Россия Украинага йирик ракета ва дрон ҳужуми уюштирди

Олам

image

Бугун, 13 декабрь куни эрталаб Россия Украина ҳудудига 93 та ракета ва 200 га яқин дрон учирди. Бу ҳақда Украина раҳбари Владимир Зеленский Х ижтимоий тармоғи орқали хабар берди.

Маълум қилинишича, уриб туширилган 81 та ракетанинг 11 таси (қанотли ракета) F-16 технологияси билан уриб туширилган.

"Бу бизнинг энергетика секторимизга қилинган энг катта ҳужумлардан бири", деган Зеленский.

Шунингдек, Зеленский битта ракета Шимолий Кореяга тегишли эканлигини ҳам таъкидлаб ўтган.

Украинанинг барча ҳудудларида ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган. Портлашлар Киев, Черкас, Винница, Хмельницкий, Одесса, Харьков ва Ивано-Франкивск вилоятларида содир бўлган.

“Укрэнерго” ширкати мамлакат аҳолисининг ярмига яқини электр энергиясиз қолганини маълум қилган. Украинадаги энг йирик хусусий энергетика компанияси ДТЭК бир нечта иссиқлик электр станциялари ускунасига шикаст етгани ҳақида хабар берган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳам Таганрогдаги аэродромга ATACMS ракеталари билан уюштирилган ҳужумга жавобан Россия ҳарбийлари Украина энергетика объектларига оммавий ҳужум уюштирганини маълум қилган.

“Зарбаларнинг мақсадларига эришилди, барча объектларга зарба берилди”, деган Россия мудофааси вакиллари.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 ноябрь куни Россия Украина бўйлаб дрон ҳужумлари уюштирганди. Оқибатда нотураржой инфратузилмаси объектига шикаст етган, бир жабрланувчи топилиб, пойтахтдаги тиббиёт муассасасига ётқизилган. Шу билан бирга, Украина ҳарбий-ҳаво кучлари тун бўйи дрон ҳужумлари хавфи ҳақида, хусусан, Киев, Полтава ва Черкас вилоятлари ҳамда мамлакат шимоли-шарқида огоҳлантирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина ракета Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг