Ўзбеклар уруш оловини ёққан Россиядан қайта оладими?

Олам

Турмуш ўртоғини ишлаш учун узоқ давлатга кузатган аёл фарзандлари учун ҳам ота, ҳам она бўлади. Она бўлиб ширин гапиришга, ота бўлиб танбеҳ беришга, уй рўзғор ғамини ўз елкасига олишга маҳкум бўлади. Камлик қилгандек узоқдаги турмуш ўртоғини иссиқ-совуғи ҳақида ҳам аёл қайғуради. У кетган мамлакат тинч бўлсак-у майли, нотинчликлар бўлаётган юртда бўлса, дард устига чипқон деяверинг.

Россия-Украина ўртасидаги уруш оила аъзолари айни шу мамлакатда бўлганларни хавотирга солди. 21 сентябрь куни Президент Владимир Путин мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолагани, сафарбарлик тадбирларига старт берилгандан сўнг, ижтимоий тармоқларда мигрантларни пул эвазига урушга ёллаш бошлангани ҳақидаги хабарлар тарқалгани эса бу хавотирларни янада оширди.

Шу билан бирга, Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Кирил Кабанов Россия охирги 10 йилда фуқароликка қабул қилинган марказий осиёликларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилиш учун таклифлар тайёрланаётганини маълум қилди. Унга кўра, таклиф Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан кўчиб ўтган фуқароларга тааллуқли бўлади ва ҳарбий хизматдан бош тортганларнинг ўзи ҳам, оила аъзолари ҳам фуқароликдан чиқарилади.

Россия ИИВ маълумотларда келтирилишича, сўнгги 10 йил ичида Россия паспортини олган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сони йилдан-йилга ошмоқда. Биргина 2021 йилнинг ўзида "янги руслар" сони 12 фоизга ўсиб, 735,4 минг кишини ташкил этган.

Россия фуқаролигини олганларнинг аксарияти Украинада туғилганлар. Умумий 376 минг украиналик Россия фуқаролигини олган. Тожикистондан 14,1 фоиз ёки 103,7 минг, Қирғизистондан 2,6 фоиз ёки 19,2 минг, Қозоғистондан 6,8 фоиз ёки 49,9 минг киши, Ўзбекистондан 4,3 фоиз ёки 31,9 минг киши 2021 йилда Россия фуқаролигига ўтган.

Фуқароликка эга бўлганларнинг орасида Озарбайжон, Беларусь, Молдова, Арманистон фуқаролари ҳам бор. Шунингдек, 481 нафар Германия, 388 нафар ақш, 226 нафар Италия, 183 нафар Греция ва бошқа бир қатор мамлакатлар фуқаролари Россия паспортига эга бўлишган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг келтирган маълумотларига кўра, 2022 йил 1 март ҳолатига кўра хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган меҳнат мигрантларининг ўртача сони 2,4 млн янада аниқроқ айтадиган бўлсак 2.356.954 кишини ташкил этган. Уларнинг 568,5 минги ёки 24,1 фоизи хотин-қизлар, 827,1 минг ёки 35,1 фоизи ёшларни ташкил этади.

Уларнинг 1,5 миллиони Россия Федерациясида меҳнат қилади. Ватандошларимизнинг 52,7 фоизи қурилиш, 16,4 фоизи савдо ва хизмат кўрсатиш, 12,8 фоизи саноат, 10 фоизи қишлоқ хўжалигида, 8,1 фоизи бошқа соҳаларда меҳнат қилмоқда.

Сафарбарлик тадбирларига старт берилгандан сўнг, ижтимоий тармоқларда мигрантларни пул эвазига урушга ёллаш бошлангани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалди. Бу эса, яқинлари Россия ҳудудида бўлган ўзбекистонликларни хавотирга тушириб қўйди. QALAMPIR.UZ бу маълумотларга ойдинлик киритиш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Матбуот котиби Ортиқхўжа Норов билан боғланди.

“2022 йил бошидан буён 18 минг фуқаро расман Россияга меҳнат мигранти сифатида кетган. Ҳозиргача, ёки Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилингани сабабли Ўзбекистонга қайтиш истагини билдириб, ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга чақириқ бўлганини айтиб, мурожаат қилганлар йўқ”, дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмийси.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 154моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант Путин уруш

Баҳолаганлар

333

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг