Ҳиндистон Покистонга ракеталар билан зарба берди. Исломободнинг жавоби қандай бўлади? (видео)
Олам
−
07 Май 9791 3 дақиқа
Бугун, 7 майга ўтар кечаси Ҳиндистон армияси Покистондаги “террорчилик” инфратузилмасига қарши қаратилган “Синдур” операциясини эълон қилиб, ярим тундан кейин мамлакатнинг Музаффаробод шаҳри атрофига ракета зарбаларини йўллади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги Покистондаги 9 та нишонга жами 9 та ракета зарбаси берилганини маълум қилди. Нью-Деҳли нишонлар Покистон ҳарбий объектлари эмаслигини алоҳида таъкидлади.
“Покистоннинг ҳеч бир ҳарбий объектига ҳужум қилинмади. Ҳиндистон мақсад ва усулларни танлашда анча вазминлик кўрсатди”, дейилган Ҳиндистон Мудофаа вазирлигининг хабарида.
Покистон Мудофаа вазирлиги Ҳиндистон мамлакат ҳудудига ракета зарбалари йўллаганини тасдиқлади. Ўз навбатида, Покистон жавоб чоралари кўрилишини таъкидлади.
“Ani” агентлиги маълумотларига кўра, барча зарбалар Ҳиндистон ҳудудидан юқори аниқликдаги қуроллар ёрдамида амалга оширилган. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам зарбалар Ҳиндистон ҳудудидан амалга оширилганини тасдиқлади ва унинг баёнотида Нью-Деҳли Покистон суверенитетини бузишда айбланди.
Маълумотларга кўра, Ҳиндистоннинг ракета зарбаси оқибатида Покистоннинг Котли шаҳрида икки тинч фуқаро ҳалок бўлган. Шарқий Аҳмадпур шаҳрида камида 12 киши жароҳатланган. Ҳиндистон иккита масжидга ҳам зарба берган. Кейинроқ Покистон Мудофаа вазирлиги 8 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Покистон расмийларига кўра, мамлакат армияси Ҳиндистоннинг 5 та қирувчи самолётини, жумладан, иккита Rafale самолётини уриб туширган.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Ҳиндистон ҳужумини “уруш ҳаракати” деб атади.
“Покистон Ҳиндистон томонидан жорий этилган ушбу уруш актига қатъий жавоб беришга тўлиқ ҳақли ва ҳал қилувчи жавоб аллақачон берилган”, деб ёзади у Х саҳифасида.
Покистон ҳам ҳаво ҳудудини 48 соатга ёпди ва Ҳиндистоннинг Кашмирдаги чегара ҳудудларига жавоб қайтарди. Мамлакат Қуролли кучлари Ҳиндистон армияси бригадаси штаб-квартирасига зарба бергани ҳақида хабар берди.
Шариф Миллий хавфсизлик қўмитаси йиғилишини ўтказди. Мамлакат Ахборот вазири Аттаулла Тарарнинг маълум қилишича, учрашув эртага, 8 май куни соат 10:00 га белгиланган. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистоннинг “ўйламасдан” қилган ҳаракатлари ядро қуролига эга давлатларни йирик можарога яқинлаштирганини айтди. Панжоб провинциясида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можаронинг кучайишини “шармандалик” деб атади ва унинг тезроқ ҳал этилишига умид билдирди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг айтишича, Гутерриш Ҳиндистоннинг ҳарбий амалиётидан жуда хавотирда. У ҳар икки давлатни максимал даражада ҳарбий вазминликка чақирган.
Ҳиндистон ҳукумати Россия, АҚШ, Буюк Британия, Саудия Арабистони ва БАА вакиллари билан боғланиб, уларга Покистонга қарши операция ҳақида хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 май куни “Satya Hindi” телеканали Ҳиндистон ҳаво кучлари Покистон билан чегарада юқори жанговар шай ҳолатга келтирилгани ҳақида хабар берганди.
Live
Барчаси