Ҳоким ёрдамчиси, ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари пора билан қўлга тушди

3-саҳифа

image

Ўзбекистоннинг Фарғона, Жиззах ва Самарқанд вилоятида ҳоким ёрдамчиси, ИИБ, Миллий гвардия, Электр тармоқлари корхонаси ходимлари пора олаётганда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Фарғона вилоятининг Риштон тумани электр тармоқлари корхонасида бўлим бошлиғи бўлиб ишловчи шахс якка тартибдаги тадбиркорнинг кулолчиликка ихтисослашган устахонаси электр тармоғига ноқонуний улангани боис, унга нисбатан расмийлаштирилган далолатнома бўйича 2 млрд сўм миқдорида жарима солиниши мумкинлигини айтиб, ушбу жаримани камайтириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 6600 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳамкорликда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда эса Марғилон шаҳар “Надирмат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога Фарғона шаҳар Қиргули мавзесида жойлашган 0,5 сотих бўш ер майдонини “Е-аукцион” платформаси орқали ютиб, кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.

Шунингдек, Жиззах вилоятида кузатилган ҳолатда, Шароф Рашидов тумани Ички ишлар бўлими Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи ҳозирда айблов эълон қилиниб, мазкур ҳибсхонада сақланаётган шахсга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқаётган судья томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Терговга қадар текширув давомида, мазкур мансабдор шахс муқаддам ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ҳибсхонада сақланаётган ушбу фуқаронинг оила-аъзолари билан учрашиши ҳамда уйидан олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотларининг киритилиши учун рухсат бериш эвазига 400 АҚШ долари олгани ҳам маълум бўлган.

Миллий Гвардиянинг Самарқанд вилояти Иштихон туманлараро Қўриқлаш бўлими ходими маҳаллий фуқарога нисбатан ички ишлар органлари томонидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисм “в” банди ва 211-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят ишини танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 1,5 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда маъмурий жавобгарликка тортмаслик эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими ушланганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

пора Ҳоким ёрдамчиси Миллий гвардия ходимлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг