Ҳиндистон ҳали-бери Покистон билан ярашмоқчи эмас

Олам

image
Ҳиндистон ва Покистон: кимнинг армияси кучлироқ? north_east

Ҳиндистон ва Покистон: кимнинг армияси кучлироқ?

Ҳиндистон яқин келажакда Покистон билан нормал муносабатларни тиклаш имкониятини кўрмаяпти. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Викрам Мисри парламентнинг Ташқи ишлар бўйича қўмитасининг ёпиқ йиғилишида сўзлаган нутқида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда Покистон билан нормал муносабатлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Жорий йилнинг 7 май куни бошланган Ҳиндистон ҳарбий амалиёти “Синдур” давомида Покистон Ҳиндистонни ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилмади, ҳар икки томон можарода оддий қуроллардан фойдаланган.

Вазир ўрибосарининг таъкидлашича, баъзи оммавий ахборот воситаларида Исломободнинг ядровий таҳдидлари АҚШ Президенти Дональд Трампни 10 май куни аралашишга ва Ҳиндистон-Покистон можаросини ҳал қилишда воситачилик қилишга мажбур қилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволар асоссиздир.

Покистон Мудофаа вазирлигига кўра, жорий йилнинг 6 майидан 7 майига ўтар кечаси Ҳиндистон томонидан содир этилган ҳужумлар оқибатида 40 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, яна 121 нафари жароҳатланган. 13 май куни бўлган сўнгги ҳарбий тўқнашувда Пкистоннинг 11 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган ва 78 нафари яраланган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон Покистон билан кескинлик туфайли аввалроқ ёпилган мамлакат шимоли ва ғарбидаги 32 та аэропортни очгани ҳақида хабар берилганди.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узганди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.

Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди. Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди.

30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.

7 майга ўтар кечаси тунда Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди.

8 май куни икки мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангида жами 125 та ҳарбий самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида жанг қилди ва бу авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бири бўлди. 

10 май куни Покистон Ҳиндистонга қарши “Баньян-уль-Марсус”, яъни “Мустаҳкам девор” деб номланган кенг кўламли ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Бу операция Ҳиндистон томонидан давом этаётган “провокациялар”га жавоб сифатида кўрилди. Покистон армияси Ҳиндистоннинг бир нечта ҳарбий объектларига зарба берган. Улар орасида Удхампур ва Патханкот авиабазалари ҳам бор. Бундан ташқари, “BraMoc” русумидаги кемага қарши товуш тезлигига эга ракеталар омбори йўқ қилинган.

Шу билан биргаликда, 10 май куни АҚШ билан музокаралардан сўнг, АҚШ Президенти Дональд Трамп Покистон ва Ҳиндистон зудлик билан ўт очишни тўхтатишга рози бўлгани ҳақида маълум қилганди. Исломобод ва Нью-Деҳли буни тасдиқлади. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, ўт очишни тўхтатиш маҳаллий вақт билан соат 17:00 да бошланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон-Покистон Синдур Викрам Мисри

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг