МҚКҚ нега “шапка” йўқ қилинганидан кейин “тўлқинланди” – “UzAutoMotors”нинг яна бир ҳимоячиси пайдо бўлди
Жамият
−
22 Декабрь 2020
36637Тошкентдаги Турин политехника университети ректори, техника фанлари номзоди Жамшид Иноятхўжаев “UzAutoMotors” ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасида борган кураш бўйича ўз муносабатини билдири.
Жамшид Иноятхўжаев МҚКҚ автомобиль саноатида юзага келган “шапка” тушунчасини йўқ қилган янги раҳбариятга қарши тиш қайраганидан ҳайронлигини билдириб, бу буюртма эмасми деган фикр билдирган.
“Илғор” жамиятда яширин консенсус пайдо бўлгани ҳақида гап кетганда, ақлли, ўқимишли ва баъзи ўринларда зиёли одамлар икки хил стандартни қўллашдан тортинмаслигини кузатиш қизиқ. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва “UzAutoMotors” қарама-қарши бўлган вазиятни олайлик – бутун “прогрессив” жамоатчилик автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниянинг айби нимада эканини яхши тушунмасдан МҚКҚнинг ҳаракатини фаол равишда қўллаб-қувватлади. Йигирма йил давомида турли тузилмалар “шапка” тушунчаси билан унинг (“UzAutoMotors” аввал GM Uzbekistan – таҳр.) ҳисобига яшашган. Ҳўш, нега Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўша йилларда жим турган? Ҳа, айнан ўшанда, одамлар ойлаб, йиллаб навбатларда туриб, машина олиш ҳуқуқи учун пора тўлаб, камситилганда? Ва нега, айнан, янги раҳбарият коррупция тизимини бузиб, “шапка” тушунчасини йўқ қилганидан кейин “тўлқинланишди”? Ёки бу бировга халақит бердими ва берилиб кетган ислоҳотчиларни “жазолаш” вазифаси қўйилдими?”, дейди Иноятхўжаев.
Шунингдек, у автомобиль импорти учун ўрнатилган юқори бож тарифлари масаласига ҳам тўхталиб, бу нормалар автомобилсоз томонидан ўрнатилмаганини урғулаган. Аксинча, Олий Мажлисда кўпчилик ўринга эга бўлган ҳукмрон партия – ЎзЛиДеп депутатлари ўз ишини қилиб, шу масалани ҳал қилиш учун қонун ишлаб чиқса, яхши бўлишини айтиб ўтган.
“UzAuto Ўзбекистонга олиб кирилаётган автомобилларга божхона тўловларининг юқори бўлишида айбдорми? Ёки ушбу божлар учун тарифларни завод белгилайдими? Бу Олий Мажлиснинг ваколати эмасми? Аммо нима учун айнан ҳукмрон партиянинг депутатлари автомобиль ишлаб чиқарувчининг номини булғаш жараёнининг ташаббускорига айланишди? Балки, улар бунинг ўрнига бож тарифларини босқичма-босқич пасайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, ўзининг тўғридан-тўғри мажбуриятини бажариши керакдир. Ёки гап халқ манфаати тўғрисида эмас, балки популизм ҳақида кетяптими ва мақсад барчасини чексиз “гап бозорида” чўктиришдир?”, деб таъкидлаган у.
“UzAutoMotors” ҳимоячиси сифатида намоён бўлган Иноятхўжаев автомобилсознинг бошқа бир қўриқчиси “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодировнинг МҚКҚга қарата айтган гапларини мутлақо қўллаб-қувватлаган.
“МҚКҚнинг етарлича лаёқатга эга эмаслигини айтган Алишер Қодиров нимада хато қилди? Аслида, бу унинг хулосаларидан эмас, икки инстанция суднинг қароридан келиб чиқади. Суд худдики “UzAutoMotors”ни монополия сифатида тан олишдан бош тортгандек, фактларни тортишиб, аудиторияни ишонтириш керакмас. Бу борада ҳеч нима дейилмади: МҚКҚнинг даъволари март ойидаги нархларнинг кўтарилиши ноқонуний бўлгани ва ортиқча тўланган пулни харидорларга қайтариш кераклиги ҳақида эди. Айнан ушбу ҳисоб-китоблар адолатлилиги бўйича суд регуляторни рад қилди.
МҚКҚ компанияга нисбатан даъволари ноқонуний бўлганидек, ҳисоб-китобларининг нотўғрилиги ҳам исботланган факт. Қўмита бировнинг буйруғи билан иш юритади деб ўйлашни хоҳламаган бўлардим, аммо кўпчиликда шундай таассурот пайдо бўлиши мумкин. Охир-оқибат у нафақат бир неча ой давомида корхонанинг муҳим бошқарув ва ҳуқуқий ресурсларини долзарб муаммоларни ҳал қилишдан четлаштирди, балки ўзи ҳам ноқонуний даъволарни ҳимоя қилишга анчагина маблағ сарфлади”, дейди Иноятхўжаев фикрини давом эттириб.
Шундан сўнг, навбат “UzAutoMotors”нинг давлат бюджетига келтираётган фойдасига келган. Иноятхўжаев қийин келган 2020 йилда компания давлатдан ёрдам сўрамаганини айтиб, қўмита нега айнан ҳозир унга қарши иш бошлаганидан ҳайронлигини билдирган.
“Бу шунчаки оддий компания эмас, балки бюджетни шакллантирувчи гигант бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 1,5 фоизини ташкил қилади. Бу “Ўзбектелеком”дан уч баравар ёки “Ўзбекистон темир йўллари”дан 7,5 баравар кўп. Наҳот, МҚКҚ иқтисодиётнинг бошқа “флагман”ларидан фарқли ўлароқ 9бюджетдан ҳеч нима – таҳр.) талаб қилмаган заводни заифлаштириш учун бундан яхши вақт топа олмадими? Ёки айнан “ковидли” 2020 йилда қилиш керакмиди? Агар шундай бўлса, савол қолмайди”, дейди Иноятхўжаев.
Турин университети ректори Иноятхўжаев автомобилсоз компания давлатга фойда келтираётганини айтиб, унга қарши чиққан қўмита жорий йилда ҳеч қандай моддий манфаат келтирмаганини урғулаган. У қўмитани бошқа масалалар билан шуғулланишга чақирган.
“Бошқа нарса қизиқ: биз “UzAutoMotors” давлат учун қанча фойда келтираётганини аниқ биламиз. Монополияга қарши курашиш қўмитаси моддий томондан олганда 2020 йилда халққа қандай фойда келтирди? Негаки ташқаридан қараганда у жорий йилда завод билан самарасиз ва маълум бўлишича, ноқонуний кураш олиб борган. Демак, UzAuto бюджетга пул жўнатяпти, шу пуллардан молиялаштирилаётган МҚКҚ лаёқатсизлиги билан UzAuto ишига халақит беряпти. (Қўмита – таҳр.) олтита уяли алоқа компанияси билан рақобатлашаётган алоқа бозоридаги Ucell ва Beeline монополистлар реестирида нима қиляпти, деган саволни бериш ўрнига тўсқинлик қиляпти”, дейди у.
Сўзида давом этаркан Иноятхўжаев Антимонополия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов айтган гапларни эслатиб, унинг айтганлари жудаям тўғрилигини таъкидлаган.
“МҚКҚ ўз ҳаракатлари маъносизлигини айтаётгани янада кулгили. Антимонополия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов оммавий равишда қуйидагиларни айтди: “Битта йўли бор — кириб келаётган автомобиллар учун божхона тўловини пасайтириш керак. Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди.
