Ҳиндистонда Роналдуга ҳайкал ўрнатилиши норозиликларга сабаб бўлди

Спорт 10577
image

Ҳиндистонда “Манчестер Юнайтед” ва Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду шарафига ҳайкал ўрнатилди. Бу ҳақда “The Times of India” нашри хабар берган. 

Таъкидланишича, ҳайкал Гоа штатида — футболчининг ватанидан 9 минг километр узоқликда ўрнатилган. Ҳайкалнинг нархи тахминан 14 минг евро, оғирлиги эса тахминан 410 килограмм. 

Ҳайкал ўрнатилиши ҳақида Ҳиндистоннинг Гоа штати Фан ва технологиялар вазири Михаэль Лобо маълум қилган. 

“Футболга меҳр-муҳаббат ва ёшларимизнинг илтимосига кўра боғда Криштиану Роналду ҳайкалини ўрнатдик. У ёшларимизни футболда янги чўққиларга олиб чиқишга ундаш мақсадида ташкил этилди. Янги шаҳар жойини, ободонлаштиришни, пойдевор ва пиёдалар йўлаклари бўлган боғни кашф этиш менга шараф бўлди”,
деб ёзган Лобо Twitter’да. 

Бироқ, ҳайкал ўрнатилишидан норозилар ҳам топилган. Узоқ вақт давомида Гоа штати Португалиянинг мустамлакаси бўлган ва 60 йил олдин у Ҳиндистон юрисдикциясига қайтган. Шу боис маҳаллий аҳоли португалиялик футболчининг ютуқлари штатда абадийлаштирилаётганидан норози. 

Хабарларга кўра, кўпчилик ҳайкал ўрнатилишига норозилик билдириш учун қора байроқлар кўтарган. Шунингдек, танқидчилар Роналдунинг ўрнига ҳиндистонлик футболчиларни ҳурмат қилиш керак, деган фикрда. 

Эслатиб ўтамиз, Роналду “Globe Soccer Awards” йиллик тақдирлаш маросимида барча даврларнинг энг яхши тўпурари деб топилганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 529
Рейтинг: 2.9
t
×