Арманлар қабрлардаги майит суякларини чиқариб, атрофга сочган — 29 йилда Ватанига қайтган қорабоғлик ҳикояси

Олам

Хабарингиз бор, QALAMPIR.UZ Озарбайжонга саёҳати давомида қуролли тўқнашувлар кечган Тоғли Қорабоғнинг Фузули туманига борди. Фузули тумани ҳам бошқа ҳудудлар қатори 1992 йилда Арманистон томонидан ишғол қилинган. 1993 йилдан буён Фузули шаҳрида ҳеч ким истиқомат қилмайди. Aрманистон босиб олган бу ҳудудда кўп қаватли уйлар, ҳовлилар, карвонсарой, парк, масжид, қабристон ва нашриётлар бўлган. Арманлар эгаллашидан олдин ҳудудда 20 минг одам истиқомат қилган.

Гажар қишлоғида оиласи билан яшаган, бугунги кунда Фузули тумани ижро ҳокимияти маъмури бўлиб фаолият олиб бораётган Байрам Нефталиев QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда уруш сабаб ўз уйини 11 ёшида ташлаб кетишга мажбур бўлгани, уйи ва оиласи ҳақида гапирди.

“Фузулидан 10 км узоқда Гажар қишлоғида туғилганман. Уйимиз жойлашган ҳудуд Aрманистон томонидан босиб олинганда мен 11 ёшда эдим. Оиламиз билан бирга уйимизни ташлаб кетишга мажбур бўлганмиз. Ҳозир 39 ёшдаман ва 29 йил ўтиб уйим атрофига келиш имконияти пайдо бўлди. Уйимиз олдига борар эканман, ёниб кетганини кўриш мен учун жуда ҳам оғир.

Бу ерлардан кетишга мажбур бўлганимиздан сўнг, Баку, Бейлақонда яшадик. Бу ердан кетган вақтимиз ёш бола эдим. Дадам кетишимиз кераклигини айтганлари ҳали ҳам ёдимда. Ўша вақтларда ёш бола бўлганим сабаб ҳеч нарсани ҳис қилмагандирман, лекин ота-онамга жуда қийин бўлганини сезганман.

Орадан 29 йил ўтиб туғилган жойимга қайтиш – бахт. Қувончимдан йиғладим, тўғриси. Лекин уйимизни вайрона ҳолатидалигини кўриб жуда хафа бўлдим. Фарзандларимга бу туғилган ва ота-боболаримиз яшаган тупроқ экани, бу ерда яшайдиганларнинг барчаси Арманистон босиб олганидан сўнг кетишга мажбур бўлганлари ҳақида кўп айтаман.

Бу тупроқ бизники, бу ерларда ота-боболаримиз яшади, биз яшадик, энди фарзандларимиз яшайди” , дейди Байрам Нефталиев.

Туман бўйлаб саёҳат қилиш давомида маълум бўлдики, ҳудуд арманлар томнидан миналаштирилган ва эркин ҳаракатланиш ҳаёт учун хавфли. Арманистон ҳукумати сулҳга кўра қайтартилган ҳудудлардаги миналаштирилган майдонлар харитасини халқаро қонунчиликка зид равишда бермай келмоқда. Қаҳрамонимиз болалик хотиралари билан ўртоқлашиш асносида ҳудуддаги XVII аср охирида қурилган карвонсарой ҳақида сўзлаб берди.

 “Фузули туманининг ишғолдан озод бўлган Қарға бозори эл орасида Шоҳ Aббос карвонсаройи ҳам деб аталган. Бу маскан 1683 йилда қурилган. Карвонсарой тижорат йўли устида бўлгани сабабли Ғарбдан Шарққа кетаётган тадбиркорлар айнан мана шу карвонсаройда қолиб дам олишган. Бу йўл Эрон, Усмонли империяси, Покистон ва Хитойга ҳам боргани айтилади. Карвонсарой Республика аҳамиятидаги тарихий обида ҳисобланади”, дейди Фузули тумани ижро ҳокимяти маъмури.

Карвонсарой ичини кўздан кечириб, бино нураб қолганига гувоҳ бўлдик. Aйтилганидек, бир нечта ҳужралар бор, лекин уларга киришнинг имкони йўқ. Карвонсаройнинг юқори қаватига чиқишни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Одамлар дам олган жойларда арманлар тўнғиз боққани ва ҳозиргача бу жойлар ташландиқ ҳолатдалигини кўрдик. Карвонсаройнинг ҳар бурчагида сомонлар ва қумурсқалар ивирсиб ётарди.

Нефталиев бугунга келиб Озарбайжон арман истилосидан озод қилинган барча ҳудудларда тиклаш ишларини олиб боришни режа қилаётганига тўхталиб, шундай дейди:

“Шоҳ Aббос карвонсаройи 340 ёшда. Ҳозир хароба аҳволга келганини кўриб турибсиз, бу ерлар тўлиқ тозаланиб реконструкция ишлари олиб борилиши режалаштирилган. Карвонсарой тарихий жой бўлгани сабабли бу бино музейга айлантирилади. Озарбайжон аҳолиси, қолаверса, бу ерга келган сайёҳлар карвонсаройни айланиши ва унинг тарихини билишларига имконият яратилади”.

Фузули туманида 1000 дан ортиқ намозхонга мўлжалланган Хожи Ғиёсиддин масжиди ҳам бўлган. У 1683 йил Сафавийлар давлати вақтида тепаликда барпо қилинган. Масжид ҳам тарихий обидалардан ҳисобланади. Бугунга келиб масжиднинг ички ва ташқи томонида урушдан қолган асоратларни кўриш мумкин.

Ибодат маскани ҳам арманлар ишғоли вақтида ёндирилган ва яроқсиз ҳолга келтирилган. Масжид атрофида 1500 киши истиқомат қилган ва улар айнан шу ерда ибодат қилганлар.

Бизга ҳамролик қилганларнинг айтишича, Фузули туманида 5 гектарли қабристон бўлиб, афсуски, қуролли тўқнашувлар вақтида қабрлар очилиб, майитларнинг суяги атрофга сочиб ташланган.

“Фузули шаҳар қабристони 5 гектар бўлиб, бу ерларга Фузулида яшайдиган аҳолининг яқинлари дафн этилган. Ҳозир ўт босиб кетгани сабабли қабр тошлари кўринмаяпти. Ишғол вақтида aрманлар қабрларни очиб, одам суякларини атрофга сочиб ташлаган, шу сабабли ҳам кўп қабрлар сақланиб қолмаган”, дейди Фузули тумани ижро ҳокимяти маъмури.

Арманлар мусулмонларнинг масжиди, қабристонини вайрон қилиш билан чекланмаган. Босиб олинган ҳудудлардаги Совет иттифоқи даврида фаолиятини йўлга қўйган газета биноси ва театр ҳам ёқиб юборилган.

“1931 йилдан чоп этилиши бошланган, илк номи “Колхозчи” ундан сўнг “Aраз” дея номланган газета 1993 йилга қадар фаолият олиб борган. Фузулида яшаган аҳоли айнан шу газетани ўқиб, маълумотлар олишган. Бу туманда Совет иттифоқи даврида қурилган Фузули мусиқали драма театри биноси ҳам бўлган. У анча йилгача фаолият юритган. Ҳар икки бино ҳам aрманлар ишғоли вақтида ёқиб, кул қилинган", дейди Нефталиев.

Фузули туманига саёҳат давомида уруш йилларида вайрон қилинган Арманистон қуролли кучларининг танк, ҳарбий машиналари қолдиқлари, арман аскарларига тегишли бўлган бронежилет ва бошқа ашёларни учратдик. 

 

 

 

Тоғли Қорабоғ можароси

2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди. 

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябрь соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Тоғли Қорабоғ

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг