Ҳиндистондаги ёмғирлар туфайли 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Олам

image

Ҳиндистоннинг шимолий Химачал-Прадеш штатида икки ой ичида юз берган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Hindustan Times” хабар берди.

Расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг 155 нафари бевосита ёмғир билан боғлиқ ҳодисаларда – кўчки, тўсатдан сув босиши ва кучли жала туфайли вафот этган, қолганлари эса йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлган.

Кучли муссон ёмғирлари бутун штат бўйлаб инфратузилмага катта зарар етказган, асосий хизматларнинг ишлашини издан чиқарган. Маҳаллий ва давлат ресурслари сафарбар қилиниб, вайрон бўлган ҳудудларда тозалаш ва тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Кучли ёғингарчилик оқибатида юзага келаётган кўчки ва сел оқимлари тиклаш ишларини ҳам қийинлаштирмоқда. 

Ҳокимият аҳолига, айниқса, тоғли ҳудудларда яшовчиларга ҳушёрликни сақлаш ва зарур бўлмаган сафарлардан тийилиш зарурлигини эслатган, чунки айрим туманларда қисқа муддатли ёмғирлар давом этмоқда.

Маълумот учун, Химачал-Прадешда ёмғир мавсуми июнь охиридан сентябргача давом этади ва шу даврда йиллик ёғиннинг катта қисми ёғади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг шимолидаги Уттаркаши шаҳрида кучли ёмғир ёғиши оқибатида тошқин юзага келиб, у бутун бир қишлоқни буткул вайрон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Химачал-Прадеш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг