Ҳиндистонда юк поезди йўловчи поезди билан тўқнашди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
17 Июнь
7379Бугун, 17 июнь куни Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатида юк поезди “Kanchanjunga Express” йўловчи поезди билан тўқнашиб кетди. Бу ҳақда “The Hindu” нашри хабар берди.
Аниқланишича, эрталаб темирйўл станцияси томон йўл олган йўловчи поездининг учта орқа вагони штатнинг Даржилинг туманида юк поезди билан тўқнашиб, рельсдан чиқиб кетиши оқибатида камида 15 йўловчи ҳалок бўлган ва 60 нафари яраланган.
Воқеадан хабар топган Ғарбий Бенгалия Бош вазири Мамата Банержи ёрдам операциялари билан танишиш учун Янги Жалпайгуридаги воқеа жойига етиб борган. Давлатнинг бир нечта агентликлари маҳаллий аҳоли билан биргаликда поезд вагонлари ичида қолиб кетган йўловчиларни қутқариш ишларини олиб бормоқда.
Темирйўл раҳбарининг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида юк поездининг икки нафар ҳайдовчиси ҳам бор.
Поездлар тўқнашиши ортидан, мамлакат Конгресси Бош вазир Нарендра Моди ҳукуматини мутлақо нотўғри бошқарув сиёсатини олиб бораётганликда айблаб, сўнгги 10 йил ичида Темирйўл вазирлиги ҳукуматнинг нотўғри бошқарувига асосланиб иш тутаётганини даъво қилди.
“Масъулиятли мухолифат сифатида, Моди ҳукумати Темирйўл вазирлигини қандай қилиб тизимли равишда ўзини-ўзи реклама қилиш платформасига айлантирганини айтиш бизнинг мажбуриятимиздир!”дея фикр билдирган Конгресс президенти Малликаржун Харге ўзининг Х ижтимоий тармоғи (собиқ Twitter)даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда поезд вагонлари рельсдан чиқиб кетгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси