Ҳиндистон-Покистон чегарасида кетма-кет бешинчи кечада отишма бўлди

Олам

image

Бугун, 29 апрельга ўтар кечаси Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги назорат чизиғидаги Жамму ва Кашмирдаги чегара ҳудудида отишма бўлди. Бу ҳақда Ҳиндистон армияси баёнот берди.

“28 апрелдан 29 апрелга ўтар кечаси Покистон армияси Купвара ва Барамулла туманлари қаршисидаги Назорат чизиғи бўйлаб асоссиз ўқ узди”, дейилади баёнотда.

Ҳиндистон томони армия тез ва самарали жавоб берганини билдирди. Қурбонлар ҳақида эса маълумот йўқ.

Бу Жамму ва Кашмирда 26 кишининг ҳаётига зомин бўлган теракт ҳужуми ортидан Нью-Деҳли ва Исломобод ўртасидаги таранглик фонида Ҳиндистон-Покистон чегарасида сулҳ кетма-кет бешинчи кечада бузилиши бўлди.

Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Кашмир минтақасининг Ҳиндистон ҳудудидаги Пахалгам шаҳри яқинидаги сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланаётган сайёҳларга террорчилар ҳужум қилган эди. Оқибатда 26 нафар ҳиндистонлик ва 1 нафар Непал фуқароси ҳалок бўлди.

Шундан сўнг Ҳиндистон Покистонга нисбатан қатор чоралар кўрилишини эълон қилди. Хусусан, қуруқликдаги ягона очиқ чегара пункти Аттари ёпилишини ва Ҳинд дарёсининг суви тўсилиши билдирилди.

Бунга жавобан Покистон Ҳиндистон учун ҳаво ҳудудини ёпиб, Ҳинд дарёси сувининг тўсилиши уруш эълон қилиш сифатида баҳолашини маълум қилди. Бу орада икки давлат фуқароларини SAARC визасидан озод қилиш тизими тўхтатилди ва уларга тез фурсатда мамлакатларни тарк этиш буюрилди.

25 апрелга ўтар кечаси эса Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари Жамму ва Кашмирда жойлашган назорат чизиғи бўйлаб бир-бирига қарата ўт очди. Ҳозирча ҳар икки томон йўқотишлар ҳақида расмий маълумот бермаган. Ҳалок бўлганлар ёки яраланганлар бор-йўқлиги номаълум. Шунга қарамай, Нью-Деҳли ва Исломобод бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айбламоқда.

Маҳаллий нашрлар эса Покистон Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёси оқимини тўхтатиши ёки йўналишини ўзгартиришга уринишларини уруш ҳаракати сифатида баҳолаши ҳақида расман огоҳлантирганига қарамай мазкур дарё оқими тўлиқ тўсиб қўйганини хабар қилмоқда. Бу 1960 йилда имзоланган Ҳинд дарёси сув ресурслари бўйича битимдан буён биринчи марта кузатилмоқда. Мазкур шартнома сиёсий келишмовчиликларга қарамасдан, томонларни сув ресурсларини биргаликда бўлишишга мажбур қиларди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон Кашмир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг