Германия ва Италия компанияларига Путиннинг йўриғига юришга рухсат берилди
Олам
−
21 Май 2022
16408Германия ва Италия Россия газини Россия Федерациясига қарши санкцияларни бузмаган ҳолда сотиб олишни давом эттириш учун ўз компанияларига рублда ҳисоб рақам очишга рухсат берди. Мамлакатлар Европа Иттифоқи билан музокаралардан сўнг, шундай баёнот берган. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
“Россиянинг хорижлик харидорларнинг газ учун тўловни рублда тўлаши ҳақидаги талаби юзасидан олиб борилган баҳслар Европа ҳукуматларининг Украинадаги уруш юзасидан Москвага нисбатан қаттиқ позицияни эгаллаш қатъиятини синовдан ўтказди”, дея ёзади нашр.
Финляндия, Болгария ва Польша газ учун тўловни рублда амалга оширишдан бош тортди, шу сабабли бу мамлакатларга Россия газини етказиб бериш тўхтатилди. Бироқ, ҳозирда ҳамма давлатлар ҳам Россия Федерациясидан газни рад этишга тайёр эмас.
Германия ҳукумати Европа комиссияси билан мулоқотдан сўнг, немис импортчиларига, санкцияларни бузмаган ҳолда Россия газига тўлов қилиш учун рублда ҳисоб рақамлар очиши мумкинлигини маълум қилган.
“Манбаларнинг айтишича, минтақада Россия газининг энг йирик импортчиси бўлган Германия бу масала бўйича ЕИ билан яқин ҳамкорликда изчил ҳаракат қилган”, дея қўшимча қилади “Reuters”.
Нашрнинг ёзишича, Италия ҳукумати ҳам Европа комиссияси билан гаплашган ҳамда Россия газини қонуний равишда қандай сотиб олиш бўйича тушунтиришлар олган.
“Бу 17май куни Италиянинг “Eni” энергетика компанияси иккита ҳисоб очиш тартибини (бири еврода, иккинчиси рублда) бошлаганини айтишдан аввал содир бўлди”, деб ёзади “Reuters”.
Ўтган ҳафта Италия Бош вазири Марио Драги ўз мамлакати ҳали ҳам рус валютасида ҳисоб очиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотга изоҳ беришдан бош тортганди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 21 май куни Россия талаби бажарилмагани сабабли Финляндияга рус гази етказиб бериш тўхтатилди.
Бундан олдин газ учун тўловни рублда амалга оширмагани сабабли Россиянинг “Газпром” энергетика трансмиллий компанияси “Булгаргаз” (Болгария) ва PGNiG (Польша) компанияларига газ етказиб беришни тўхтатганди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 23 март куни Россия Президенти Владимир Путин ҳукумат ва Россия Федерацияси Марказий банкига Россия газининг Европа давлатларига етказиб берилиши учун тўловларни рублга ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бунга Ғарб давлатларининг Украинадаги уруш ортидан Москвага қарши жорий қилган санкциялари сабаб бўлди.
Шундан сўнг, Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Германия газни рублда сотиб олмаслигини эълон қилди. Унинг ортидан Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам рус газини рублдан сотиб олмаслигини айтди.
Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва “Газпром” компаниясига 31 мартгача Европа Иттифоқи мамлакатлари ва чеклов чораларини жорий қилган бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўлов валютасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни топширган эди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Россия газининг харидорлари ҳисоб-китобларни рублга ўтказиш бўйича турлича позицияни эгаллади. Германия канцлери Олаф Шольцнинг таъкидлашича, шартномаларда хорижий валюталар “асосан евро ва доллар” кўрсатилган. Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакили Роберт Северин импорт қилувчилар шартномалар бажарилишини кафолатлашлари шартлигини таъкидлади. Италия бош вазири Марио Драги ҳисоб-китобларни рублга ўтказишни шартномаларнинг бузилиши деб атади.
Жорий йилнинг 31 март куни Путин "дўст бўлмаган" давлатларга газни рублда сотиш тартибини тасдиқлади.
Шундан сўнг Европа Иттифоқига аъзо давлатларга Россияга қарши санкцияларни бузмаган ҳолда рус гази учун рублда тўлов қилишга рухсат берилди.
Жорий йилнинг 27 апрель куни Россиянинг "Газпром" компанияси Польша ва Болгарияга тўловни рублда амалга оширмагани учун газ етказиб беришни тўхтатиб қўйди.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси