“UzAutoMotors” Расул Кушербоевнинг автомобиллар божи бўйича таклифига муносабат билдирди
Жамият
−
17 Октябрь 2020
33088Кеча, 16 октябрь куни “UzAutoMotors” АЖ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевнинг бож масаласида иш олиб бораётгани ҳақидаги фикрига расмий муносабат билдирди.
Компания аввало “UzAutoMotors” ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасидаги суд атрофида рўй бераётган оммавий баҳс-мунозаранинг конструктив ўзанга тушишига умид билдирган. Бундан ташқари, Кушербоев суд жараёнига аралашиш ва рейтинг тўплаш ҳамда жамоатчилик кайфиятини сунъий равишда бузишга уринишда айбланган.
“UzAutoMotors” АЖ юридик бошқаруви раҳбари Рустам Шаймардонов иш юзасидан баёнот берди.
“Бугун МҚКҚ махсус комиссиясининг қарорини бекор деб тан олиш тўғрисидаги компаниямиз даъвоси бўйича суднинг учинчи мажлиси ўтказилди. Тингловлар жавобгарнинг аргументлари заиф эканлигини тасдиқлади ва бу кутилган ҳолат эди. Биз учун кутилмаган ҳол эса, жараёнга, кўринишидан рейтинг тўплаш ва жамоатчилик кайфиятини сунъий равишда бузишга уринаётган партия фаолларининг навбатдаги оммавий аралашуви бўлди.
Депутат Кушербоев “UzAutoMotors”га қарши курашидан мақсад автомобиллар импортига қўйилган божхона тўловларини пасайтириш эканлигини эълон қилди. Эҳтимол, бу ҳурматли Расул Хидиралиевични ҳайрон қолдирар, лекин божхона тўловлари ставкасини асло бизнинг компаниямиз белгиламайди. Аксинча – 2018 йилда янгиланган компания раҳбарияти ўтган муддат давомида корхонанинг бу омилга боғлиқлигини бартараф этиш учун қўлдан келган барча чораларни кўрди”, деган ҳуқуқшунос Рустам Шаймардонов.
Унинг сўзларига кўра, икки йилдан зиёдроқ вақт давомида турли хил имтиёзлар, преференциялардан воз кечиш, шунингдек ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Шаймардоновнинг қайд этишича, 2017-2018 йлларда 4,8 трлн сўм зарар кўргани ҳолда 2019 йилда “UzAutoMotors”нинг соф фойдаси 2,6 триллион сўмга етган.
“Бироқ, депутат Кушербоев ва унинг айрим ҳамкасблари, яққол фактларни инкор қилиб, заводга давлат томонидан берилаётган афсонавий субсидиялар ҳақида таъкидлайдилар. Воқелик буткул ўзгача: “UzAutoMotors” ғазнага триллионлаб солиқ-у дивидендлар тўлайди, республикадаги энг йирик солиқ тўловчиларидан бири саналади. Ҳатто карантин даврида, кўплаб ташкилотлар давлатдан ёрдам сўраган бир пайтда, биз бюджетдан бир тийин ҳам олмадик, шунингдек ҳар бир ишчи ўрнини сақлаб қолдик. Нима бўлганда ҳам, божхона божлари ставкаси – бу компаниямиз жамоасининг эмас, балки парламент аъзоларининг ишларидир, шу сабабли депутатнинг алангали даъволари аввало ўзларига қаратилиши лозим.
Кейин Расул Хидиралиевич компаниямиз “ҳар қандай ишга таъсир кўрсатиш учун етарлича кучли” дея эълон қилди. Агар гап бизда далиллар базаси кучлилиги ва юридик мавқеимиз ҳам пухтароқ эканлиги ҳақида бўлса, биз буни кутилмаган, лекин ёқимли мақтов ўлароқ қабул қиламиз. Аммо депутат ўз сўзларига ўзгача, лоббизм ва суд жараёнлари иштирокчилари ўртасидаги ноқонуний муносабатларга дахлдор маъно бераётган бўлса, мен у инсонга фикрларини аниқроқ ифодалашни тавсия қилардим, токи ҳар бир сўзига ҳуқуқий жиҳатдан қатъий баҳо бериш имкони бўлсин.
Яна айтилганки, “компания асоссиз равишда нархларни оширган”. Ваҳоланки, ҳозирги оммавий мунозара жараёни бутунлигича ушбу даъвонинг баҳсли эканлиги атрофида қурилмаганми? Ҳурматли суд уни тасдиқлаш ёки рад этишга интилмаяптими? Шундай экан, суд қарори чиққунига қадар ўз тасаввурларини ҳақиқат дея тақдим этиш қанчалик тўғри? Боз устига, кимлардир буни олий қонунчилик ҳокимияти вакилининг суд ҳокимиятига босим ўтказишга уриниши деб тушуниши мумкин”, дея таъкидлайди ҳуқуқшунос Рустам Шаймардонов.
Юрист депутат “UzAutoMotors”га қарши курашда тўхташ ниятида эмаслигини таъкидлаб ўтган.
Маълумот учун, аввалроқ, ОАВда Расул Кушербоев хорижий автомобилларга бож ставкасини пасайтириш устида иш олиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Шу ўринда, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган “UzAutoMotors” ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасида автомобиллар нархи борасида очилган иш бўйича суд эшитувлари ёпиқ ўтказиладиган бўлди.
LiveБарчаси