Ҳиндистондаги даҳшатли авиаҳалокат: самолёт ётоқхона устига қулаган (фоторепортаж)
Олам
−
12 Июнь
17402Бугун, 12 июнь куни Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Аҳмадобод шаҳрида Air India авиакомпаниясига тегишли Boeing 787-8 Dreamliner самолёти ҳалокатга учради. Маълум бўлишича, самолёт талабалар ётоқхонасига қулаган. Бу ҳақда “Free Press Journal” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бортида 242 киши бўлган учоқ BJ Medical College’нинг шифокорлар учун мўлжалланган ётоқхона биносига, хусусан, талабалар овқатланадиган ҳудудга қулаб тушган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, ҳалокат вақтида ётоқхонада кўплаб MBBS (бакалавр) босқичидаги тиббиёт талабалари бўлган ва улардан кўплари ҳалок бўлган ёки жиддий тан жароҳати олган бўлиши мумкин. Аниқланган қурбонлар сони ҳозирча расмий тасдиқланмаган.
Ҳиндистон Тиббиёт Ассоциациялари Федерацияси (FAIMA) Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида қуйидагича баёнот берди:
“Аҳмадободда Air India самолётининг қулагани ҳақидаги янгиликдан чуқур ларзага келдик. Воқеа BJMC талабалар ётоқхонасида рўй бергани, кўплаб MBBS талабаларининг жароҳатлангани ёки ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар ҳолатни янада фожиали қилмоқда. Биз вазиятни диққат билан кузатмоқдамиз ва ҳар қандай ёрдамга тайёрмиз”.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда воқеа жойидан қора тутун осмонга кўтарилаётгани, самолёт бинога урилиб, портлагани акс этган. Кўплаб гувоҳлар самолётнинг BJ Medical College биносига урилганини тасдиқламоқда.
Ҳалокат сабаблари ҳозирча расмий равишда эълон қилинмаган, аммо илгарироқ двигателга қуш урилиши эҳтимоли ҳақида тахминлар айтилган. Расмий тергов давом этмоқда. Шунингдек, маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, ҳодиса оқибатида камида 110 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон Республикаси Президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия мактуби йўллагани хабар қилинганди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов дастлабки маълумотлар асосида мазкур рейсда Ўзбекистон фуқаролари бўлмаганини маълум қилди.
LiveБарчаси