Эрдўған UEFA'нинг қарорини турк миллати учун жазо деб атади
Спорт
−
07 Июль
20995Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Европа футбол ассоциациялари иттифоқининг (UEFA) Туркия терма жамоаси футболчиси Мериҳ Демирални дисквалификация қилиш ҳақидаги қарорини бутун турк халқи учун жазо деб атади. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Германиядаги Евро-2024 чемпионатидан қайтишда журналистлар билан суҳбатда сўз очди.
“Ғарбнинг менталитет нуқтаи назаридан бизга бўлган ёндашуви ўзгармади, ҳис-туйғулари ҳам ҳамон аввалги ҳолича қолди. Уларнинг Мериҳ Демиралга берган жазоси бошидан келишилган эди. Аслида бу Туркия учун бир миллат сифатида жазодир. Бунинг учун энг яхши мукофот Нидерландия билан ўйиндаги ғалаба бўларди, афсуски, бундай бўлмади. Ҳечқиси йўқ. Олдинда 2026 йилги жаҳон чемпионати ва 2028 йилги Европа чемпионати бор. Ўшанда қасос олиш имкониятимиз келади. Навбатдаги чемпионатларга янада яхши тайёргарлик кўрамиз деб умид қиламан”, деган Эрдўған.
Туркия раҳбари футболчига нисбатан қўйилган чекловга унинг ўйиндан кейин кўрсатган “кулранг бўри” ишораси сабаб бўлганини эслатди.
“Агар “кулранг бўри” имо-ишораси учун футболчимизни жазолашган бўлса, бошқа терма жамоа кийимларига туширилган рамзларга эътибор қаратилдими? Масалан, немисларда бургут бор. Бунинг учун улар жазоландими? Йўқ. Францияда хўроз бор. Улар-чи жазоландими? Йўқ. Демирал шахсан ўзига боғлиқ бўлмаган имо-ишорани кўрсатди”, дея қўшимча қилган Эрдўған UEFA томонидан турк футболчисига қўлланган жазога нисбатан.
Маълумот учун, UEFA Туркия терма жамоаси ҳимоячиси Демирални Австрия билан учрашув (2:1)дан сўнг икки ўйинга дисквалификация қилди. Демирал ўша ўйинда дублга эришди. Иккинчи голдан сўнг футболчи туркияликларнинг “кулранг бўри” ишорасини кўрсатди. Европа чемпионати чорак финалида Туркия терма жамоаси 6 июль куни Нидерландияга қарши баҳс олиб борди. Эрдўған Берлиндаги ушбу ўйинда шахсан иштирок этди ва у ерга асосан UEFA қарори билан боғлиқ жанжал туфайли боришга қарор қилганди. Ҳаттоки, у бу ўйин сабабли Озарбайжоннинг Шуша шаҳридаги Туркий Давлатлар Ташкилоти саммитига ҳам бормади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия футбол федерацияси (ТФФ) терма жамоа ҳимоячиси Мериҳ Демиралнинг Евро-2024'нинг иккита ўйинига дисквалификация қилиш қарори устидан апелляция берганди. Шунингдек, Эрдўған эса футболчининг 2 та ўйиндан четлатилганига ғазабланганди.
LiveБарчаси