Путин Европани икки ўт орасида қолдирди
Таҳлил
−
29 Апрель 2022
51772Германия ва Венгриянинг энергетика компаниялари Владимир Путиннинг рус газини сотиб олувчилар тўловни рублда амалга ошириши ҳақидаги талабини бажариш ниятида эканликларини тасдиқладилар. Аммо Европа Иттифоқи ушбу компанияларнинг Россия марказий банки билан операцияларни тақиқловчи санкцияларни бузиш хавфи борлигини айтди. Кремль аллақачон Польша ва Болгарияга газни етказиб беришни тўхтатиб қўйгани сабабли ҳам бошқа Европа мамлакатларининг газсиз қолиши хавфи юқори.
Россия қандай талаб қўйди?
Путин Россияга “нодўстона” муносабатда бўлаётган мамлакатлардан келган харидорлар газ учун тўловни рублда тўлашни бошлашлари лозимлигини айтди. Одатда, харидорларнинг катта қисми тўловларни евро ёки долларда амалга оширарди.
Путиннинг март ойида чиқарган 172-сонли фармонига биноан харидорлар “Газпромбанк”да иккита ҳисоб очишни талаб қилувчи янги тўлов тизимига ўтишлари лозим. Пул евро ва долларда биринчи ҳисоб рақамига тўлангач, у банк томонидан рублга конвертация қилинади ҳамда иккинчи ҳисоб орқали Газпромга тўлов амалга оширилади. Фақат шу ҳолатдагина харидор газ учун тўловни амалга оширишда қонуний мажбуриятини бажарган ҳисобланади.
Кимлар рози бўлди ва кимлар эса йўқ?
Венгрия бу режадан мамнун эканини маълум қилди ва, маълумотларга кўра, Европанинг учта йирик газ ширкатлари – Германиянинг Юнипер, Италиянинг Эни ва Австриянинг ОМВ компаниялари ҳам Путин фармонига амал қилиш йўлларини кўриб чиқмоқда.
Шу ҳафтага қадар Путиннинг унинг талабини рад этган харидорларни таъминотдан узиш борасидаги таҳдиди амалга ошиши номаълум эди. Бироқ, жорий йионинг 27 апрель куни Газпром Болгариянинг Булгаргаз ва Польшанинг ПГНиГ компанияларига газ етказиб беришни улар тўловларни рублда амалга оширишдан бош тортгани сабабли тўхтатгани бу таҳдидлар шунчаки “қуруқ” гап эмаслигини исботлади.
Бошқалар ҳақида нима дейиш мумкин?
Европа етакчилари, жумладан Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Путиннинг буйруғини бажармасликларини маълум қилишди.
Европа Иттифоқининг шу ой бошида маълум қилган дастлабки таҳлилига кўра, Россиянинг талабини бажариш Кремлга қўйилган санкцияларни бузиш ҳисобланади. Бунга сабаб сифатида унинг валютани конвертация қилиш жараёни марказида санкциялар остида бўлган Россия Марказий банкининг турганлиги кўрсатилди.
“Конвертация жараёни қанча вақт олиши номаълумлиги сабабли, бу вақт ичида чет эл валютаси тўлиқ Россия ҳукумати, жумладан Марказий банкнинг қўлида бўлади. Буни Европа Иттифоқи компаниялари томонидан берилган кредит сифатида ҳам кўриб чиқилиши мумкин”, дейилади комиссия баёнотида.
Кеча, 28 апрель куни Европа иттифоқи расмийлари Россияда рубль ҳисобини очишга ва шу йўл билан газ учун тўловни амалга оширишга рози бўлган ҳар қандай компания санкцияларни бузган ҳисобланшини тасдиқлади.
Нега Россия тўловларни рублда олишни хоҳламоқда?
Путиннинг Россия газ экспортини "қуролга айлантириши" уруш бошланганидан кўп ўтмай эълон қилинган иқтисодиётни мустаҳкамлашга қаратилган стратегиянинг бир қисмидир.
Ғарбнинг санкциялар қўллаш тўғрисидаги қарори рубль қийматининг кескин пасайишига олиб келди ва натижада гиперинфляция хавфини оширди. Бунга жавобан Россия кучли капитал назоратини ўрнатди, унга кўра экспортчи компаниялар ўз валюта тушумларини рублга айлантиришга мажбур бўлиб қолди.
“Capital Economics” компаниясининг сармоя иқтисодиёти иқтисодчиси Лиам Пичнинг айтишича, капитал назорати рублни валюта трейдерлари учун бир томонлама пул тикишга айлантириб, нима учун долларга нисбатан босқиндан олдинги даражага қайтганини тушунишга ёрдам беради.
Пичга кўра, бу ҳафта Польша ва Болгарияга нисбатан амалга оширилган ҳаракатлар Россиянинг иқтисодиётига унчалик ҳам таъсир кўрсатмайди. “Европалик импортёрлар “Газпромбанк”га тўловларни кейинчалик рублга конвертация қилинадиган еврода амалга оширишда давом этади. Бу катта фарқ қилмайди”, дейди у, “сиёсий жиҳатдан Путин Россия санкцияларга қарши тура олишини ва бироз босим ўтказишга қодирлигини кўрсатишга ҳаракат қилаётган”лигини таъкидлаб.
Нега Россия евро ва долларда тўловларни хоҳламаяпти?
Буни икки сабаб билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, евро ёки долларда амалга оширилган тўловлар Россиянинг уруш бошланганидан буён музлатиб қўйилган валюта захираларига қўшилади. Россия гази учун рублда тўлов эса чуқур таназзулга юз тутаётган иқтисодиётини қўллаб-қувватлайди.
Иккинчидан, Россия 2014 йилда Қримни аннекция қилганидан кейин аста-секин доллар ва еврода ҳисоб-китоб қилишдан узоқлашиб, ўз энергияси учун рубль ва юандаги тўловларни оширишга интилмоқда. Украинадаги уруш эса бу тенденцияни тезлаштириб юборди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 март куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден Вашингтон Россиядан барча турдаги энергия импортига тақиқ қўйишини маълум қилди. АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 9 март куни Россиядан энергия ресурслари импортини тақиқлаш ва АҚШ расмийлари томонидан Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотидаги (ЖСТ) иштирокини тўхтатиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Жорий йилнинг 5 апрель куни Франция Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Клемент Бон Европа Иттифоқи Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга тайёрланаётганини айтди. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен тақиқ, хусусан, яримўтказгичлар, машиналар ва транспорт ускуналарини Россия Федерациясига экспорт қилиш, шунингдек, Россия кўмирини импорт қилишга таъсир қилишини айтди. Бундан ташқари, Россия Федерациясидан нефть импортига нисбатан чоралар кўрилиши кутилмоқда. Бироқ, ЕИ Россия газини рад этмайди, чунки Венгрия бундай қарорга вето қўйишга тайёр.
Кейинроқ, Германия канцлери Олаф Шольц Россия газига нисбатан кескин эмбарго (чеклов) Украинадаги ҳарбий можарони тўхтатмаслиги, балки Германия ва бутун Европада жиддий иқтисодий инқирозга олиб келишини айтганди.
Камрон Кенжаев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь