Ўз ҳуқуқи учун судга мурожаат қилган журналистни учратмадим, QALAMPIR.UZ бундан мустасно – Ўсаров
Жамият
−
25 Сентябрь 2021
4902Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ҳали ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиб, судга мурожаат қилган журналистни учратмагани, бироқ QALAMPIR.UZ таҳририяти бундан мустасно эканини айтди. Бу ҳақда Олимжон Ўсаров жорий йилнинг 23 сентябрь куни “Ўзбекистонда журналистларнинг ҳуқуқий ҳимояси: муаммо ва ечимлар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида айтиб ўтди.
“Мен бир амалий мисол айтаман: биз журналистлар ўзгалар ҳуқуқини ҳимоя қиламиз, деймиз ва бунинг учун курашамиз. Лекин ўзимизнинг ҳуқуқларимизни ҳимоя қилишга келганда, ҳатто нима қилиш кераклигини ҳам билмаймиз. Бугун айрим журналистлар бизни ким ҳимоя қилади, деб сўрашяпти. Журналист биринчи навбатда, ўзини-ўзи ҳимоя қила олиши шарт. Бирорта журналист ҳуқуқи топталгани юзасидан судга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қиламан демайди”, дейди Ўсаров.
Уюшма раисининг сўзларига кўра, фақатгина QALAMPIR.UZ таҳририяти ўз ҳуқуқини талаб қилиб келмоқда.
“Мен ҳали ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилган журналистни учратмадим. QALAMPIR.UZ таҳририяти бундан мустасно, албатта. Мен шу нуқтаи назардан ушбу нашрга ўз миннатдорлигимни билдираман. Таҳририят журналист Феруза Нажмиддинова ҳуқуқини ҳимоя қилишда қатъий позицияда турди. Журналистлар уюшмаси, агентлик, Расул Кушербаев ва бошқа ташкилотлар ҳам мана шу масалада ўз муносабатини билдирди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқатилган ўша видеолавҳа журналистга босим ўтказиш учун атайлаб тайёрлангани аниқланди. Яна бир мисол журналистнинг ахборот олишига тўсқинлик қилган прокуратура ходимига ҳам ҳайфсан берилди”, дейди Олимжон Ўсаров.
Ўсаровга кўра, журналист ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишда ўзи ҳам фаол бўлиши керак.
Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ жамоаси Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 2-мавзеда қурилиши якунланмаган 14 та бино прокуратура ва ички ишлар ходимлари иштирокида бузиб ташланаётгани ҳақидаги мурожаат юзасидан ўрганиш ўтказиш учун воқеа жойига етиб борганди. Бироқ, таҳририят жамоасининг журналистик фаолиятига Юнусобод тумани прокуратураси ходими Умид Азизов томонидан тўсқинлик қилинади. Бунинг учун прокуратура ходимига нисбатан дастлаб, “одоб дарси” сўнгра, “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилади.