“Ҳўкиз туғибди, деса ишонадиганлар” ёхуд Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ қандай ёлғонлар урчиди?

Бу қизиқ

image

Коронавирус ҳақиқатан ҳам ваҳимали мавзуга, масалага ва муаммога айланди. Кимнинг оғзига қулоқ оссанг, айланибам-ўргилибам шу мавзуга бориб тақалади – гап Қуёш тизими ёки бетон қуйиш масаласида бўлмайдими – одамларни шу мавзу қизиқтириб қўйган.

Бундан “унумли” фойдаланган айрим одамлар эса ўзларидан биолог, инфекциолог, бактереологик мутахассислар “ясаб олиб”, тўғри келган, келмаган гап-сўзларни, аниқроғи, ёлғонларни урчитишни бошлади. Содда одамлар эса, “ҳаа, шундай экан-дааа...”, деб уларга лаққа ишонди ва ишонишда давом этмоқда.

АОКА штабида ҳар куни ўтказилаётган брифингларда турли соҳа вакиллари чиқиб, аҳолини ўйлантириб келаётган саволларга жавоб бермоқда, миш-миш ва ёлғонларни очиб ташламоқда. Қуйида Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ёлғон маълумотларга берилган саволларга Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг жавобларини ҳавола этамиз.

 

Савол: Ҳаво ҳарорати 40 даража иссиқ бўлганда коронавирус атмосфера ҳавосида нобуд бўлиши ростми?

Жавоб: Афсуски, йўқ. Сингапур университетининг medRxiv порталидаги маълумотларга кўра, вируснинг сезувчанлик хусусияти аниқ белгиланган, яъни у цельсий шкаласи бўйича 70 даражага тенглаштирилган. Таъкидлаш лозимки, коронавируснинг турли юзаларда яшувчанлиги турлича: масалан, қоғозда 3 соат, кийимда 2 кун, шиша юзасида 4 кун, пластикда 7 кун сақланиб қолади. Шунинг учун ҳам дезинфекция қилиш ўта муҳим.

Савол: Ижтимоий тармоқларда хорижий экспертларнинг башоратларига кўра, ноябрь ойида ҳам вирус бўйича эпидемиологик вазият таранглашар экан, деган хабарлар тарқалмоқда. Бу маълумот қанчалик асосли?

Жавоб: Эпидемиологик вазиятнинг таранглашуви ва давом этиш муддати тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган фикрлар ва "Касаллик ҳақида башоратчилар аввалдан аниқ айтиб, ёзиб кетган экан", каби гапларнинг барчасига ИШОНАВЕРМАНГ.

Савол: Интернетда ўқиб қолдим, янги кузатувлар буйича COVID-19 баъзи ҳолатларда мия емирилишига олиб келаяпти экан. Бунга тиббиёт ходимларимиз нима дейди? Бу қанчалик рост?

Жавоб: Ҳозирги кунда интернетда коронавирус тўғрисида кўп ёлғон маълумотлар пайдо бўлмоқда. COVID-19 мия емирилишига ОЛИБ КЕЛМАЙДИ.

Савол: Маълум йиллар олдин Кубада яратилган қарши 100 фоиз натижа бераркан, ҳатто АҚШда ёши катталар ҳамушбу препарат ёрдамида тузалибди. Бу дори коронавирусга қарши таъсир қилаётганини АҚШ тиббиёт агентлиги ҳам тасдиқлабди.Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу хабарга муносабатингиз? 

Жавоб: “ИНТEРФОН АЛЬФА Б2” дорисининг коронавирусга қарши самарасини тасдиқловчи клиник протоколлар Жаҳон миқёсида мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикасида ҳозирги кунда ХЛОРАХИН препаратининг организмнинг вирусдан тозаланишида самараси яққол намоён бўлаяпти.

Савол: Ушбу касалликга қарши вакцина қачон пайдо бўлади, интернет сайтларида АҚШ давлатида вакцина ишлаб чиқилгани, ушбу вакцина билан беморларни 3 соат ичида даволаб юборса бўлади дейишаяпти, шу тўғрими?

Жавоб: Бир нарсани аниқ билишимиз керак. Вакцина даволаш воситаси эмас. У профилактика жараёнида қилинадиган бир жараён. Кимдир вакцина ёрдамида даволабди дейишса бу нотўғри талқин.

Бу каби миш-миш ва ёлғон хабарларнинг олдини олиш учун ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалар орқали аниқ маълумотлар бериб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 390 нафарга етди. Уларнинг 30 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

332

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг