонига қасд қилганми? Марҳумнинг яқинлари қандай фикрда?
Нима учун Ўзбекистон турмаларида баъзан маҳкумлар ўзини ўлдиради ёки уларни ўлдиришадими? Ўзбекистондаги қамоқхоналарда қийноқлар ҳалигача давом этяптими?
Биз мазкур саволларга жавоб олиш учун марҳум Оятулло Махсумовнинг яқинлари, оила аъзоларидан, халқ вакили бўлган депутат Жаҳонгир Жиянов, Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановдан ҳамда Навоийдаги турмаларда жазо ўтаган ва ҳозир озодликка чиққан собиқ маҳкумлар билан суҳбатлашдик.
Оятуллонинг ота-онаси фарзандлари ўз жонига қасд қилмагани, чунки унинг бўйнида арқон изи йўқлигини, шунинг учун қамоқхона ходимлари Оятуллони ўлдирган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
“Мен боламнинг жасадини моргга бориб очиб кўрдим. Мен қўй эмасман-ку ўзини осган билан калтак еганнинг фарқига бормайдиган. Қанақадир троссларда қисганми, билмайман, бадани арчилиб кетган. Кўриб бўлмайди. Оёғининг тагига “дубинка” билан урган. Уни сувнинг ичига тушириб қўйиб, ялонғоч қилиб уришган”, дейди марҳум маҳкумнинг отаси Раҳматулла Махсумов.
Унинг айтишича, уларга даставвал колониядан телефон қилиб, Оятуллонинг изоляторга тушиб қолганини айтишган. Эртаси куни эса телефон қилиб унинг ўлгани ҳақида хабар беришган.
“Қўлидан троссда тортилганми, излар бор эди. Унинг кўкрак қафас қисми кўкариб-қонталаш бўлиб кетган эди. Оёғининг тиззадан паст қисми синган”, деб айтди Оятуллонинг тоғаси Салоҳиддин Муҳамедов.
Оятуллонинг онаси эса ўғлининг ўлимида ўзини айблашдан нарига ўтмади. Чунки, у бир неча маротаба фарзандининг жазо муддатини қисқартиришни сўраб, ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасига, Президент Админстрациясига ва яна бир қанча давлат идораларига мурожаат қилган. Бироқ, ушбу мурожаатлардан кейин Оятулло ўзига босим бўлаётганини айтган.
“Мен ўзимни айбдор деб ҳис қиляпманки, телефоним орқали боламга яхшилик эмас, балки ёмонликлар қилиб қўйибман. Унинг ўлимига менинг мурожаатларим сабаб бўлибди. Маҳкумларга енгиллик ҳақидаги янги қонунлар амалда фақат салбий оқибатларга олиб келар экан. Чиқарилаётган барча енгилликлар фақат қоғозда қолиб кетар экан. Ҳеч ким энди ўғлимни қайтариб беролмайди. Мен тирик мурдаман. Бошқа оналар шундай бўлишини хоҳламайман. Мендай қолган умрини виждонан қийналиб ўтказишини хоҳламайман”, дейди марҳумнинг онаси Зулайҳо Махсумова.
Томонларни тенг ўрганиш мақсадида биз иккинчи томон, Ички ишлар вазирлиги, Навоийдаги 4-сон жазони ижро этиш калонияси бошлиғи билан боғланмоқчи бўлдик. Аммо бутун тизим номидан жавоб беришини айтган Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти матбуот котиби Зоир Йўлдошев марҳумнинг оила аъзолари айтаётган гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади.
“Ҳақиқатдан ҳам марҳумнинг жасади 8 октябрь куни уйига жўнатилди. Воқеа ҳақидаги хабар 9 октябрь куни марҳумнинг кўмилишидан аввал чиқяпти. Энди турмада морг шароити эмас. Қон бунақа шароитда баъзи жойларда тананинг пастки қисмига оқмасдан, айрим жойларда қотиб қолади. Марҳумнинг оила аъзолари шуни кўриб, фарзандлари калтакланган деган фикрга борган. Маҳкум ўзини осган пайтда дарҳол прокуратурадан, ИИВдан ходимлар келишди. Ҳолатни ўрганишди, лекин калтакланганлик аломатлари топилмаган”, деди Йўлдошев.
Андижон шаҳар депутати эса Ички ишлар ходимларига ишончсизлик билдириб, уларнинг баҳонаси мантиқдан йироқ эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, агар ҳақиқатан ҳам ИИВ ҳақ бўлса, турмадаги камералардаги ёзувларни халққа кўрсатиши керак.
“Ўзига келганда камералардаги ёзувларни яширяпти, жамоатчиликка келганда очиқ-ойдин кўрсатяпти. Очиқлик сиёсатидан фақат бир томонлама, ўзига керак бўлган пайтларда фойдаланяпти. Бошқа ҳолатларга келганда эса максимал даражада яширишга ҳаракат қиляпти. Бунинг уддасидан чиқяпти ҳам. Ички ишлар вазирлиги ўзининг асл юзини кўрсатиб қўймоқда. Хўп, маҳкум ўлган экан, нима учун унинг айбларини элга овоза қиляпти. Ҳа, у жиноятчи, лекин ўз айби учун жазо ўтаётган эди”, дейди депутат Жиянов.
Жазони ижро этиш департаменти матбуот котиби депутатнинг шубҳаларини қуйидагича изоҳлади:
“Камералар у ётадиган хонада йўқ. Фақат коридорда бўлади. Чунки унинг кийиниши бор, шахсий эҳтиёжидан келиб чиқиб қиладиган ишлари бор. Шунинг учун унинг хонасига камера қўя олмаймиз. Лекин ҳар ярим соат, бир соатда назоратчи маҳкумлардан хабар олиб туради. Назоратчи эшикнинг тагидан ўтиб, тэшик тирқишидан қараб ўтиб кетади. Ана шундай қараб ўтиб кетаётган пайтида Оятулло Махсумовнинг ўз кийимидан арқон ясаб, ўзини осиб қўйганини кўриб қолган. Шартта ечволиб олиб борган ҳам. Назоратчининг айтишича, ўша пайтда унинг жони узилмаган бўлган. Колониядаги докторларнинг олдига олиб борилган, биринчи ёрдам кўрсатилган. Лекин кеч қолишган бўлган”.
Шунингдек, прокуратура ходимларининг хатти-ҳаракатлари, экспертиза ўтказишдаги тушунмовчиликлар ҳам марҳумнинг яқинларида шубҳа уйғотган.
“Биз боргунимизча экспертиза ўтказиб бўлишибди. Лекин бўйнида арқон изи йўқ эди. Улар айбини яшириш учун бўйнини ҳам кесишган”, дейди Оятуллонинг отаси.
Шунингдек, унинг тоғаси ҳам экспертиза устидан ариза ёзмоқчи бўлганида морг ходимлари ундан жасадни тезроқ олиб кетишини сўраб, акс ҳолда уни Навоийдаги қабристонлардан бирига кўмиб юборишини айтган. Шу сабабли марҳумнинг яқинлари мурдани ўзлари билан олиб кетишга мажбур бўлган.
Хўп, марҳум ўзини ўлдирган деган фикрга ҳам борайлик. Шу ўринда у нега ўзини осди, деган савол туғилади.
“Жазони ижро этиш муассасаларида бугун 30 мингга яқин маҳкум сақланади. 30 мингта одам жиноят содир этишга мойиллиги бор махсус контингент ҳисобланади. Ўз жонига қасд қилиш нимадан бўлиши мумкин? Оиласини соғингандан бўлиши мумкин, буни қийноқ аломатига йўйиш яхши эмас. Бу колония бўлгандан кейин тўртта деворнинг ичида оиласини соғинади, сиқилади, умри ўтиб кетяпти. Бу унинг ҳолатига психологик таъсир қилади. Буни қийноқлар билан боғлаш нотўғри. Мен сизга факт бўйича айта оламанки, бизда қийноққа солиш ҳолати бўлмаган”, дейди Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти матбуот котиби Зоир Йўлдошев.
Унинг айтишича, Оятулло ўзини осган пайтда хонада, турманинг 2-ҳужрасида бир ўзи бўлган ва шунинг учун унинг овозини ҳеч ким эшитмаган.
Марҳум маҳкумнинг отаси эса “менинг ўғлим ўзини осадиган бола эмасди”, деяпти.
Тоғаси эса Оятуллонинг бўйи узун бўлгани, кроватга ўзини осганда оёғи ерга тегиб қолиши антиқлигини айтиб, ИИВ ҳамда Прокуратуранинг гаплари мантиққа тўғри келмаслиги сабаб уларга ишонмаслигини билдирди.
“Лампочканинг симига осиб қўйганлар бўлган. Сиз нима деяпсиз? “Плинтус”ни юлволиб, дор ясаб осадиганлар бор. Ҳар хил, минг бир усулини топади ичкарида. Кийимига осиб қўйяпти қаранг, ўзингиз тасаввур қилиб кўринг, женферига ўзини осганини. Маҳкумлар ичкарига киргач, ана шундай ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ботинкасининг ипигача олиб қўйилади”, дея “ичкари”нинг биз билмаган ҳақиқатлари ҳақида гапириб берди Жазони ижро этиш департаменти матбуот котиби.
Аммо ўша савол яна очиқ қолмоқда. Нима учун улар бунчалик ўзини ўлдиришга ҳаракат қилишади.
Фарзанд доғида куяётган ота-она масъуллардан адолат сўрамоқда. Уларнинг айтишича, Оятуллонинг ўлим сабаби қайта текширилиши керак.
Марҳумнинг яқинлари у ҳақиқатан ҳам айбдор экани, айбига яраша жазо олаётганини, ўз қилмишидан пушаймон бўлганини таъкидлади. Энг ачинарлиси, турмадан ўлик ҳолда чиқарилган Оятуллонинг жасади биринчиси эмас ва охиргиси бўлмаслиги ҳам мумкин.
Оятуллодан аввал, жорий йилнинг февраль ойида ҳам Навоий вилоятидаги 36-сонли манзил колонияда жазо муддатини ўтаб келаётган маҳкум Умид Жонузоқов ўз жонига қасд қилгани, унга нисбатан колония катта тезкор вакили лавозимида хизмат қилувчи майор томонидан босим ўтказилгани тўғрисида видеомурожаат жойланган. У ҳатто маҳкумдан пул сўрагани ҳам айтиб ўтилган.
Бироқ, Ички ишлар вазирлиги ҳолатга изоҳ бериб, маҳкум Жонузоқовга ҳеч қайси ходим куч ишлатмагани, у ўзининг оғиз бўшлиғида сақлаб келаётган лезвия билан ўзига ўзи жароҳат етказганини айтиб чиққан.
2020 йилда ҳам Навоийдаги қамоқхонадан янгийўллик 45 яшар маҳкум Фарруҳ Хидировнинг жасади чиқарилганди.
Ички ишлар вазирлиги эса ўша пайтда унинг ўлимини лимфа тугунларининг тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологиядан узоқ давом этувчи иситма, тана вазнининг 10 фоиздан ортиқ озиши, диарея билан изоҳлаган. Аммо бу вазиятда ҳам марҳумнинг оиласи у тазйиққа учрагани, калтаклангани ва оғир жароҳатлари сабаб вафот этганини даъво қилган. Бироқ уларнинг овозини масъуллар эшитишмади. Эшитганлари эса рад этди.
Хуллас, бу рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин ва маҳкумларнинг қийноққа солиниши, турманинг ўзида жон бериши ёки Ички ишлар вазирлиги, прокуратуранинг тили билан айтганда “ўз жонига қасд қилиши” республикадаги турмаларда, манзил колонияларда учраб турадиган ҳолат. Марҳумларнинг оила аъзолари уларга нисбатан қийноқ бўлганини айтишади, ИИВ, прокуратура эса қамоқхонада маҳкумларга ҳеч қандай қийноқлар қўлланилмаслигини даъво қилади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманнинг ҳам турмалар мавзусидаги баёнотларида ҳам қийноқлар деярли йўқлиги ялтироқ қилиб ёзилади. Масалан, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсмани Феруза Эшматованинг 2021 йилдаги маълумотларига кўра, қамоқхоналардаги вазиятда “омбудсман ўзининг фаолиятини келиб тушаётган мурожаатларга қараб баҳолайди”.
“Ҳозирги кунда жазони ижро этиш муассасаларида мен ўзим қийноқ ҳолатларини деярли учратганим йўқ. Улар билан суҳбатлашганимизда, шу пайтгача уларнинг ҳеч қайсисидан, масалан, “мени бу қийнаяпти”, “урди” ёки қанақадир “руҳий тазйиқ, босим, қийноқлар ўтказаяпти” деган [мурожаат] бўлмади. Бугунги кунга қадар 120 га яқин мониторинг ташрифи ўтказдик. Лекин бизга ҳали бундай мурожаат келиб тушгани йўқ”, деган у.
Бутун тизим номидан жавоб бера олишини маълум қилган департамент матбуот котиби Зоир Йўлдошевнинг айтишича, департамент ҳам қийноқлар масаласида фақат фактларга таянади.
“Мен сизга Навоийдаги колонияларда қийноқлар 100 фоиз йўқлиги ҳақида айта оламан. Айнан Навоийдаги 4-сонли колония ҳақида гапирадиган бўлсам, у ерда бир неча маротаба жиноят содир этиб қамалганлар бор. Уларнинг ичида колонияда яхши шароит хоҳлайдиганлар бор. Айримлари қонунлардан четга чиқиб, эркинлик истаб қолади. Шунинг учун улар ҳар хил гаплар айтиши мумкин. Лекин мен сизга аниқ фактлар асосида айта оламанки,, яқин 5-6 йилнинг ичида прокуратура органлари ва Омбудсманнинг ўрганишлари натижасида бирор марта қийноқ ҳолати аниқланмаган”, деди Йўлдошев.
Биз айнан Оятулло жазо ўтаган Навоий шаҳар бешинчи минтақавий ҳудуд 4-сон жазони ижро этиш колониясида, шунингдек, Навоийдаги бошқа калонияларда жазо муддатини ўтаган, ёки халқ тилида айтганда, “ўтириб чиққанлар”нинг айримлари билан суҳбатлашамиз.
Исмини сир сақлашни сўраган бошқа бир маҳкум ҳам қийноқларни ўз бошидан ўтказган.
“Мен Навоий шаҳар жазони ижро этиш муассасасига 2019 йилда борганман. 2021 йилнинг 30 ноябрда жазо муддатимнинг тўртдан бир қисми тугаши керак эди. Мен шу икки йил ичида умуман “нарушение” қилмаганман. Лекин мени чақириб “телефон берасан”, деб талаб қилишди. Менда телефон йўқлигини айтганимдан сўнг, тўққиз марта оёғимга “дубинка”да уришган. Мени уришаётганда бошқа бир маҳкум келиб қолди. Кейин эса мендан уларнинг урганини ҳеч кимга айтмаслигимни талаб қилишди”, дейди у.
Навоийдаги колониялардан бирида жазо ўтаган яна бир исм-шарифини сир сақлаган маҳкум қамоқхоналардаги босимлар аввало руҳий томонлама бошланишини, маҳкумларни маҳкумларнинг ўзига урдиришини айтиб берди.
“Маҳкумнинг шахсиятига тегишади. Кейин унинг қуюшқондан чиққанидан фойдаланиб, ИИО ходимига ҳурматсизликда айблайди ва яна “изолятор”га олиб киришади”, деди собиқ маҳкум.
Шунингдек, собиқ маҳкумларнинг айтишича, маҳкум қамоқхонага тушган пайти ҳеч қандай психологларнинг дастлабки кўниктирув машғулотлари бўлмайди. Бундан ташқари, Навоийдаги колонияларнинг психологлари малакасиз ва уларнинг ўзига психолог ёрдами керак.
Собиқ маҳкумларнинг айтишича, қамоқхоналарда қийноқлар одатий ҳол. Бироқ “нима учун” деган савол яна кўндаланг.
Қамоқхонадаги маҳкумлар ҳам инсон ва уларнинг чекланган бўлса-да ҳуқуқлари бор. Лекин бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида озодликдан маҳрум этилганларнинг ўша кичик ҳуқуқлари ҳимоя қилиняптими?
Бу саволимизга айнан турмалардаги ҳолатлар бўйича изланишлар олиб борадиган инсон ҳуқуқлари бўйича “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановдан жавоб олдик. Унинг маълумот беришича, Ўзбекистондаги қамоқхоналарда қийноқлар сони сезиларли даражада ошган.
“Дастлаб 2020-2021 йилда Президентимиз томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича механизмлар системаси жорий қилинди ва бу вазифа Омбудсман бошчилигидаги Коммиссияга топширилди. Биз ҳам шу Комиссиянинг аъзоси сифатида турмаларга тўғридан-тўғри мониторинглар уюштирдик. Жараённи кузатиш давомида назоратнинг кучайтирилгани учун кўплаб қийноқларнинг олди олинганининг гувоҳи бўлдик. Лекин кейинги йилларда, айниқса, жорий йилнинг бошидан бери Омбудсман билан овозимиз бир жойдан чиқмай қолди. Тўғрироғи, биз уларнинг хўрига қўшилолмай қолдик. Шунинг учун ҳозир улар мониторинг кузатувларида иштирок этишимизга қўймаяпти”, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Ташанов.
Унинг қўшимча қилишича, агар Омбудсман мана шундай оптимистик кайфиятда Ўзбекистонда қийноқлар йўқ, деб ўтираверса, яқин ўртада бу муаммонинг олдини ололмаймиз.
Бу борада Жазони ижро этиш департаментининг эса умуман бошқа гапни айтмоқда.
“Одам хом сут эмган бандада. Бир жойда ёлғон гапириши мумкин, ёмон кўрган одамига қўшимча айб тўнкаши мумкин. Мен сизга менинг соҳамни яхшиланг ёки бирон нимани яширинг, демоқчи эмасман. Шунчаки, аниқ фактлар асосида ишлаган маъқул. Омбудсмандан ёки прокуратурадан сўрасангиз аниқ айтади: қачон қийноқ ҳолати кузатилди, қачон ва ким маҳкумга азоб берди, қийнади? Қани бирор факт бормикин?!”.
Жиноятчи ҳар қанча ёвуз бўлмасин, ҳар қанча хатолар қилмасин, у яқинлари, ота-онаси учун барибир азиз! Буни мана муқаддам тўрт маротаба судланган Оятуллонинг ота-онаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Улар хатога йўл қўйган фарзандини қонун қўлига топширар эканлар, жигарбандига ақл киришига, инсофга келишига умид қилади. Аммо фарзандлари турмадан эси кириб эмас, жони чиқиб, вафот этиб чиққач, уларнинг умидлари синади.
2019 йилда 16 июль куни “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатда Тергов қўмитасини ташкил этишни таклиф қилиб чиққан эди.
2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистондаги тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида гумонланувчи ва жазога маҳкум этилганлар устидан содир этилаётган қийноқ ва тазйиқлар ҳали ҳам учраб тургани, бу эса фуқароларнинг жиддий эътирозини келтириб чиқараётгани ҳамда мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётганини айтган эди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистонда Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Аммо, бу таклиф ҳалигача амалга оширилгани йўқ.
Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 11-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева қамоқхоналардаги қийноқлар мавзусига тўхталган ва мазкур масала “кун тартибидан чиқиб кетиши керак”лигини таъкидлаганди.
Бундай муҳим ислоҳатларнинг ортга сурилиши ортидан Ўзбекистондаги қамоқхоналарда маҳкумларнинг жон бериш ҳолатлари айрим вазиятларда кўзга ташланмоқда.Терговгача бўлган жараёнларда фуқароларнинг қийноқлар оқибатида вафот этиши ҳам бундан мустасно эмас.
Масалан, ўтган йилнинг 23 январида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли эркак ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этганди.
Худди шундай, ўтган йилнинг 29 май куни фуқаро A.Aбдукаримов қимматбаҳо тош ўғирлашда гумонланиб, Aндижон шаҳар ИИБга олиб келинган ва шафқатсизларча қийноққа солиниши натижасида шифохонада вафот этганди.
Биз Ўзбекистонда маҳбусларга бўлган муносабатни Оятулло ва яна айрим вафот этган маҳкумлар мисолида ўрганишга ҳаракат қилдик. Вазият ҳақида қуруқ ахборот бермасдан, уни таҳлил қилишга уриндик. Ниятимиз муаммо муаммолигича қолмасин, осонликча унутилмасин. Зеро, маҳбуслар ҳам инсон!
Қўшимча ўрнида, Оятулло Махсумов одам ўлдириш айби билан қамалган бўлса-да, у жонига қасд қилган йигит тирик.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, агар жиноятчи қасддан одам ўлдиришни мақсад қилиб жабрланувчига суиқасд қилган бўлса, лекин жабрланувчи бахтли тасодиф туфайли тирик қолган тақдирда ҳам, бу жиноятчининг Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси билан жазога тортилишига асос бўла олади.
LiveБарчаси