Агар шу нарса ҳал бўлмаса, “UzAutoMotors” ишини ҳар йили кўриб чиқишимиз, судда ютишимиз ҳам мумкин. Бироқ бу натижа бермайди, бунинг давоси — бозорда рақобатни пайдо қилиш”. Олтинга тенг сўзлар, “браво”! Аммо МҚКҚ мана шу қойилмақом хулосадан кейин яна ўша “UzAutoMotors”ни судга беряпти. Бу ерда мантиқ қани?”, дея савол берган Иноятхўжаев.
МҚКҚнинг компанияга қарши кураш учун сарфлаётган маблағлари солиқ тўловчилар, жумладан, “UzAutoMotors” томонидан қопланиши ҳамда юқорида айтилганидек, божларни пасайтириш эмас, мамалкатнинг ўзида бошқа заводлар очиш янада тўғри бўлиши таъкидланган.
“Эслатиб ўтаман, мана шу барча бемаъни (ҳатто МҚКҚ нуқтаи назаридан ҳам) ҳаракатлар солиқ тўловчилар, жумладан, расман уларнинг орасидаги энг йирикларидан бўлган Асакадаги автомобиль заводи томонидан тўланади. Балки бемаънилик билан шуғалланишни тўхтатиш керакдир? Эҳтимол, Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф қилинган содда ва самарали ечимни, бизга битта эмас, балки бешта шундай завод керак, деганини эслаш керакдир. Бешта завод, МҚКҚдаги жаноблар! Завод, импортёрлар эмас! Ҳа, бу жуда мушкул, лекин айтмоқчи, мамлакатимизда Skoda ва Volkswagen ишлаб чиқаришга келишиб олган “Ўзавтосаноат” раҳбарияти бу вазифани муваффақиятли ечяпти”, деган Иноятхўжаев.
Жамшид Иноятхўжаев сўзи сўнгида Алишер Қодировнинг МҚКҚ вакилларини парламентга чақиртириш ҳақидаги фикрларига жамоатчилик томонидан билдирилган реакцияга тўхталиб ўтиб, тенглик ҳақди ваз ўқиган. Жумладан, у шундай деди:
“Ва ниҳоят, “Миллий тикланиш” партияси раҳбарининг “UzAutoMotors” билан қарама-қаршилик ҳолатига аниқлик киритиш учун МҚКҚ вакилларини парламентга чақириш ташаббусидан қаттиқ ғазабланган “илғор” жамоатчиликка мурожаат қилишга жазм этаман. Йил бошида Олий Мажлис депутатлари айнан шу тарзда автосаноат раҳбариятини эшитувга чақирганда, буни олқишламаганмидингиз? Ёки ҳамма тенг, аммо кимдир барибир тенгроқми? Иккаласи ҳам ҳуқуқий жамият шаклланишининг одатий кўриниши бўлиб, депутатларнинг ваколати доирасида қонуний иш тутаётгани учун уларга ташланиш камида ғалати. Шу билан бирга, мантиғингизга кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қўрқиши учун ҳеч қандай сабаб йўқ”.
Қайд этиш керакки, “UzAutoMotors”нинг ўзи ҳам депутат Расул Кушербоевнинг божлар бўйича таклифига муносабат билдириб, компания тарифларни ўрнатишга алоқадор эмаслигини айтганди.
Яна бир нарсани эслатиб ўтсак. Ҳисоб палатасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосасида “UzAutoMotors” йил бошидан бери бюджетга 582,6 млрд сўмни тўламагани айтилганди. Демак, монополист 2020 йилда давлатдан ёрдам олмаган бўлса-да, бу борада мутлақо четда қолмаган. Фақатгина олиш ўрнига бермай қўя қолган.
Маълумот учун, юқорида “UzAutoMotors” ҳимояси учун айтилган ўткир фикрларнинг муаллифи Жамшид Иноятхўжаев аввалроқ, GM Uzbekistan ва GM Powertrain Uzbekistan компанияларида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 декабрь куни Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси “UzAutoMotors” ва МҚКҚ ўртасидаги низо бўйича апелляция шикоятини кўриб чиқди. Апелляция судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилувчи қарори ва хусусий ажрими ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Қўмитанинг компанияга қарши талаби рад этилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь