“Газпром” Путиннинг айтганини қилмаган Польша ва Болгарияга газ беришни тўхтатди

Олам 15844
image

Россиянинг “Газпром” энергетика трансмиллий компанияси “Булгаргаз” (Болгария) ва PGNiG (Польша) компанияларига газ етказиб беришни тўхтатди. Бунга ушбу компаниялар рус гази учун тўловни рублда амалга оширмагани сабаб бўлди, деб хабар берди “Интерфакс”.

“26 апрелдаги иш куни якунига кўра, “Газпром Экспорт” Россия Федерацияси Президентининг фармонига мувофиқ, “Булгаргаз” (Болгария) ва PGNiG (Польша) компанияларидан апрель ойида газ етказиб бериш учун тўловларни рублда олмаган”, дейилади хабарда.

Шу муносабат билан “Газпром Экспорт” компанияси “Булгаргаз” ва PGNiG’ни 27 апрелдан бошлаб фармонда белгиланган тартибда тўлов амалга оширилгунга қадар газ етказиб беришни тўхтатиб туриши ҳақида огоҳлантирди.

“Болгария ва Польша транзит давлатлардир. Учинчи давлатга юборилаётган Россия газидан рухсат олинса, транзит учун етказиб бериш шу ҳажмга камаяди”, деб эслатган “Газпром”.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 март куни Россия Президенти Владимир Путин ҳукумат ва Россия Федерацияси Марказий банкига Россия газининг Европа давлатларига етказиб берилиши учун тўловларни рублга ўтказиш бўйича топшириқ берди. Бунга Ғарб давлатларининг Украинадаги уруш ортидан Москвага қарши жорий қилган санкциялари сабаб бўлди.

Шундан сўнг, Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Германия газни рублда сотиб олмаслигини эълон қилди. Унинг ортидан Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам рус газини рублдан сотиб олмаслигини айтди.

Россия Президенти Владимир Путин аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва “Газпром” компаниясига 31 мартгача Европа Иттифоқи мамлакатлари ва чеклов чораларини жорий қилган бошқа мамлакатларга газ етказиб бериш учун тўлов валютасини ўзгартириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни топширган эди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Россия газининг харидорлари ҳисоб-китобларни рублга ўтказиш бўйича турлича позицияни эгаллади. Германия канцлери Олаф Шольцнинг таъкидлашича, шартномаларда хорижий валюталар “асосан евро ва доллар” кўрсатилган. Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакили Роберт Северин импорт қилувчилар шартномалар бажарилишини кафолатлашлари шартлигини таъкидлади. Италия бош вазири Марио Драги ҳисоб-китобларни рублга ўтказишни шартномаларнинг бузилиши деб атади.

Жорий йилнинг 31 март куни Путин "дўст бўлмаган" давлатларга газни рублда сотиш тартибини тасдиқлади. 

Шундан сўнг Европа Иттифоқига аъзо давлатларга Россияга қарши санкцияларни бузмаган ҳолда рус гази учун рублда тўлов қилишга рухсат берилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 291
Рейтинг: 3
Теглар
t
×