Ҳиндистондаги авиаҳалокат қурбонлари сони 300 дан ошди – ОАВ
Олам
−
13 Июнь 5076 2 дақиқа
Кеча, 12 июнь куни Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида юз берган даҳшатли авиаҳалокат қурбонлари сони 317 нафарга етди. Бу ҳақда “The New Indian Express” нашри хабар берди.
Шаҳар полицияси вакилларининг тасдиқлашича, Лондон йўналиши бўйича учаётган Boeing 787 Dreamliner бортида бўлган барча йўловчилар ва 10 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Қутқарувчилар хизмат кўрсатувчи бинолар жойлашган Атульям-Флэтс туманида яна 75 жасадни топган.
Самолётнинг парчалари яшаш ҳудуди бўлган Форестри-Кросс-роуд маҳалласига қулаган. Маълумотларга кўра, Boeing нинг дум қисми бинолардан бирига урилган, оқибатда унинг деворлари тутун билан қопланган. Портлаш тўлқини бошқа бир уй томини ҳам зарарлаб, ёнғинга сабаб бўлган. Ҳозирда мутахассислар ҳалокат жойини ўрганиб, ҳодисанинг аниқ сабабларини аниқлаш устида ишламоқда.
Ҳалокатга учраган самолёт бортида 169 нафар Ҳиндистон фуқароси, 53 нафар британиялик, 7 нафар португалиялик ва 1 нафар канадалик бўлган. Ҳодиса гувоҳларидан бири самолёт қулагач, ерда ёниб кетган жасадлар ва Boeing парчалари аралашиб ётганини айтган.
Ҳозир ҳам ҳалокат ҳудудида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон Республикаси Президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия мактуби йўллагани хабар қилинганди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов дастлабки маълумотлар асосида мазкур рейсда Ўзбекистон фуқаролари бўлмаганини маълум қилди.
Live
Барчаси