“Замдекан” тажовуз қилгани айтилган талаба қизнинг аҳволи қандай?
Жамият
−
17 Ноябрь 2021
38124Жорий йилнинг 27 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат педагогика университети декан ўринбосари 3-курсда ўқувчи талаба Муштарий Комиловага тажовуз қилиб, ниятига етолмагач, уни деразадан итариб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинроқ воқеа 18 октябрь куни содир бўлгани ойдинлашди. ССВ талаба қиз оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида маълумот берди.
Воқеага қарийб бир ой тўлганида QALAMPIR.UZ журналисти Муштарий Кoмилованинг онаси Дилдора Комилова билан телефон орқали боғланиб, талаба қизнинг бугунги ҳолати ҳақида маълумот олди. Унинг айтишича, қизнинг аҳволи яхшиланган.
“Анча яхши, қониқарли ҳолатда. Бугун шифохонадан чиқдик. Муштарийга корсет тақилди, энди бир ой уйда муолажаларни давом эттиради”, дейди Дилдора Комилова.
У тергов ҳаракатлари ҳақида ҳам маълумот бериб, Муштарий Кoмилова таҳсил олаётган факультет деканати томонидан қизига тазйиқлар бўлмаяптими, деган саволга жавоб берди.
“Тергов иши 2 ой давом этар экан. Биз томондан ҳамма нарсани суриштириб бўлишди. Энди у тарафда суриштирув қилишмоқда. Факультетида “Ўзи шунақа эди, бошқа эди”, деб гап тарқатишди. Лекин университетнинг ётоқхонасида ишлайдиган ходимнинг айтишича, у кишининг ўзи шундай экан. Ётоқхонадаги қизларни ҳам бошини айлантириб юрган экан. Ҳозир шу асосида ҳам тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Қизим ҳали юрмай, икки ой шу тарзда ётиши керак экан. Бир ойдан сўнг шифохонадан чиқиб кетсак, яна бир ой уйда ҳам ётиши керак. Тош суягидаги учта жойи синган. Озгина мураккаброқ жой экан, шу сабабли ётиши керак дейишди”, дейди талабанинг онаси терговнинг бориши ҳақида.
У сўзида давом этиб, терговчилар шифохонага ҳам келиб тергов ўтказишганини, воқеа юз берган хонадаги дивандан қизининг сочи толалари топилганини қўшимча қилди.
“Воқеа бўлган жойда сочидан тортиб диванга ётқизганда соч толалари қолган экан. Шу сабабли солиштириш учун сочи ва қонидан экспертизага олиб кетишди. Экспертиза натижаларини кутишаётган экан. Муштарий оёққа турганидан кейин суд бўлар экан. Воқеа ОАВда эълон қилинганидан кейин бир икки кун университет ректори келган эди. “Ёрдам керак бўлса”, деб телефон рақамини ҳам ташлаб кетганди. Лекин, ўшандан бери ўқитувчилари ҳам, ректор ҳам, ҳеч ким келгани йўқ. Ўқиш бўйича ўзим телефон қилиб, “Оралиқларини кейин топширса ҳам, бу икки ойни онлайн таълим қилиб беринглар”, деб айтдим. Ҳозиргача натижа йўқ. Шу вақтгача шифохонада бўлганим сабабли университетга бора олмадим. Энди бориб, онлайн таълим масаласини гаплашаман. “Замдекан”и Дурдона опага айтган эдим. “Декан билан гаплашиб кўраман”, деганича ҳали телефон қилгани йўқ. Унга ҳам 4-5 кун бўлди”, дейди Дилдора Комилова
Маълумот учун, жабрланувчи Муштарибону Комилованинг иддаосига кўра, у жорий йилнинг 18 октябрь куни “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев хонасига кирган. Декан хонасидан ҳамма чиқиб кетгач, эшикни қулфлаб, унга тегажоғлик қилган. Қизни диванга ётқизмоқчи бўлганда, у қаршилк кўрсатган ва дераза олдига бориб қолган. Ниятига етолмаган Боғабек Йўлдошев уни итариб юборган.
Шу билан бирга, декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев тергов вақтида талаба қизнинг ўзи йигитидан қўрқиб деразадан сакраганини айтган.
Ҳозирда Боғабек Йўлдошев ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этиш керакки, ушбу ҳолатга мамлакат Президентининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева муносабат билдириб, “талаба қизларга нисбатан шилқимлик – жиддий муаммо” эканини таъкидлаган.
LiveБарчаси