Россия яна бир мамлакатга газ етказиб беришни тўхтатди
Олам
−
21 Май 2022
30841Бугун, 21 май куни Финляндияга рус гази етказиб бериш тўхтатилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Кеча, 20 май куни “Газпром Экспорт” “ Gasum Oy” энергетика компаниясини Финландияга табиий газ етказиб бериш 21 май куни эрталаб тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган. Финляндия Бандлик ва иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, бунга Хельсинкининг газ учун тўловни рублда амалга оширишга рози бўлмагани сабаб бўлган.
Узоқ муддатли шартнома бўйича тўлов валютаси евро ҳисобланади. Вазирлик маълумотларига кўра, Gasum арбитраж судига мурожаат қилишга қарор қилган, чунки компания Россия томони ўз талаби билан келишув шартларини бузган деб ҳисобламоқда.
“Энергетика компаниялари бозор шартлари бўйича газдан бошқа турдаги ёқилғига ўтишлари мумкин, баъзилари эса аллақачон бошқа ёқилғи турига ўтишган. Россия импорти тўхтаса, газдан фойдаланадиган саноат корхоналарининг позицияси бошқача бўлади. Уларнинг баъзилари аллақачон бошқа ёқилғига ўтган, баъзилари “Balticconnector” қувури орқали Болтиқбўйи мамлакатларидан газ олишга ўтмоқда”, дея хабар беради вазирлик.
Финляндия ва Эстония ўртасидаги “Balticconnector” Болтиқбўйи мамлакатларидан газ импорт қилиш имконини беради. Финляндия Торнио ва Пори терминаллари орқали суюлтирилган газ ҳам олади. Бундан ташқари, улар кузда Хаминада терминали қурилишини якунлашни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, газ учун тўловни рублда амалга оширмагани сабабли Россиянинг “Газпром” энергетика трансмиллий компанияси “Булгаргаз” (Болгария) ва PGNiG (Польша) компанияларига газ етказиб беришни тўхтатганди.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси